Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
www.ziyouz.com кутубхонаси
97
ЛАЙЛАК КЕЛДИ
Кампир самовар қўяман деб ҳовлига чиқса, ноғора товуши эшитилгандек бўлди. Беихтиёр
осмонга қаради.
Чорбоғ этагидаги оқ терак учида ҳурпайган сават уяда лайлак турибди, у офтоб чиқаётган
тарафга қараб, томоғини тақиллатяпти.
— Ҳа, жонивор, келдингми? — деди кампир. Кампир бирдан бўшашиб кетди. Қандай қилиб
чой дамлаганини, неварасининг лой бўлиб кетган шимини қандай чўткалаганини билмайди.
Унинг хаёли жуда узоқларга кетиб қолган. Невараси портфелини кўтариб чиқиб кетганда ҳам
ҳар кунгидек орқасидан остонагача бормади, у дарахтзор оралаб
мактаб томонга кетгунча
кузатиб қолмади. Айвон даҳанига бедармон чўкканича қимирламай ўтириб қолди.
Лайлак ҳамон мунгли ноғорасини тарақлатади.
Кампир бу лайлакни танирди. Лайлак ҳам унга ўхшаш ёлғиз. Жуфтини қор қуюнлари
орасида йўқотган. Икки аламзада, икки ҳижронзада бир ҳафтача мана шу уйда дардлашишган.
Бирга йиғлашган...
...Урушнинг охирги йили, эрта кўклам эди. Хдли баҳор келмай,
кунлар исиб кетган, дов-
дарахт бемаҳал куртак очиб қўйган, деҳқон бир томчи ёмғирга зор кунлар.
Лайлак келди.
Лайлак қанотида кўклам олиб келади, дейишарди. Унинг бемаҳал ноғораси кўклам
келганига одамларни ишонтириб қўйганди.
Ўша кезлари Умрихон ҳувиллаб қолган уй остонасида ўтириб гоҳ йиғларди, гоҳ олисда жон
олиб, жон бераётган ўғлининг, эрининг дуои жонини қиларди.
Лайлак келган куннинг эртаси кечга бориб, ҳаво айниди. Умрихон бир кун аввал сандални
йиғиб ташлаган, ҳовлидаги ўчоқни суваб, айвонга жой қилганди. Кеч пайти қўзғалган изғирин
уни яна уйга ҳайдади.
Ташқарида изғирин увиллайди, дарахт новдаларини айқаш-уйқаш қилиб, очиқ қолган
эшикни ғичирлатади.
Изғирин қор бошлаб келди. Сал ўтмай том-тошлар оқарди.
У еттинчи чироқни олдига қўйиб, эрининг тўнини елкасига ташлаганича қунушиб ўтирарди.
Эшик ғичирлади. Аввалига у шамол эшикни очгандир, деб ўйлади. Кейин беихтиёр ўгирилди.
Ярим очиқ эшикдан лайлакнинг боши кўринди. Умрихон нималигини билмай сесканди.
Қимирламай, тикилганча тураверди.
Шамол эшикдан қор учириб кирди. Лайлак чўчиб уй ичкарисига қочди, лапанглаганича уй
бурчагига бориб қунуқиб олди. Умрихон ҳайрон эди. У ҳам лайлакдек қимирламай ўтираверди.
Аммо ташқарида шамол ҳар хуруж қилганда, ҳар гал қор эшикдан ёпирилиб кирганда лайлак
жойидан нари сурилар, кўзлари бесаранжом бўларди.
Умрихон ўрнидан туриб, эшикни зичлаб беркитиб келди.
Елкасидаги чопонини унинг
устига ёпмоқчи эди, лайлак ётсираб ўрнидан туриб кетди.
— Қўрқма, жонивор, қўрқма. Совқотибсан, кел, иситиб қўяй. — Лайлак тахмон тагига
бориб, бурчакка суқилиб олди. Умрихон унинг устига чопон ёпди. Елкада анча илиб қолган
чопон иссиғи унга хуш ёқди шекилли, бўйнини, иягини кўрпача устига узунаси қўйиб,
кўзларини мўлтиратганича ётаверди.
Умрихон ҳам жойига бориб ўтирди. У тиззасини қучоқлаганича унга тикиларкан, бир неча
дақиқада дунёни хаёлан кезиб чиқди. Уруш бўлаётган жойларга борди. Оловлар ичига кирди.
Ўғлини ҳам, эрини ҳам тополмади. Назарида, у ҳам шу лайлакдек мунгли, кимсасиздек бўлиб
қолди.
Ёғи тугаб, пилиги сўхта бўлган чироқ аста-аста хиралашиб, бир пўп этдию ўчди.
Умрихон қоронғида
тимирскиланиб жой солди, яна алла-паллагача у ёнбошидан-бу