Дихатомик ёки айрисимон шохланиш. Шохланишнинг бу типида ўсиш конуси айри шаклида тенг иккига бўлиниб, ундан иккита тенг куртак ва улардан ўз навбатида ҳосил бўладиган иккита тенг инициал ҳужайра ҳосил бўлади. Кейинги ҳосил бўладиган новдаларда ҳам бу хусусият такрорланади. Айрисимон шохланишда ўсимлик танасининг ўсиши, ўсиш конусидаги бошланғич ҳосил қилувчи ҳужайранинг тенг иккига бўлиниб, ҳар бири мустақил равишда тараққий этиши натижасида содир бўлади. Ўсимликлар оламининг оддийдан мураккабга томон тараққий эта бориши жараёнида ҳосил қилувчи тўқималарнинг тенг иккига бўлиниши намоён бўлади. Ўсимликлар оламида кузатиладиган бу хусусият тубан ўсимликлардан бошланади. Ўсиш конусидаги ҳужайранинг бундай тенг иккига бўлиниш хусусияти айрим юксак ўсимликлар учун ҳам хос. Айрим мохсимонлар, папоротниксимонлар сингари юксак ўсимликлар ҳам тубан ўсимликлар сингари дихатомик шохланиш хусусиятига эга.
Моноподиал шохланиш. Шохланишнинг бу турида (–расм) учки куртак актив бўлиб, ўсиш асосан бўйига, поянинг тўхтовсиз равишда ўсиши ва унинг ўсиш нуқтасидан пастроқда юқорига кўтарилувчи тартибдаги ён шохлар ҳосил бўлиши билан характерланади. Бу шаклланишда дарахтнинг танаси тўғри, баланд ва бир текисда йўғонлашади. Дарахтнинг бундай танаси аҳолининг хўжалик фаолиятида, айниқса қурилиш материали сифатида фойдаланишда катта аҳамият касб этади. Кўпчилик очиқ уруғли ўсимликлар–қарағай, қорақарағай,тилоғоч, пихта, кедр дарахтлари моноподиал шохланади. Ёпиқ уруғли ўсимликларда ҳам моноподиал шохланиш кузатилади.
Симподиал шохланиш. Шохланишнинг бу тури (39–расм) ўсимликларнинг эволюцион тараққиётида бир мунча кейин пайдо бўлган. Бу хилдаги шохланишда асосий поянинг учидаги куртак маълум вақт ўтиши билан нобуд бўлади ёки унинг ўсиши жуда сусаяди. Натижада унинг ён куртаклари вертикал йўналишда интенсив ўса бошлайди ва кўпинча асосий поя ўрнини эгаллайди. Лекин бу шохнинг ҳам учида жойлашган куртаклари нобуд бўлиб, ўсишдан тўхтайди ва унинг ён куртаклари ўсишни давом эттиради. Шу тариқа, симподиал ўсишда ўсимликнинг асосий пояси маълум вақтдан сўнг ўсишдан тўхтайди ва унчалик узун бўлмайди. Унинг ўрнини бир–бирини алмаштирадиган иккинчи, учинчи ва ҳоказо тартиб шохлар усишда давом этади. Симподиал ўсишда дарахтнинг танаси ён томонга тарвақайлаб кетади, баландга эмас, ён томонга ўсиб, катта ҳажмга эга бўлади. Бундай шохланиш тол, олма, нок, шафтоли, ўрик, гилос, ёнғоқ сингари мева дарахтлари учун хос. симподиал ўсиш ўтсимон ўсимликлардан картошка,помидор ва бошқалар учун хос. Ғўзада дастлаб моноподиал шохланиш кузатилади. Лекин симподиал шохлар гуллаш олдидан пайдо бўлади ва бу шохларда гул ва мевалар шаклланади.
Учки куртакларнинг ўсишини эволюцион тараққиёт давомида вужудга келган мосланишлар деб қараш мумкин. Ҳар қандай учки куртак ён куртакларнинг ўсишини тўхтатади. Шунинг учун ҳар қайси учки куртакнинг нобуд бўлиши ён куртакларнинг ўсишини тезлаштиради ва янги–янги ён куртакларнинг ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Ён куртакларнинг интенсив уйғониши ва ўса бошлаши новдаларнинг қисқаришига, ўсимлик шох–шаббаларининг кўпайишига ва охир натижада ҳосилдорликнинг ортишига олиб келади. Шунинг учун ҳам чилпиш (учки куртакларни қирқиб ташлаш) ҳосилдорликнинг кўпайиши ва унинг етилишиниг тезлашишига сабаб бўлади. Чилпишдан кейин ён куртаклар тез ўсиб, новдалар ҳосил бўлади ва ўсимлик ёппасига гулга киради. Шохланиш қонуниятларини ўрганиш муҳим хўжалик аҳамиятига эга. Чунки бир туркумга мансуб ўсимлик турларининг бири моноподиал шохланади ва шу сабабли ҳосили кам ва кечпишар бўлади. Бошқалари эса симподиал шохланиши туфайли ҳосилдор бўлади ва ўзи тезишар ҳисобланади. Шунга кўра, шохланиш хусусиятини яхши ўрганиб, уларнинг хосилдорлигини ва пишиб етилиш вақтини бошқариш мумкин. (40 расм)
Do'stlaringiz bilan baham: |