Марк Фабий Квинтилиан (эрамизнинг 35-96 йй.) – машҳур римлик нотиқ ва педагог. У ўз мактаби тажрибалари ва антик дунёдаги педагогик фикрларга асосланиб, педагогик масалаларни акс эттирган биринчи махсус қўлланма – “Нотиқни тарбиялаш ҳақида” номли асарини яратган.
Аллома оилада болаларни тарбиялашга эътибор қаратиб, бола шахсининг ривожланишида унинг табиий қобилиятларини ҳисобга олишга катта аҳамият беради. Унинг фикрича, “билишга интилиш иродага боғлиқ, мажбуран ўқитиш мумкин эмас”23.
Квинтилиан болалар катта тантаналарда иштирок этадиган ҳамда катталарнинг ножўя хатти-ҳаракатларининг гувоҳи бўладиган Рим жамиятининг юқори қатламларидаги оила тарбиясини қаттиқ танқид қилади. У ота-оналардан бола таъсирчан бўлиши, унда яхши ва ёмонликнинг осон илдиз отишини эсда тутишни талаб қилди ва тарбиячи-педагогларни танлашда ҳам бунга эътибор қаратиш зарурлигини уқтиради.
Алломанинг педагогик қарашларида оилада болаларни нотиқлик санъати асосларини эгаллашларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлигига оид фикрлар ҳам мавжуд. Ўткир хотира, бадиийлик, тўғри талаффуз, ёрқин нутқ ва бой мимика бўлажак нотиқни шакллантиришда муҳим омиллар саналади. Квинтилианнинг фикрича, оилада бўлажак нотиқни тарбиялашда болаларни шеър ёд олишга ўргатиш энг самарали восита саналади. Аллома ўз даврида бугунги кунда ҳам таълим жараёнида қўлланилаётган шеърни ёд олиш методикасини асослаган. Машҳур педагог биринчи бўлиб, шеър ёдлаш методикасини қуйидагича асослайди:
Шеърни тўлиғича ўқиш.
Шеърни мантиқий жиҳатдан қисмларга ажратиш.
Шеърнинг ҳар бир қисмини ёдлаш.
4. Шеърни тўлиғича ифодали ўқиш24.
Машҳур педагогнинг фикрича, болаларнинг қобилиятлари қуйидаги белгиларда намоён бўлади: кучли хотира, ўткир зеҳн, тезкор фикрлаш, эгалланган билимларни узоқ вақт сақлаш, болада жуда ёшликдан ривожланган тақлидчилик25.
Европа Уйғониш даври мутафаккирлари асарларида оила тарбияси масалаларининг ёритилиши. XV-XVII асрларда Ғарбий Европада илм-фан, маданият, шу жумладан, санъат ва адабиётда Уйғониш (Ренессанс) даври кузатилди. Европада Уйғониш даври ўз-ўзидан содир бўлмай, бевосита Марказий Осиёда рўй берган Уйғониш даври асосида юз берди. Европа Уйғониш даври ҳам ўзида муайян белгиларни намоён қилди. Улар қуйидагилардан иборатдир:
- жаҳолат ва мутаассибликни рад этиш;
- инсонни улуғлаш; унинг истеъдоди, ақлий имкониятларини юзага чиқариш;
- антик давр (қадимги Юнон ва Рим) маданиятини тиклаш ва бойитиш;
- адабиёт ва санъатда боқий дунёни эмас, ҳаёт гўзалликларини куйлаш;
- инсон эрки учун кураш.
Тарихдан маълумки, XV-XVII асрларда илм-фан соҳасида қўлга киритилган ютуқлар, Буюк географик кашфиётлар инсониятнинг олам, унда кечадиган ҳаракат қонуниятлари тўғрисидаги тасаввурларини ўзгартириб юборди. Шунингдек, маданий алоқаларнинг кенгайиши учун имконият яратди.
Европа Уйғониши даврида илм-фан ва маданият соҳаларида инсоният тарихий тараққиётига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилган илмий билимлар ҳамда адабиёт, санъат соҳаларида дурдона асарлар яратилди. Бунинг натижасида қадимги Юнон ва Рим маданиятининг қайта тикланишига муваффақ бўлинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |