Уильям Шекспир (1564-1616 йй.) Уйғониш даврининг истеъдодда тенгсиз вакилларидан бири, актёр ва драматург эди. Алломанинг асарлари оилада болаларнинг тарбиясини ташкил этишга масъулиятли ёндашиш зарурлигини ифодалашга хизмат қилади. У.Шекспир асарлари ёшларда қатъиятлилик, иродалилик, тўғрисўзлик, жасурлик, шунингдек, хиёнат, сотқинлик ва иккиюзламачиликдан нафратланиш, тубанликка қарши курашиш каби сифатларни самарали тарбиялашга имкон яратади. Адиб ёшларни ҳаётда бахтли бўлишга эришиш учун курашишга, инсонни севишга, қийинчиликлардан қўрқмай уларни мардона енгишга даъват этади.
Драматург асарларининг деярли барчасида оила ва оилавий муносабатларнинг муайян қирралари ёритилган. М: “Отелло” трагедиясида Отелло сиймосида айрим салбий омиллар (туҳмат)нинг таъсирида оиланинг бузилиши ифодаланган бўлса, “Қирол Лир” асарида эса қирол Лирнинг фарзандлари тарбиясида йўл қўйган хатоларининг аянчли оқибатлари ёритилган. Қирол Лир фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор қаратмаганлиги сабабли дарбадар ҳаёт кечиришга, гадоликка маҳкум этилади. Оилалар ўртасидаги ўзаро душманлик, нафрат, ҳасад туфайли эса Ромео ва Жулетталар ҳалок бўлади.
Айни ўринда шуни айтиб ўтиш жоизки, адиб қаҳрамонларини ҳеч қандай омил “эркинлик” деб аталувчи юксак, эзгу, ёруғ туйғудан воз кечишга мажбур қила олмайди. Адиб ўз асарларида оила муҳитида бола ҳар томонлама шаклланиши учун унинг эркин бўлиши муҳимлиги кўрсатилган. Қолаверса, шахснинг камолотга эришишида оилада ташкил этиладиган маънавий-ахлоқий тарбиянинг алоҳида ўрин тутиши бадиий образлар орқали таъсирчан ёритилган.
Европа Уйғониш даврининг яна бир мутафаккири Томас Мор (1478-1555 йй.)дир. Адиб ўзининг “Утопия” асарида шахсий манфаат жамият ривожи учун зарарли, аксинча, барча фуқароларнинг ижтимоий-фойдали меҳнатда бирдек фаол иштирок этишлари ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили эканлигини таъкидлаш орқали иккита муҳим тамойилни илгари сурган. Муаллиф тасаввурларининг маҳсули бўлган Утопия давлати (илмий асосга эга бўлмаган идеал жамият)да барча фуқаролар меҳнат қилишга мажбурдирлар. Бундан ташқари бу каби жамиятда аёл ва эркак, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тенглиги эътироф этилади, унга кўра ҳатто болалар ҳам ўқиш билан меҳнатни бирга олиб боришлари зарур. Томас Мор ўз асарида болаларни оилада тарбиялашда меҳнат воситасида, жамоа ёрдамида ва жамоада тарбиялашнинг аҳамиятини кўрсатишга уринган.
Адибнинг болаларни она тилини севишга ўргатишни оиладан бошлаш муҳимлиги ҳақидаги ғояси бугунги кун учун аҳамиятлидир. Шу билан бирга Томас Мор боланинг соғлом ўсиши учун оилада жисмоний тарбияни йўлга қўйиш, ҳар қандай йўналишдаги тарбия жараёнида ота-оналарнинг шахсий намуна кўрсатишлари, фарзандларга ҳунар сирларини ўргатишда кўргазмалиликка эътибор қаратишлари борасидаги фикрлари ғоят аҳамиятлидир.
Европа Уйғониш даврининг етакчи сиймоларидан яна бири – Томазо Кампанелла бўлиб, унинг педагогик ғоялари “Қуёш шаҳри” асарида ўз ифодасини топган.
“Қуёш шаҳри” ҳам худди Томас Морнинг “Утопия” асари каби ижтимоий бирлик, меҳнатнинг умумий ва мажбурийлик характерига эгалиги тамойилларига асосланувчи, фуқаролари илм-фан ва санъат билан шуғулланиш имкониятига эга бўлган давлат. Томазо Кампанелла Томас Морга нисбатан бир қадар ривожланган жамиятда болаларни тарбиялаш тизими хусусида сўз юритади. Мутафаккирнинг қайд этишича, давлат ҳатто бўлғуси авлоднинг соғлом бўлиши учун эркак ва аёлнинг турмуш қуриши ҳақида қайғуриши, бу жараённи назорат қилиши зарур.
Томазо Кампанеллининг фикрича, болани икки ёшидан бошлаб ижтимоий муносбатларга тайёрлашни бошлаш, уч ёшида кўргазмали воситалардан самарали фойдаланган ҳолда тўғри талаффуз қилишга, алифбони ўрганишга жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Шу даврларда болаларнинг жисмоний тарбиясини кучайтириш, саккиз ёшидан бошлаб эса уларни тизимли равишда ўқитишни бошлаш керак. Ўғил болалар ўн тўққиз ёшга тўлгач, ҳарбий тайёргарлик кўникмаларини ўзлаштира олиши зарур. Мутафаккир ўз асарларида ҳатто аёлларга ҳам ҳарбий таълим беришни ижтимоий зарурият деб ҳисоблайди. Бунинг сабаби урушлар шароитида уларнинг ҳам иштироки мумкинлигидир. Қисқа қилиб айтганда, Т.Кампанеллининг ғоялари оила тарбияси билан ижтимоий тарбияни ўзаро уйғун ҳолда олиб боришни тарғиб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |