Аристотель (мил. ав. 384-322 йй.) – қадимги Юнонистонда ўзига хос фалсафий-педагогик таълимот яратган машҳур мутафаккир. Унинг оила тарбияси билан боғлиқ фикрлари, айниқса, диққатга сазовор. Алломанинг фикрича, жамиятни давлатдан ажратиб бўлмайди. Аристотель жамият аъзоларини қуйидаги уч тоифага ажратади:
бойлар;
ўрта ҳоллар;
камбағаллар.
Файласуф бой ҳамда камбағаллар тоифасини хуш кўрмайди. Зеро, унинг фикрича, жамиятдаги барча нохушликлар, сиёсий беқарорлик, турли таҳдидлар айнан шу тоифа кишиларининг хатти-ҳаракатлари эвазига юзага келади. Аҳолининг энг идеал тоифаси – ўрта ҳол кишилар саналади. Улар туфайли жамият ривож топади, юртда тинчлик ўрнатилади, вазият барқарорлашади.
Ўз асарларида оила ва оилавий муносабатлар масаласига тўхталиб ўтар экан, файласуф оила муҳитида шахсда таркиб топадиган эзгу фазилатларни ҳам уч гуруҳга ажратади. Улар:
дианоэтикага асосланган (интеллектуал) фазилатлар (улар, асосан, таълим-тарбия жараёнида унинг натижаси сифатида шаклланади);
ақлга асосланган фазилатлар;
ахлоқий иродага асосланган фазилатлар (улар урф-одатлар таъсирида шаклланади).
Инсоннинг бахт-саодати ҳақида фикр-юритиб, мутафаккир уни умрнинг куч-ғайрати, энергияси дея таърифлайди. Ҳар қандай шахс эзгу фазилатлар ҳамда бу билан боғлиқ равишда бахт-саодат соҳиби бўла олмайди. Эзгу фазилатларни ўзида намоён қила олган инсонгина бахтли, саодатли бўлишни даъво қила олади.
Алломанинг фикрига кўра, эзгулик ижтимоий субъектларнинг табиатига хос деган фикр нотўғридир. Табиат уларга фақатгина эзгу фазилатларга эга бўлиш имконини беради. Уларнинг соҳибига айланиш эса кишиларнинг ўзига, уларнинг хоҳиш-иродасига, фаоллигига боғлиқ.
Аристотель тарбия мақсадини инсон руҳиятининг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда белгилайди. Алломанинг ёндашувига кўра, ақл ва ироданинг ривожланиши шахс ривожининг юқори даражасидир. Шу сабабли Аристотель болаларни тарбиялашда табиийлик, табиат билан ўзаро уйғунлик, жисмоний камолот, ахлоқий етуклик ва ақлий салоҳиятни, қолаверса, уларнинг ёш хусусиятларини инобатга олиш зарурлигини уқтиради.
Халқнинг ҳафта давомийлигини етти кунга бўлишига таянган ҳолда оила тарбияси даврини йигирма бир йил деб белгилайди. Бу даврни қуйидаги уч босқичга ажратади:
1-босқич – туғилгандан бошлаб етти ёшгача;
2-босқич – етти ёшдан ўн тўрт ёшгача;
3-босқич – ўн тўрт ёшдан йигирма бир ёшгача.
Эътиборли жиҳати шундаки, аллома оила тарбиясини ташкил этишда ҳар бир ёш босқичи негизида тарбия мақсадини аниқ белгилашни, мазмунини шакллантиришни ҳамда методларни танлаш оқиолна ёндашув эканлигини қайд этади.
Аристотель биринчи босқичда болаларнинг тарбиясида оила муҳим ўрин эгаллашига алоҳида эътибор қаратади. Шахс ҳаёти давомида нималарни ўрганиши зарур бўлса, гўдаклигидан бошлаб ўшаларни ўргатиш кераклиги тўғрисидаги ғоя алломанинг оила тарбиясига доир қарашлари асосини белгилаб беради.
Алломанинг фикрича, болаларнинг ахлоқий тарбияси ахлоқий мазмундаги хатти-ҳаракатларни машқ қилиш (ҳаракатларни тез-тез ихтиёрий такрорлаш)га асосланади. Болаларнинг ахлоқий тарбиясида асосий масъулият ота-оналарнинг зиммасида эканлигини таъкидлар экан, Аристотель уларнинг ўзлари ҳам ахлоқ борасида фарзандларга ўрнак, ибрат бўлишга чақиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |