www.ziyouz.com кутубхонаси
105
— Оббо, бу қанақаси, қоқ ярим кечаси хўрсиниб юриш...
Муроджон индамай нари кетди. Майкачан ҳовлига тушиб, уёқдан-буёққа юра бошлади. У
гўё мана шу ҳовлидан, ердан, қоронғилик ичидан болалигини, беозор, андуҳсиз гўдаклигини
қидираётгандек эди. Пошшақиз дераза олдида унга анча қараб турди-да, кафтининг орқасини
оғзига тутиб икки марта яхшилаб эснаб, ётоғига кириб кетди.
Тинч, жонли-жонсиз фараҳли уйқуга кетган сокин кечада кезаркан, Муроджон бирдан
болалигига рўпара келди.
Эшиклари олдида ўсган каттакон, танлари бужмайиб кетган тут тагидаги тегирмон тошига
онаси ҳар куни эрталаб икки кўзадан сув олиб чиқиб қуярди. Йўловчилар шу сувдан ичиб,
боланг катта бўлсин, умридан барака топсин, деб онасини дуо қилишарди.
Гўдаклигидан эсида қолгани шу. Кейин бўйи чўзилиб қолганда онаси тахи бузилмаган
бахмал кўрпани бузиб, унга тўн тикиб бергани, кийдириб мактабга юборгани ҳам эсида.
Ўшанда онаси мактаб остонасига етмай, йўл ўртасида қараб қолганди.
Муроджон ишга ярагудек бўлгунча она ер чопди, том шувади, девор урди, қор куради,
бировларнинг кўрпасини қавиди, тиним нималигини билмади, аммо боласини зориқтирмади.
У умрини шу боласига бағишлади. Эр қилмай ўтди.
Болам одам бўлсин, камолини кўрай, юртга қўшай, тўйларида чарчай, кейин болаларини
боқай, деди.
Ниҳоят, у ўғлини Тошкентга, техникумга етаклаб келди. Ўқишга жойлаб қайтиб кетди. Она
ҳар ойда бир келишни тарк қилмас, топган-тутганини боласининг қўлига тутқазиб, яна пиёда
Паркентга қараб кетарди. Муроджон ўқирди. Зеҳни ўткир бола муаллимларига ёқиб қолди.
Йиллар ўтди. Институт, уруш қийинчиликлари бошланди. Аммо она ойда бир келишни тарк
қилмасди. Ҳар келганида боласининг бетига соатлаб тикилиб ўтирарди. Озиб қолганини, ранги
сўлганини кўриб, ич-ичидан куйиб кетарди.
Аспирантура йиллари бошланди. Муроджон анча ўзини тутиб олган. Онасининг узоқ йил
босиб келишини хоҳламасди. Ўзи бориб келарди.
Диссертация ёқлайдиган куни онаси бир сават нон ёпиб келди. Муроджон минг хижолат
билан онаси қаршисида турарди. Она унинг ҳам қувонч, ҳам хижолат тўла кўзларига тикилиб,
ўғлининг кўнглида нима гаплар борлигини дарров фаҳмлади.
— Қани, бир кўрай, — деди она.
Мурод пиллапоя олдида турган ниҳоятда чиройли қизни чақирди. Бу Пошшақиз эди. Она
бўлғуси келинининг пешонасидан ўпиб йиғлади.
Диссертация ҳимоясидан кейин онани зиёфатга олиб кетишди. Уни тўрга ўтқазиб қўйиб, кўп
чиройли, кўп маъноли гаплар айтишди. Онасига раҳмат, дейишди. Бу онанинг бутун чеккан
азиятларига тўланган ҳақ, берилган мукофот эди. Бу онанинг энг бахтли куни эди.
У қишлоғига юриб эмас, учиб кетди.
Шундан кейин она ўғлининг тўйига келди. Тўй келинникида бўлаётган эди. Катта ҳовли
ясатилган. Дастурхонда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Аммо онага ҳеч ким парво
қилмади. У шу пайтда ўрдак тухумини очган товуққа ўхшарди. Тўй охирлаб қолганда аста
ўрнидан турдию ўғлининг олдига бориб, пешонасидан ўпди. Чўнтагидан бир пой тилла
билагузугини олиб келинининг билагига солди.
— Тақиб юринг, қанонам раҳматликдан қолган. Шундай деб Пошшақизнинг ҳам
пешонасидан ўпдию кўзёшини ичига ютиб, тўйдан чиқиб кетди.
Муроджон бир ҳафтадан кейин бориб, «олиб кетай» деб ялинди, она кўнмади.
— Нима қиласан, болам. Тинч бўлсанг бўлгани. Шу кунларингни кўрай, деб ният қилган
эдим, кўрдим.
Муроджон барибир уни қўярда-қўймай олиб келди. Ўн кун ҳам туролмади она.
Муроджон ишдан келса, онаси кийимларини тугиб, айвон даҳанида ўтирибди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |