Рус педагогларининг оила педагогикасига оид қарашлари. Машҳур рус ёзувчилари – А.И.Герцен, К.Д.Ушинский, Л.Н.Толстой ва Н.А.Добролюбовлар тараққиётпарвар шахслар сифатида жамият ҳаётига дахлдор, хусусан, оила тарбияси самарадорлигини оширишга доир илғор фикрларни илгари суришган. Бошқа маърифатпарварларнинг педагогик ёндашувларидан фарқли улар оила тарбиясининг имкониятларини янада кенг, алоҳида ажратиб кўрсатишга уринганлар.
Александр Иванович Герцен (1812-1870 йй.) ўз даврида биринчилардан бўлиб, дворян оилаларида болаларни ўқитиш ва тарбиялашга йўналтирилган ҳаракатларнинг ташкил этилишини кескин танқид қилди. Адиб дворян оилаларида йўлга қўйилаётган тарбияни “қуллик ва мустабидлик мактаби” деб номлади. Образли равишда бундай оилаларда тарбияланаётган болаларни замонавий либослар осиб қўйилган гардеробга қиёслади. А.И.Герциннинг фикрича, дворян оилаларидаги тарбиячилар “болаларнинг қотиллари” бўлиб, улар болаларни ақлий ва ахлоқий жиҳатдан нопоб қилиб ўстирадилар, холос.
Адиб оила тарбиясини “муҳим аҳамиятга эга ижтимоий иш”, деб баҳолайди. Шу сабабли ота-оналар болаларни тарбиялаш борасида жамият олдида мажбур, бурчли эканликларини қайта-қайта уқтиради.
А.Герцен аёлларнинг эркаклар билан ижтимоий тенглигининг тарафдори эди. У аёлларнинг фаолияти фақат болани тарбиялаш билан чегараланмаслиги таъкидлайди: “Аёлларнинг оилавий вазифаси ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг ижтимоий ролига таъсир этмайди. Дунё эркаклар сингари аёллар учун ҳам бирдек очиқ”. Адибнинг қайд этишича, аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки унинг тарбиявий ролини кучайтиришгагина хизмат қилади. Бундан ташқари, у аёллар тўлақонли таълим олишлари керак, деган ғояни ёқлаб чиққан.
Отанинг бола тарбиясидаги роли ниҳоятда масъулиятли, болаларнинг тақдири отага боғлиқ эканлигини уқтирган А.Герцен ўз болаларининг тарбиясига жиддий эътибор қаратди: “Агар болалар ёмон йўлга кириб кетишса, бу менинг айбим бўлади”. Адиб фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор қаратди, улар учун тарбиячиларни ўзи танлади, доимий равишда уларнинг фаолиятини кузатиб борди ва йўл қўйган хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилди.
А. Герцен асосий эътиборни тарбиянинг ғоявий моҳиятига қаратиб, барча имкониятидан фойдаланган ҳолда фарзандларининг ватанпарвар, инсонпарвар, ўзгаларга ғамхўр, меҳрибон, шахсий орзу-умидларга нисбатан эса садоқатли бўлиб вояга етишлари учун ҳаракат қилди.
Адиб ҳар бир оиланинг муайян қадриятларга эга бўлиши муҳимлигини, бунинг учун ота-она ва фарзандлар, оиланинг барча аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббатни шакллантириш зарурлигини қайд этган. Болалар ёшлигиданоқ бир-бирларига, оиланинг барча аъзоларига нисбатан муҳаббатларини намоён эта олиш, яқин кишилар ҳақида ғамхўрлик қилишлари керак.
А.И.Герценнинг болаларда мустақил фикрлаш қобилиятини, онгли хулқ-атворни шакллантириш оиланинг асосий вазифаси эканлиги борасидаги фикрлари бугунги кун учун ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Рус педагоглари орасида Константин Дмитрий Ушинский (1824-1870 йй.) муносиб ўрин тутади. Педагогик фаолиятини илмий-ижодий иш билан қўшиб олиб борган К.Д.Ушинский “Болалар дунёси” (“Детский мир”), “Муаллимлар учун қўлланма” (“Пособие для учителей”), “Шахс – тарбия предмети сифатида” (“Педагогик антропологиядан тажриба”) каби асарларида оила ва унинг бола тарбиясидаги ўрни масаласи батафсил ёритилган.
К.Ушинский мактабгача таълим ва тарбиянинг табиий воситаси – оила деб ҳисоблади. Бинобарин, оилада болалар борлиқ ҳақидаги дастлабки тушунчаларга эга бўлади, энг оддий билим ва кўникмаларни эгаллайди, одатларни ўзлаштиради, ўз қобилиятларини ривожлантиради. Бола шахсининг ривожланишида ота-она ва тарбиячилар асосий ролни ўйнайди, уларнинг ҳаёти, фаолияти, хулқ-атвори, муомаласи болалар учун намуна бўлиб хизмат қилади. Масъулиятли фуқаролик бурчларини бажариш учун ота-оналар болаларга нисбатан ғамхўрликларини ижтимоий аҳамиятли талаблар билан уйғунлаштира олишга эришишлари лозим. Бунинг учун ота-оналар педагогик билимларга эга бўлишлари, педагогик адабиётлар билан танишиб боришлари, тарбиявий иш услубини, тарбиячиларни тўғри танлай билишлари, фарзандларининг келгуси ҳаёт йўлини аниқлашга онгли ёндаша олишлари лозим.
Рус ёзувчиси Наталья Григорьвна Долинина (1928-1979 йй.) ҳам ўз очеркларида оила шароитида болаларни ахлоқий тарбиялаш масалаларини кенг ёритди. Адибанинг педагогик ғояларни ўзида акс эттирган асарлари сирасида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: “Менинг ўқувчиларим ва уларнинг ота-оналари” (“Мои ученики и их родители”; 1959 й.), “Нон қанча туради?” (“Сколько стоит хлеб?”; 1963 й.), “Катталар ёки болалар?” (“Взрослые или дети?”; 1965 й.), “Қадрли ота-оналар” (“Дорогие родители”; 1975 й.), “Онегинни биргаликда ўқиймиз” (“Прочитаем “Онегина” вместе”; 1968 й.), “Печорин ва бизнинг давр” (“Печорин и наше время”; 1970 й.) каби очерклар, “Биз Серёжа билан эгизакмиз” (“Мы с Сережкой близнецы”; 1962 й.), “Турли одамлар” (“Разные люди”; 1976 й.) каби қиссалар; “Ота” (“Отец”; 1974 й.) номли автобиографик қисса.
Хулоса қилиб айтганда, оила тарбияси ва уни самарали ташкил этиш масаласи хорижий мамлакатларида барча даврлар учун муҳим ижтимоий муаммолардан бири сифатида эътироф этиб келинган. Ҳар бир давр ва маконда ҳам жамиятнинг илғор кишилари – мутафаккирлар, маърифатпарварлар ва педагоглар болаларни оила шароитида тарбиялаш, бу борада юқори самарага эришиш масалаларини тадқиқ этишга жиддий эътибор қаратганлар. Улар томонидан яратилган аксарият асарларда оила тарбиясининг самарали ташкил этилиши ижтимоий тараққиётни кафолатлаши, шу сабабли болалар тарбиясини ташкил этишда ота-оналарнинг масъул эканликлари баён этилган. Ота-оналар томонидан болаларнинг етук шахс сифатида тарбиялашга эришилишида уларнинг педагог билимларга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, улар педагогик билимларни ўзлаштириш орқали болаларни оила муҳитида етук шахс қилиб тарбиялашга имкон берадиган самарали метод ва воситалардан хабардор бўладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |