Ҳозирги замон араб мамлакатларида сўзлашув ҳолати ва таълим тизими
Таянч иборалар: Араб давлати, таълим тизими, тил ҳолати, Миср лаҳжаси, маданият ўчоғи, иероглиф, Араб тили академияси, француз тили, барбар, ливия, элат, Тунис тили, форс кўрфази, маориф, Фаҳд мамлакати, бошланғич мактаб, нефть, минерал.
Миср Араб Республикаси. Маълумки, ҳозирда 23 араб давлати мавжуд бўлиб, улар орасида умумий муомала тили араб адабий тили ҳисобланади. Араб адабий тили тизимига кирувчи Мисрдаги сўзлашув ҳолатига назар солинса, бу давлатнинг араб мамлакатлари ичида нисбатан йирик ҳамда иқтисодий ва маданий жиҳатдан яхши ривожланганроғи эмас, балки Миср мисолида барча араб давлатлари сўзлашув тилининг бир манбадан келиб чиққанига амин бўламиз. Мамлакат аҳолисининг 90% Нил водийси ва Сувайш канали минтақаларида яшайди. Мисрда сўзлашув ҳолати такомиллашувига охирги йиллардаги урбанизация (шаҳарлар кенгайиши)нинг кескин ошиши сабаб бўлди. Қоҳира ва Исмоилияда мамлакат аҳолисининг 25% дан кўпроғи яшайди. Мамлакатнинг жанубий ғарбида яшовчи, кам сонли африка тилида сўзлашувчилар, арманлар, греклар ва бошқалар сўзлашув ҳолатига таъсир кўрсата олмаганлар.
Тарихдан маълумки, Миср Араб Республикаси қадим-қадимдан маданият ўчоғи бўлиб ҳисобланган. Инсоният цивилизациясининг тараққий эта бошлаган энг аввалги маскани ҳам Миср ҳисобланади. Илк ёзув, яъни иероглифлар ҳам биринчи бўлиб шу давлатда пайдо бўлган. Миср ҳозирги кунда ҳам сайёҳлар назаридан четда қолмаётган ва дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлмиш пирамидалари билан машҳурдир.
Мисрнинг расмий тили араб тилидир. Бу тил бошланғич, ўрта таълим мактабларида ҳамда тил билан боғлиқ бўлган билим юртларида ва олий ўқув юртларида ўқитилади. “STATISTICAL YAERBOOK” маълумотномаси хабарларига кўра, 1952 йилги инқилоб арафасида мамлакат аҳолисининг қарийб 90% саводсиз бўлган. Сўнгра аста-секин бу рақамлар қисқара борди. Мамлакат таълим тизимида дарслар асосан араб тилида олиб борилади. Дарс мобайнида араб атамалари билан бир қаторда, инглиз илмий терминлари ҳам қўлланилади. Олий маълумотлилар сони ошиши натижасида адабий тилга ҳам, кундалик муомала тилига ҳам айрим атамалар киритилди. Бундай ишларни 1932 йилда Қоҳирада таъсис этилган “Араб тили академияси” бажаради. Адабий тилнинг классик ва замонавий вариантларида Миср кундалик муомала тили ва ҳудудий лаҳжалар бор. Кундалик муомала тили маиший ҳаётда, норасмий алоқаларда шунингдек мамлакатда яшовчи бошқа миллат вакиллари билан мулоқот тилидир.
Минтақа шевалари бир-бирига фонетик ва грамматик жиҳатдан яқинлиги нуқтаи назаридан қуйидаги 3 лаҳжага ажратилади:
Шимолий Миср лаҳжаси.
Жанубий Миср лаҳжаси.
Шарқий Миср лаҳжаси.
Бу лаҳжалар орасида ўзига яраша ўхшашликлар мавжуд.
VII асрда Мисрни араблар истило қилгандан кейин ислом диний мактаблари кўплаб очила бошлади. X асрда ал-Азҳар мусулмон университетига асос солинди. Дастлабки дунёвий ўқув юртлари XIX асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлди. Хорижий ва маҳаллий хусусий мактаблар барпо этилди. 4 йиллик бошланғич мактаб энг кўп тарқалган ўқув маскани эди. 1956 йилда барча болаларга 6 ёшдан мажбурий бепул бошланғич таълим бериш ҳақидаги қонун қабул қилинди. 1962 йилдаги декрет мактабгача тарбиядан олий ўқув юртигача бўлган барча давлат ўқув юртларида бепул таълимни жорий этди. Эндиликда болалар учун 6 ёшдан бошлаб 6 йиллик бошланғич таълим, сўнгра 3 йиллик тўлиқсиз тайёрлов мактаби, уч йиллик тўлиқ ўрта мактаб мавжуд. Барча босқичларга эга бўлган хусусий мактаблар ҳам бор. Ҳунар-техника таълими эса, ҳунар-билим юртлари, ҳунар марказлари, ўрта махсус ўқув юртлари ва 5 йиллик техника мактабларида олиб борилади.
Олий таълим тизимига университет, институт ва 4 йиллик коллежлар киради. Мамлакатдаги 14 университетнинг энг йириклари Қоҳира, Айн уш Шамс, Искандария, Америка, ал Азҳар университетлари бўлса, энг йирик институтлари ал Мансура, Қоҳирадаги Политехника институти ва Асвондаги Индустриал институтидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |