43
Унинг ваъдаси ҳеч қачон амалга ошмас ва оғзидан чиққан заҳоти
бузилганди. Ахир қанақасига у ҳаётимда бўлмагандек яшашим мумкин?
Аллақачон икки томонлама ҳам бузилган ваъда учун ўзимни
қийнаётганим аҳмоқлик.
Шундай экан, энди яна бир аҳмоқлик қилсам
қилибман-да! Кўз ёшларим орасидан кинояли жилмайдим. Бу билан бир
оз азобим камайгандек бўлди. Форксда ўйламай иш қилишнинг ўзи
қийин. Лекин фикримни йиғиб ўйлай бошладим. Бир йўлини қилишим
керак. Балки ваъдамнинг устидан чиққанимда осонроқ бўлармиди,
лекин... Кўз ёшларимни артиб совуқ ёмғирга тикилдим, кейин қаерда
турганимни аниқлаш учун атрофга алангладим. Шаҳар чеккасида
жойлашган Марксларнинг уйи остонасида турардим. Қачон бу ерга келиб
қолдим? Тезроқ қайтмасам, дадам қидириши мумкин. Шу маҳал
Маркслар уйи ёнидаги ёзув диққатимни тортди. Бу тақдирми ёки
тасодиф? Маркслар ҳовлисида бузилган мотоцикллар ётар ва ёғочга
"Сотилади" деган ёзув илинганди. Дадам доим мотоциклларни аҳмоқлар
учун яратилган дерди. Бу балки йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари
бузилганига кўп бора дуч келгани сабаблидир. Ўрмоннинг илонизи
йўлларида кескин бурилишлар кўп бўлгани сабабли автоҳалокатлар ҳам
кўп содир бўларди. Мотоцикл сабаб кўп
қурбонларни кўрган дадам ўн
ёшимда мендан “Ҳеч қачон мотоцикл
ҳайдамайман”
деган ваъдани
олгани эсимга тушди.
Аслида маҳаллий аҳоли мотоциклда юришни ёқтиришмайди. Серёмғир
ҳавода мотоцикл ҳайдаш худди ваннага тушиб, соатига 60
километр
тезликда юришдек гап эди. Шу пайтгача дадамнинг гапини икки
қилмадим. Қанчадан- қанча ваъдаларнинг устидан чиқибман? Лекин
натижаси нима бўлди? Энди эса ҳаммасига тупураман! Хаёлимга келган
жинниликни қиламан! Шу аҳд билан Маркслар эшигини тақиллатдим.
Оиланинг кичиги эшикни очди.
― Белла Свон? ― ҳайрон бўлди у мени кўриб.
― Мотоциклинг учун қанча сўрайсан? — дедим совуқдан тишим
такиллаб.
― Жиддий гапиряпсанми? Бузилган-ку, улар!
Кўриб турибман дегандек елка қисдим ва “Қанча?” деб қайта сўрадим.
― Агар ростдан ҳам хоҳлаётган бўлсанг, унда шундоқ олиб кетавер.
Барибир ойим ахлатхонага чиқариб ташлашни буюрганди.
― Ростданми?
― Рост. Онамдан сўрашинг мумкин.
Бу ишга катталарни аралаштиргим келмади.
Унда бу гап дадамнинг
қулоғига етиб бориши осон бўлади.
Шундан кейин болакай менга бирйўла иккаласини ҳам олиб кетишни
таклиф қилди.
― Баъзи қисмларидан фойдалансанг, иккитасидан
битта ясаш мумкин
бўлади, — деди у катталардек жиддий. Кейин бир уюм темир-терсак
орасидан мотоциклларни олиб машинам кузовига ортишга ёрдам берди.
Do'stlaringiz bilan baham: