Курс ишининг предмети: Ўзбекистон ёшлари маънавий камолотида диний маърифатни юксалтириш омилларининг илмий-фалсафий таҳлили ташкил этади.
Курс ишининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
- “шахс маънавий камолоти” ва “диний маърифат”нинг турлари, таърифлари, мезонлари, тарихий ва замонавий хусусиятлари, категориал асосларини аниқлашга қаратилган янги услубий воситалар ишлаб чиқилган;
- жамият ижтимоий-маданий ҳаётининг тарихий ўзгарувчан хусусияти ва унинг диний маърифий фаолиятдаги инъикоси даражалари аниқланиб, бу воқеликни рационал идрок этиш ва баҳолаш муносабатлари очиб берилган;
- глобаллашув шароитида ёшлар диний маърифатини юксалтиришнинг ижтимоий-маданий омиллари ва интеллектуал воситалари асослаб берилган;
- Ўзбекистон ёшларининг диний маърифат туйғуси ва унинг ижтимоий-маданий ҳаётни юксалтиришдаги аҳамиятини ошириш борасидаги ислоҳотлар стратегияси нисбати очиб берилган.
I.БОБ. ШАХС МАЪНАВИЙ ТАКОМИЛИДА ДИНИЙ МАЪРИФАТ МОҲИЯТИНИ ЎРГАНИШНИНГ НАЗАРИЙ МЕТОДОЛОГИК МАСАЛАЛАРИ
1.1. Шахс маънавий камолоти ва диний маърифат тушунчасининг категориал таҳлили
Ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-маданий ҳаёти, айниқса диний маърифат даражаси ўзининг фундаментал ва экспериментал асосларини методологик жиҳатдан таъминлаган ҳолдагина, илмий-амалий аҳамиятга эга бўлади. Шу нуқтаи назардан жамият ижтимоий-маданий ҳаётида диний маърифатни юксалтиришнинг назарий, праксиологик йўналишларини, методологик асосларини конкретлаштириш зарурияти долзарб илмий-фалсафий муаммо бўлиб қолмоқда.
Жамиятнинг ижтимоий-маданий ҳаётининг тарихий генезисини, мазмунини, категориал аппарати тизимини аниқлаб, амалий йўналишларини туркумлаштириш тамойилларини ишлаб чиқиш, шу мавзу доирасидаги тадқиқотларнинг илмий аҳамиятини, амалий қийматини белгилайдиган муҳим мезон ҳисобланади. Маълум тарихий даврларда ижтимоий-маданий ҳаётий фаолиятнинг муайян йўналишлари ижтимоий-тараққиёт бош мезонига айланган. Масалан, уйғониш даврларида – маънавий маданият, дин, санъат, бадиий ижод, архитектура; сиёсий кўтарилишлар, инқилобий ўзгаришлар даврида - сиёсий, синфий фаоллик; иқтисодий инқирозлардан чиқиш эҳтиёжлари - бозор иқтисодиёти муносабатларининг йўналишларини белгилаб берган. Ҳозирги кунга келиб, диний дунёқараш ва эътиқод муаммоларининг умумбашарий миқёсда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий зиддиятларни кескинлаштириб юбориши, диний маърифатни юксалтиришни тақозо қилмоқда.
Ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-маданий ҳаёти, диний маърифат даражасини тизимли-тузилмали, мажмуавий-фалсафий таҳлил қилиш учун диний дунёқараш билан боғлиқ: “дин” ва “иймон”, “эътиқод” ва “диний билим”, “диний фаолият”, “диний савия” ва “диний ҳис туйғу” каби тушунчалар мазмунини аниклаш лозим. Тадқиқ қилинаётган объект ва предметнинг категориал аппаратини, тушунчалари мазмунини конкретлаштириш назарий-методологик вазифа бўлиб, муаммонинг илмий-амалий ечимини топишнинг зарурий шарти. Дарҳақиқат, ҳозирча, жамият ҳаётида диний маърифатни юксалтиришнинг ижтимоий-маданий муаммоларини тадқиқ қилишда қўлланилаётган тушунчаларга нисбатан якдил, қатъий муносабат шаклланмаган. Бу эса илмий-назарий хулосаларнинг, амалий тавсияларнинг турли туманлигини, хатто, уларнинг қарама-қаршилигини келтириб чиқармоқда. Шу боисдан ҳам дастлаб биз диний маърифатни негизини ташкил қилувчи дин тушунчасининг илмий-фалсафий таҳлилига алоҳида тўҳталиб ўтсак.
Дин (<арабча – “эътиқод”, “ишонч”; лотинча “religio” – “диёнат”, “сиғиниш”, “relegere” – “ортга қайтиш”, “religare” –“боғламоқ”) ижтимоий онг шаклларидан бири ҳисобланади. Дин муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотларнинг фаолиятлари орқали намоён бўладиган, олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида шакли, уни идрок этишнинг ўзига хос усули саналади7, дейиш мумкин.
“Дин” атамаси қадимги сомит тилидан олинган бўлиб, ўзбек тилидаги “эътиқод”, “ишонч” атамаларига мос келади. Ҳар бир инсон нимагадир ишониб, эътиқод қилиб яшайди. Ҳар қандай эътиқод эса, ўз объектига эга. Эътиқод объекти Худо, унинг пайғамбарлари, фаришталар ва, умуман, ўткинчи бўлмаган (абадий) дунёнинг мавжудлиги кабилар ташкил этиши мумкин ёки, аксинча, илмий материалистик дунёқараш, торроқ маънода эса бирон илмий парадигма (муайян фалсафий ё илмий бош гипотетик ғоя, масалан, материянинг онгга нисбатан бирламчилиги ғояси ёки бирон махсус фаннинг аксиомалари) ташкил этиши ҳам мумкин. Шу маънода эътиқод диний ва илмий, тор ва кенг бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳар бир инсон ўз эътиқодида эркин, чунки бу кўнгилнинг танлови. Лекин диний эътиқодни илмий эътиқоддан фарқлантирувчи бир неча асосий ўзига хослиги бор. Фаннинг исбот талаб қилмайдиган, ишончли деб қабул қиладиган ғояларини, масалан, аксиомаларни тор маънодаги хусусий-илмий эътиқод объекти сифатида олиб қарасак, бу фарқ айниқса яхши кўринади. Фан аксиомалари муайян даврга келиб яроқсиз бўлиб қолиши, бошқа аксиомалар билан алмаштирилиши мумкин. Масалан, ноклассик геометрия классик (эвклидча) геометрия аксиомалари амал қилиш соҳасининг жуда торлигини, реал фазонинг геометрияси бошқача эканини кўрсатди ва бунинг натижасида ноклассик (ноэвклид) геометрияси шаклланди. Бундан фарқли ўлароқ диний эътиқод объектлари мутлоқ ҳисобланади.
“Эътиқод – инсондаги олий эҳтирос. Эҳтимол, ҳар бир авлодда унга ҳатто етиб ҳам бормаган кўплаб одамлар топилади, лекин ундан узоққа кетиши мумкин бўлган бирорта ҳам одам топилмайди... Мени ўзимга ҳам эътиқодга етишгунча ҳали узоқлигини яширмайман, эътиқодни тезроқ ундан қутулишни истаган болалар касаллигига айлантириб ўзимни алдашни ҳам хоҳламайман. Ҳатто эътиқодга етиб бормаган инсон олдига ҳам ҳаёт етарлича вазифаларни қўядики, уларга ҳалол муносабатда бўлган тақдирда ҳаёт унчалик бесамар эмаслигини пайқаш мумкин”8.
Диний эътиқоднинг бу ўзига хослиги кўп вақтлар мобайнида кўпчиликка фаннинг диндан устунлигини кўрсатадиган далил бўлиб келди. Шундан келиб чиқиб, фан исботланадиган билимга, дин эса кўр-кўрона ишончга таянади деган қарашлар шаклланди. Ваҳоланки, таниқли немис файласуфи И.Кант ўз давридаёқ бундай қарашлар асосли эмаслигини, диний эътиқодни назарий равишда исботлаб бўлмагани каби, уни назарий равишда инкор этиб ҳам бўлмаслигини тўғри кўрсатган эди9.
Диний эътиқоднинг яна бир ўзига хослиги унинг ҳис-туйғулар билан узвийлигида. Аргентиналик файласуф Х. Ливрага аниқ ифодалаганидай, “Инсон Худони қалби билан танигани учун ҳам ҳайвондан фарқ қилади ва агар шу яккаю ягона фарқ ҳам ўчиб кетса, у холда бизнинг қиёфамизда ҳайвонийлик белгилари ортиб кетади. Ваҳоланки, шундоқ ҳам биз инсондан кўра гуманоидга кўпроқ ўхшаб бормоқдамиз”10.
Диний эътиқод чекланган дунёвий ҳаёт объектига эмас, балки абадият дунёсига, энг буюк Эзгулик ва ғайриоддий Қудрат тимсоли бўлган Худога йўналган экани инсонга шундай буюк қадриятларни белгилайдики, киши дунёда ҳамма нарсасини, хатто ўз ҳаётини йўқотса ҳамки, Унга бўлган ўз эътиқодини йўқотмасликка ҳаракат қилади. Инсон ҳаётнинг ҳар қандай қийин шароитида ҳам шу юксак қадриятга суяниб, жон сақлаши ёки жон бериши мумкинлигига ишонади. Шунинг учун гарчи ҳаётнинг муайян даврида диний эътиқоднинг сусайиши ёки хатто йўқолиши кузатилсада, уни чегаралаб турувчи шароит барҳам топиши билан инсон маънавиятида дин яна катта ўрин эгаллай бошлайди. Шу маънода диний эътиқод ҳеч йўқолмайдиган, ҳар қандай холда ҳам суяниш мумкин бўлган ягона маънавий қадрият. Шунинг учун халқимиз дахрийлик даври мафкурасининг шафқатсиз таъқиблари даврида ҳам “ўз муқаддас динига содиқ қолди. Шунинг ўзиёқ динни инсон, халқ ва жамият ҳаётидан асло ўчириб бўлмаслигидан яна бир бор далолат беради”11.
Диний эътиқод ҳамиша инсоният ахлоқининг пойдеворини ташкил этиб келган. Динсиз ҳам ахлоқли бўлиш мумкин, деб ўйлаш калтабинлик эканини ҳозирги давр маънавий инқирози кўрсатиб турибди. Шўролар даври атеистик мафкураси динни четлаб ўтиб, ахлок кодексини ишлаб чиқишга ҳаракат қилди. Бунда диний эътиқод ўрнига илмий эътиқод қўйилди. Билим ҳам аслида буюк маънавий қадрият. Лекин у, айниқса чекланган чизиқли тафаккурга таянган билим диний эътиқоднинг ўрнини боса олмаслиги эндиликда аниқ кўриниб турибди.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “... дин азалдан инсон маънавиятининг таркибий қисми сифатида одамзотнинг юксак идеаллари, ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва адолат тўғрисидаги орзу-армонларини ўзида мужассам этган, уларни барқарор қоидалар шаклида мустаҳкамлаб келаётган ғоя ва қарашларнинг яхлит бир тизимидир”12, – деб таъриф берган.
“Ўзбекистонда дин мамлакатдаги маданий-маънавий анъаналарнинг ажралмас қисми ва аҳоли маънавий камолотининг асоси сифатида қаралади. Дин ўз олдига ҳеч қандай сиёсий мақсад қўйиши мумкин эмас. Бу меъёр давлатнинг дунёвий бўлиши ва мамлакатдаги барча динларга нисбатан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро тотувликни таъминлаб беришнинг гарови бўлди”13, – деб таъриф берилади манбаларда.
Динлар жуда хилма-хил бўлиб, улар бир-биридан жуда кўп жиҳатлари билан фарқланади. Энг аввало политеистик ва монотеистик динлар бир-бирларидан ажралиб туради. Бирида бор ғоялар иккинчисидагини такрорлаши ёки, аксинча, хатто рад этиши ҳам мумкин. Шу маънода диннинг эътиқод билан боғлиқ мазмунидан келиб чиқиб ҳосил қилган тасаввуримиз диннинг нималигини аниқ таърифлаш учун етарли бўла олмайди. Лекин диннинг иккинчи луғавий маъносига таянган таъриф эътиқод объекти билан субъектининг бевосита боғланишини назарда тутгани учун биринчисидан чуқурроқ таъриф берилган. Бу кейинги талқин барча динлар учун умумий, такрорланувчи ва энг муҳим бир аспектни ажратиб олиш имконини ҳам беради. Ана шу энг муҳим умумий аспект “religio”, яъни боғланиш тушунчасида ўз ифодасини топади. Ушбу тушунчанинг маъносидан диннинг инсониятни илоҳийлик олами билан боғлайдиган кўприк экани ва бу боғланиш амалга ошувида хос инсонларнинг, пайғамбарларнинг роли беқиёслиги кўринади. Бошқача айтганда, пайғамбарлар фақат илоҳий ҳабарларни қабул қилиш ва уларни бошқаларга етказиб бериш билангина чекланмаганлар, балки қобилиятли инсонларга шундай боғланишга шахсан эришиш, яъни экспериментал маънода “диний тажриба”ни бошдан (дилдан) кечириш йўлини кўрсатганларини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.
Диний тажриба нималигини тушуниш учун эса аввало динни “ичкаридан” ва “ташқаридан” ўрганиш тамойилларини бир-биридан ажратиб олишимиз керак. Динни ичкаридан ўрганиш билан одатда асосан теологлар (илоҳиётшунослар) шуғулланиб келган бўлсалар, ташқаридан уни дин фалсафаси, дин социологияси, дин психологияси, антропология, этнография ва эндиликда фаннинг бошқа сохалари вакиллари ҳам интенсив ва кенг шуғулланмоқдалар.
Динни “ичкаридан” тушунишнинг ўзида ҳам “тор” ва “кенг” ёндошувлар бор. Кенг ёндошув, таниқли рус (православ) теологи А.Мень қарашларида кузатилади. Унинг таъкидлашича, “Диний тажриба бу – бизнинг ҳаётимизда, барча инсонлар борлиғида ва умуман Коинотда бутун оламни, шу жумладан бизнинг борлиғимизни ҳам йўналтириб, унга маъно бериб турган олий куч-қудрат мавжудлигини ҳис этиш билан боғлиқ бўлган руҳий кечинма”14.
Диний тажрибанинг бу таърифи, кенг ва чуқур таъриф. Унинг чуқурлиги шундаки, бунда диннинг энг теран моҳияти билан боғлиқ бўлган ваҳий ҳодисасида пайғамбарлар руҳиятида содир бўладиган ғайриоддий кечинмаларнинг моҳияти ёритилган. Таърифнинг кенглиги эса унда аввало диний тажрибанинг айрим динга ёки конфессияга эмас, балки барча динларда хос бўлган энг умумий жиҳати очиб берилганида. Шунингдек, бу таърифда “диний тажриба” нафақат христианларнинг, хаттоки нафақат барча динларнинг, балки барча диний эътиқод эгаларининг ҳам тажрибаси бўла олиши назарда тутилган. Ваҳоланки, сўфизмда тариқатлар ҳилма-хиллигининг асосий мақсади “ҳол” (жазба)га эришув “диний тажриба”си экани факти ҳам айни шу фикрни тасдиқлайди. Шу маънода бу талқинда диний тажриба умуминсоний характерга эга эканини эътиборга олиш зарур. “Ҳар бир инсон ўз ҳаётида Худо билан учрашади. - дейди А.Мень, - Бундаги фарқ фақат ҳар бир инсоннинг қандай натижага эришувида, яъни унинг ўзи бу кечинма нима эканини англай оладими, ё сезмай ўтиб кетадими, бор гап шунда”15.
Диний тажрибанинг бу таърифи диннинг фандан яна бир асосий фарқи борлигини кўрсатади. Яъни, фанда одатда фақат ташқи, моддий ва ақлий экспериментлар олиб борилса, динда асосан ички, руҳий, ҳиссий тажрибалар ҳақида гап кетади. Энди диний (ёки руҳий) тажриба ҳақидаги мазкур тасаввурдан келиб чиққан А.Мень динни қандай талқин этганини кўрайлик. “Религия сўзи, - дейди У, - лотинча феъл бўлмиш religare - боғланиш маъносини билдирувчи сўздан келиб чиққани тасодиф эмас. У икки дунёни, яратилган дунё билан Илоҳий Руҳни бирлаштирувчи куч”16. Мазкур боғланиш, А.Меннинг тушунтиришича, инсон қалбининг ўзи билан жондош, ва лекин ўзидан анча буюк бўлган Илоҳий субстанцияга табиий интилишидан келиб чиқади. “Табиат объектив дунёси билан жисмоний вужуд қандай боғлиқ бўлса, қалб ҳам ўзи билан жондош, лекин ўзидан анча буюк реалликка интилиши табиий эмасми”,- дейди У. Шундай қилиб, дин “диний тажриба” билан узвий бўлган дунёқараш шакли. Мазкур тажрибада инсон руҳиятининг илоҳиёт билан боғланиши содир бўлади ва тажрибанинг теранлиги нуқтаи назаридан у турли инсонларда турлича кечади. Тажрибанинг юқори интенсивлигига кўра пайғамбарлар оддий одамлардан ажралиб турадилар ва шунинг учун улар бошқа инсонларни Худо билан боғланишида кўприк вазифасини бажарадилар, шунингдек, шундай боғланиш учун тайёр кишиларга боғланиш йўлини ўргатадилар.
“Дин, виждон ва дунёқараш эркинлиги борасида мамлакатимизда амалга оширилган ва оширилаётган ушбу чоралар нафақат мамлакатимизда яшовчи турли хил миллатга ва динга мансуб фуқаролар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда, шу билан бирга, ижтимоий-сиёсий барқарорликни мустаҳкамлашда ҳам ўз самарасини бермоқда.
Виждон инсон ҳаётидаги таъсир доираси ғоят кенг тушунчалардан бири. Агар уят ҳисси инсоннинг ташқи муҳит, жамиятга боғлиқлигини ифодаласа, виждон унинг ботиний оламини, қалб туғёни, ички руҳий изтиробини намоён этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |