Амалий машғулот учун
Зарур материаллар:
Гулсафсар (Iris songorica), спаржа–сарсабил (Astaragalus sp), арпа (tak–tak) (Hordenm bulbosum) ёки буғдой (Triticum durum), маккажўҳорининг (Zea mays) тирик пояси, гербарийси, маккажўхори поясининг кўндалангига кесимидан тайёрланган тайёр препарат, флороглюцин, HCI ва йоднинг калийли эритмаси, глицерин.
Топшириқ
Бир паллали ўсимликлар поясининг умумий тузилиши билан танишинг.
Арпа ва маккажўхори поясининг кўндаланг кесимидан тайёрланган препаратда уларнинг ички тузилишини кузатинг ва суратини чизинг.
Маккажўхори поясининг кўндаланг кесимидан препарат тайёрланг, микроскопда кузатинг, суратини чизинг ва тавсифини ёзинг.
Ишнинг бориши
Гулсафсар пояси.
Гулсафсар поясининг бўғин оралиғи кўндаланг кесимидан бир нечта кесма тайёрланади. Улардан энг юпқасини танлаб олиб, бирига флюроглицин ва HCI томизиб, препарат тайёрланади. Иккинчисиги йоднинг калийли эритмаси томизилиб, препарат тайёрланади. Амалий машғулотда (агар мавжуд бўлса) доимий препаратдан ҳам фойдаланиш мумкин.
Биринчи препарат микроскопда кузатилганда реактив таъсирида қизғиш рангга кирган склеренхиманинг айлана шаклида жойлашганлиги, унинг ичида анча катта паренхима ҳужайраларидан иборат ўзак ичида коллатерал боғламлар жойлашганлиги кўринади. Склеренхима қатлами кўп ядроли перициклдан иборат бўлиб, марказий цилиндрнинг ташқи қатлами ҳисобланади. Унинг ташқи томонидан жойлашган тўқималар бирламчи пўстга таалуқли. Поя сирт томондан қалин кутикула ва кўп сонли устица аппарати мавжуд эпидерма билан қопланганлигини аниқ кўриш мумкин.
Микроскопнинг катталаштириб кўрсатадиган обеъктивида бирламчи пўстнинг асосий қисми хлоренхимадан иборат. Пўстнинг паренхима ҳужайраларидан иборат склеренхима билан ёнма–ён жойлашган ички қатлами эндодермадир. Унинг ҳужайраларида, одатда крахмал сақланади. Крахмал гранулалари кесмада аниқ кўринади.
Шундан сўнг марказий цилиндирнинг тузилиши кузатилади. Склеренхима ҳалқасининг доираси асосий тўқима тўлиқ эгаллаган бўлиб, унинг ичида ўтказувчи най боғламлари тартибсиз жойлашган. Сирт томонда улан кўп ингичка, поянинг марказий қисмида улар кам сонли, лекин катта. Ўтказувчи най боғламлари фақат ксилема ва флоэмадан иборат бўлиб, уларда (най боғламларида) камбий қатлами йўқ, шундай экан улар ёпиқ найлардир. Поянинг эскирган (қарриган) қисмида ўтказувчи най боғламларини склеренхима ўраб туради.
Шундай қилиб, поянинг бирламчи тузилишида марказий цилиндир ва бирламчи пўст фарқланади. Аммо илдизда марказий цилиндир пўстга нисбатан анча кичик ҳажмни эгаллайди. Пояда эса асосий қисмни марказий цилиндр эгаллаб, пўст юпқа қатламдан иборат.
Кузатилганларнинг сурати чизилади ва тавсифи батафсил ёзилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |