www.ziyouz.com кутубхонаси
106
— Ҳа, ойижон, нима бўлди? — деди ҳайрон бўлиб.
— Кетай, болам, шаҳарларингда туролмаяпман. Қишлоққа ўрганиб қолганман.
Пошшақиз гапга аралашмади. «Қолинг» ҳам демади, «кетинг» ҳам демади. Муроджон
қайнона билан келин орасида бирон гап ўтганини дарров билди.
Онанинг бутунлай келгани Пошшақизга ёқмаганди. Қайнонасига коридордаги диванга жой
қилиб берганда, Муроджоннинг юрак-бағри эзилиб кетганди. Лекин оғиз ёриб бирон гап
айтолмади. Вақтида айтилмаган керакли гап эртасига жўн гапга айланади. Шундоқ бўлди.
Онасининг коридорда, оёқ остида ётиши бора-бора оддий нарсага айланганини Муроджон
сезмади.
Она ўғлиникига қайтиб келмади. Муроджон бориб турди. Рўзғорини қилиб берди. Отасидан
қолган уй нураб тамом бўлай деб қолган экан, бошқатдан тиклаб берди. Аммо она «хотининг
ундоқ, хотининг бундоқ» деб оғиз очмади. «Ҳа, энди қўшақаринглар, ўзларингдан
кўпайинглар» деб дуо қилди.
Пошшақиз ҳамма гапни ичига ташлаб юрган экан, бир кун келиб ёрилди.
— Қанақа эркаксан? Уйланганингдан кейин рўзғорга қарагин-да, топганингни онангга
ташийверасанми?!
Бу Пошшақизнинг ўз эрини биринчи сенлаши эди. Муроджон нима қилишини, нима
дейишини билмай қолди. Тилига бирон оғиз бўлса ҳам гап келмади. Туриб-туриб уйга кириб
кетди.
Шу кундан бошлаб уларнинг турмуши дарз кетди. Дам олиш кунлари Пошшақиз атайлаб
унга иш топиб қўяди, кўчага чиқармасди. Муроджон эса, бугун дам олиш куни, онам кўчага
қараб ўтиргандир, деб безовталанарди.
Муроджон икки ойча онасининг олдига боролмади. Бир дам олиш куни жаҳл билан чиқиб
кетдию қишлоққа жўнади. Хотини чўнтагини қоқлаб қўйган экан, қуруқдан-қуруқ кириб борди.
Шундоқ келганига бошқа баҳона айтган эди, кампир кўзёш қилди.
— Болам, қўлингга эмас, дийдорингга қарайман. Ўзингни кўрсам бўлди. Майли, болам,
рўзғоринг аччиқ бўлмасин. Сен келолмасанг ҳам, ишхонангга бориб, узоқдан ўзингни кўриб
турибман. Қандоқ қилай, пешонамда биттагинамсан.
Муроджоннинг вужудини титроқ босди. Лабларигача кўкарди. Она унинг ҳолатини кўриб
қўрқиб кетди.
— Тур, болам, тур. Хотининг кутиб ўтирганини биласанми?
Она уни катта йўлгача кузатиб қўйди.
Орадан бир ойча ўтиб кетди. Муроджон ишдан қайтиб, аччиққина чойга маҳтал бўлиб
турган эди. Пошшақиз ёнига келиб ўтирди. Елкасини унинг елкасига ишқаб деди:
— Жон Мурод ака, жо-он Мурод ака, аспирант қизларингизга айтинг, келиб деразаларимни
ювиб берсин.
Муроджон сапчиб ўрнидан турди.
— Бу қанақа гап! Аспирантлар консультация олгани келади, сизга дастёрлик қилишга эмас.
Келган аспирант болаларга девор урдирибсиз, қизларга кир ювдирибсиз. Уят эмасми? Эртага
институтда қандоқ бош кўтариб юраман?
Пошшақиз энсаси қотиб, индамай кетаётган эди, Муроджон деди:
— Битта чой дамлаб беринг, юрагим куйиб кетди. Пошшақиз орқасига қарамай, жавоб
қилди:
— Ана газ, ана чойнак, ўзингиз дамлаб ичаверинг! Муроджон жаҳл билан ўрнидан турди.
Столдаги чойнакни олаётган эди, ялтироқ стол доғ бўлмасин, деб чойнак тагига буклаб
қўйилган қоғозга кўзи тушди. Беихтиёр олиб очди. Телеграмма экан, ўқиди:
«Муроджон ука, ойингнинг мазаси йўқ. Ғаниматга ўхшайди. Тез етиб кел. Дилингда армон
бўлиб қолмасин».
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |