Шакли ўзгарган илдизларнинг ички тузилиши. Ўсимликларнинг яшаш муҳитига мослашиш жараёнида илдизнинг шакли ўзгариб, у, айрим ҳолларда, илдизга хос бўлмаган ғайри табиий вазифани бажаради. Кўпинча, ўқ илдиз ва ён илдизларнинг унга хос бўлмаган даражада йўғонлашиши кузатилади. Бундай ҳолларда илдиз ўзининг асосий вазифасини бажариш билан бир қаторда озиқа маҳсулотлари жамғариладиган ўриндиққа айланади. Асосий ўқ илдизнинг йўғонлашиши натижасида шолғом, турп, лавлаги сингари ўсимликлар илдизмеваларга айланади. Этли илдиз фақат ўқ илдизнинг йўғонлашишидан ҳосил бўлади. Қўшимча илдизнинг йўғонлашиши натижасида илдиз тугунаклари картошкагул ва топинамбурда вужудга келади. Ташқи кўриниши жиҳатидан кўпчилик ботқоқ ўсимликлари илдизи ҳам йўғонлашгандек бўлиб кўринади. Чунки уларнинг илдизида махсус ҳаво паренхималари мавжуд бўлади. Ботқоқ ўсимликлари ўсадиган шароитда кислород етишмаслиги сабабли ўсимлик илдизининг махсус паренхима ҳужайраларида кислород тўпланиб, улар аэренхима деб юритилади.
Илдизмеванинг тузилиши. Турли хил ўсимликларда озиқа моддалар илдизнинг ҳар хил қисмларида йиғилади. Одатда, илдизмеваларда крахмал, инулин, турли–туман шакарлар ва бошқа моддалар тўпланади. Илдизнинг йўғонлашиш характери ва тўпланадиган модданинг жойлашган қисмига қараб илдизмевалар уч турга ажратилади: тўпланадиган маҳсулоти ксилема паренхимасида жойлашган илдиз мевалар, тўпланган маҳсулоти флоэма паренхимасида сақланадиган илдиз мевалар ва тўпланадиган моддалари қўшимча ҳосил бўлган ўтказувчи най боғламлари жойлашган илдиз мева шолғом ва турпда шолғом ва турпда тўпланган моддалар илдизнинг ксилема паренхимасида, петрушка, сабзида бутун илдиз бўйлаб, лавлагида эса ўтказувчи най боғламларида жойлашади.
Илдиз тугунаклари ва микориза. Тупроқ таркибида ҳаёт кечирадиган соф ҳолатда азот ўзлаштириш қобилятига эга бўлган бактериялар айрим ўсимликларнинг илдиз паренхимасига кириб олиб яшайди ва эркин ҳолдаги азотни ўзлаштира бошлайди. Бу бактерияларнинг бўлиниш йўли билан тез кўпайиши натижаси илдиз перициклида ҳужайраларининг таъсири туфайли содир бўлган кучли босимда паренхима тўқималарида бўртма ҳосил бўлади ва қопловчи тўқималарида маълум куч билан таъсир қилади. Натижада илдизда ғуддалар ҳосил бўлади. Бу ғуддалар кўпчилик адабиётларида илдиз тугунаклари сифатида тасвирланади. Уларнинг ичида атмосферадаги азотни ўзлаштириш қобилятига эга бўлган сон– саноқсиз тугунак бактериялари бўлади. Бу бактериялар, кўпинча, дуккакдошлар оиласига мансуб ўсимликлар илдизида типланади. Бактерия билан ўсимлик ўзаро ҳамхона сифатида яшайди. Ўсимлик бактериялар томонидан қабул қилинган ва азот бирикмаларига айлантирилган минерал моддаларини ўзлаштиради, бактерия эса, ўз навбатида, ўсимликнинг илдиз пўстида мавжуд тайёр карбонсувлар билан озуқланади. Илдиз ичига бу бактериялар тупроқдан пўстлоқ паренхимасида мавжуд бўлган жуда майда тирқишлар орқали киради. Тугунак бактериялар тупроқни азот бирикмалари билан бойитишда муҳим роль ўйнайди. Қишлоқ ҳужалигида анашу хусусияти туфайли кўпчилик дуккакли ўсимликлар ўзининг (беда, себарга, бурчоқ) алмашлаб экишда кенг қўлланилади. Дуккакли ўсимликларнинг турли вакиллари илдизида мавжуд азот ўзлаштирувчи бактериялар туфайли бир йилда ҳар гектар майдонда 150 кг дан 300 кг гача азот бирикмалари тўпланиши мумкин. Табиатда кенг тарқалган юксак ўсимликларнинг симбиози микориза деб юритилади ва илдиз пўстида махсус қатламлар, бўртмалар, ўсимталар ҳосил қиладиган замбуруғлари биланилдизнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳисобланади. Булар тупроқ замбуруғлари бўлиб ўзининг вегетатив танаси билан янги ёш илдизни ўраб олади. У ерда қалин қатлам ҳосил қилади. Микоризанинг қуйидаги турлари маълум: 1. устки ёки эктотроф микориза. Бунда замбуруғ янгидан вужудга келган ёш илдизни уст томонидан ўраб олиб, унинг иплари тугунак шаклидаги ғуддалар ҳосил қилади ва илдиз ичига кирмайди. Уларни эктоморф (ташқи) микориза деб аталади. 2. энтоморф микориза типида замбуруғнинг вегетатив танаси илдиз пўстининг ичига кириб олиб, у ерда тугунаклар ҳосил қилади. Табиатда микоризанинг кейинги тури (ички микориза) бир қадар кенгроқ тарқалган. Энтотроф типидаги микориза дарахтсимон ўсимликлардан тут, кофе, хина дарахти, олма, нок, ёнғоқ, тол, теракда, ўтсимон ўсимликлардан беда, себарга, қулупнай, арпа, буғдой, сули, кўксагизда ва бошқаларда учрайди (– расм).
Микориза яшил ўсимликлар ҳаётида муҳим аҳамиятига эга. Улар қийин ўзлаштириладиган мураккаб моддаларни махсус ферментлар таъсирида парчалайди ва ўсимлик истеъмол қила оладиган ҳолга келтиради, илдиз системасини теамин сингари ўсиш фаолиятини тезлаштирадиган гормонлар билан таъминлайди ва ниҳоят, агар микориза ҳосил қиладиган замбуруғ азот тўплайдиган бўлса, ўсимликни азотли бирикмалар билан таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |