II.БОБ. ШАХС МАЪНАВИЙ ТАКОМИЛИДА ДИНИЙ ВА ДУНЁВИЙ МАЪРИФАТ ҒОЯСИНИ ЎЗАРО АЛОҚАДОРЛИКДА ЮКСАЛТИРИШ ОМИЛЛАРИ
2.1. Шахс маънавиятини юксалтиришда динийлик ва дунёвийлик уйғунлигини қарор топтиришнинг ахлоқий тамойиллари
Дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги муносабат, уларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш масаласи инсоният тарихининг барча даврларида муҳим аҳамият касб этган. Диний мутаассиблик устун бўлган даврда илм-фан ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги ривожланиш ортда қолиб, ушбу жамиятнинг бошқа халқлар қўлида қулга айланишига сабаб бўлган. Бунга христианлик динининг Европа мамлакатларида ҳукмрон мавқега эга бўлиши, барча ғояларнинг динга бўйсундирилиши натижасида юзага келган вазият мисол бўла олади. Ибн Рушднинг (1126-1198) ғояларини ривожлантиргани учун жазога ҳукм этилган Сигер Брабантскийнинг (1240-1284 ўрта асрларда яшаган файласуф, илоҳиётчи, аверроизм тарафдори) тақдири, соғлом илмий қарашлари туфайли жабр кўрган Жордано Бруно (1548-1600), Николай Коперник (1473-1543), Николай Кузанский (1401-1464) ва бошқа мутафаккирларнинг қисмати ҳам юқоридаги фикрнинг далили бўла олади. Шу билан бирга, мусулмон Шарқи тарихида ҳам рўй берган воқеаларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Жумладан, Мансур Ҳаллож Худонинг моҳиятини идрок этиш йўллари ҳақидаги ортодоксал ақидаларга зид қарашлари учун ўтда ёқилди. Шундай сабаблар туфайли Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Ало Мааррий (973-1057 й.), Умар Хайём каби кўплаб буюк даҳолар аёвсиз таъқибларга дучор бўлдилар.
“Дунёвийлик” шиори остидаги XX асрнинг 30-йилларидаги хужумкор атеизм хукумрон бўлиши, ҳамда диний қадриятларнинг ҳисобга олинмаслиги, қадриятларга қарши оммавий курашлар ҳам салбий оқибатларга олиб келади. Жумладан, диний қадриятлардан йироқ бўлган, диний қарашларни инкор этиш орқали умуминсоний қадриятларни ҳам инкор этиш ҳолатлари ҳам рўй бермоқдаки, бунинг натижасида инсоният заволига сабаб бўлувчи ҳодисалар содир бўлмоқда. Ҳаётнинг қийинчиликларига дучор бўлганда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кундан-кунга кўпайиб бораётгани, табиат қонунларига зид тарзда бир жинслилар никоҳининг оммалашиши каби салбий ҳолатлар ҳам диннинг жамият ҳаётида бажарадиган вазифаларидан унумли фойдаланишни янада долзарб эканлигини кўрсатмоқда. “Табиийки, эгоцентризм ғояси бўлган индивидуализм, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни маданият деб билиш ва аксинча, асл миллий ва маънавий қадрятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга хавф солаётгани одамни ташвишга солмай қўймайди”22.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, динийлик ва дунёвийлик нисбатини мувофиқлаштириш, уларнинг мувозанатини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Бошқача айтганда, инсон ҳаёти мазмунини ташкил қилувчи ушбу икки таркибий қисм ўртасида муросага эришиш ҳар қандай жамиятнинг мавжуд ҳолати ва истиқболини белгиловчи бош мезон бўлиб келган.
Дин ўз дунёқарашини Муқаддас Китоб матнларида, шунингдек диний расм-русум ва урф-одатларда ифода этади. Диний расм-русумларнинг бир унсури рамзий аҳамиятга эгадир. Диний рамзлар ғоя ва образ мувозанатини ўзида мужассамлаштиради.
Онгнинг ўзига хос шакли сифатида дин эътиқод, ишонч ва билиш механизмлари (ҳаёт тажрибаси)га таянади. Диний эътиқод рефлексия билан қўллаб-қувватланади, шахснинг фожеавий тажрибаси (ўлим хавфи ёки яқинларини йўқотиши)ни англаб етиш орқали юзага келади ёки мустаҳкамланади, бу тажриба шахсни ўз ҳаёти ва тафаккур тарзини тубдан ўзгартиришга даъват этади. Диндорлар фикрича, диний эътиқод диний ваҳий келиши натижасида туғилиши мумкин.
Дин дунё ва инсонни интуитив-мистик йўл билан англашнинг ўзига хос усулларини яратган. Бундай усуллар жумласига ваҳий ва медитацияни киритиш лозим.
Медитация – ўз тафаккурини бир объектга қаратиш, инсон эътиборини чалғитувчи барча бегона омилларни четга чиқариш йўли билан фикр юритиш, нарса, ғоя, дунёни идрок этишдир. Динда медитация шахсий онгнинг Абсолют билан бирикувини англатади. Христианликда медитация инсон шахси ва илоҳий шахснинг муайян оқибати сифатида талқин қилинади. Медитация, одатда, табиий рефлексия жараёнига айланадиган ҳаракатларнинг муайян кетма-кетлиги билан боғлиқ. У айрим психотехник усуллардан фойдаланишни назарда тутади. Бунда диндор мазкур усуллар ёрдамида ўзини бошқариш, ўзликни ёки табиатни англашга кўмаклашувчи ғайритабиий руҳий кучлардан фойдаланаётганига ишончи комил бўлади. Медитациянинг билиш усули сифатидаги самарадорлигини фан тан олади; даволаш учун мўлжалланган психотехника ва аутоген машқ тизимлари диний-мистик ғоялар билан боғлиқ эмас.
Диний маърифатнинг ўзига хос хусусиятлари шу билан белгиланадики, у одамларнинг ўзини бошқарувчи дунёвий (табиий ва ижтимоий) кучларга муносабатининг бевосита эмоционал шакли билан боғлиқ. Бу кучларнинг хаёлий инъикоси бўлган диний тасаввурлар борлиқ ҳақидаги маълум билимларни ифода этади.
Агар диний маърифатга дунёга эмоционал муносабатнинг ғайритабиий нарсалар ва ҳодисаларга ишонч билан бирикуви хос бўлса, илмий маърифтнинг замирида эмоциялар ва эътиқодни ўзига бўйсундирувчи оқилоналик ётади.
Шу нуқтаи-назардан қараганда, бутун тарих давомида инсоният ўзининг интеллектуал, ижтимоий ва ахлоқий тараққиёти давомида эркинликка, ҳурликка интилиб яшаган. Бундай мақсадларга эришув жараёнида диний ақидапарастлик, мутаасиблик иллатлари ёки диний билимларни, черков муқаддас, деб билган таълимотлардан четга чиқмаслик маълум бир давр асносида катта тўсиқ бўлиб хизмат қилди. Фикр қиладиган бўлсак, инсоният томонидан яратилган ўлмас энг буюк қадриятлар, барча моддий ва маънавий мерослар, обидалар, инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган жамики интеллектуал улуғ кашфиёт ва ихтиролар, ноёб санъат ва адабиёт дурдоналари унинг эркинликка ва ахлоқий меъёрлар уйғунлигига асосланган ақл-тафаккури, салоҳияти маҳсулидир. Шунинг учун ҳам жаҳон тарихига назар ташлайдиган бўлсак, юксак истеъдодга эга бўлган инсонлар қалбида, юрагида эркинликка, ахлоқий меъёрларга хос ана шундай интелектуал, ижтимоий ва ахлоқий билимларга интилиш ҳисси ниҳоятда кучли бўлган. Улар ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам эркинлик, ахлоқий барқарорлик йўлида ўзини аямай, эл-юрт учун, Ватан учун қандай ибратли ишларни амалга оширганини кўриш мумкин.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак турли даврларда баьзан ижтимоий-сиёсий ғоялар, баьзан эса диний ғоялар устуворлик қилган. Бу жараёнларнинг ҳар бирида ижтимоий онгнинг ўрни ва роли бир хил аҳамият касб этмаган. Чунки инсонлар бу воқеа ҳодисаларга бир хил муносабатда бўлмаганлар. Ҳусусан, диний ғоялар жамиятда доимо инсонларга кучли таьсир қилиб, халқнинг урф одати, аньана ва маросимлари бевосита эьтиқод қиладиган дини билан боғлиқ бўлган. Яна бир муҳим жиҳати миллатнинг миллийлиги ҳам диннинг таьсири натижасида шаклланиб, дин билан боғлиқ хусусиятларга эга бўлган.
Жамиятдаги тузум доимий бўлмаганлиги сабабли сиёсий ғоялар тез-тез ўзгариб турган. Сиёсий ғоялар абадий хусусиятга эга эмаслиги туфайли диний ғоялар даражасигача кўтарила олмаган. Аммо, сиёсий ғояларнинг ўзгариб туриши инсонларнинг дунёқарашига ва сиёсий онгининг ўсишига ижобий таьсир кўрсатган.
Жамиятдаги муҳит ва иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар ижтимоий онгнинг тез сурьатларда ўзгариб туришига олиб келади. Бу кўпроқ аҳолининг иқтисодий соҳадаги эҳтиёжлари билан боғлиқ. Чунки ҳар бир даврда иқтисодий манфаатлар биринчи ўринда турган. Шу боисдан ҳам инсонларни иқтисодий жиҳатдан таьминлаш, эҳтиёжларини қондириш орқали кўпроқ уларнинг онгига таьсир қилиб, сиёсий ва диний ғоялар сингдирилади. Бунга тарихдан ҳам, бугунги кундан ҳам мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом динининг кириб келиши ва уни аҳолининг қабул қилиш жараёнларини олиб кўрайлик. Ислом динини қабул қилиб мусулмон бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари дастлабки йилларда хирож ва жузя солиқларидан озод қилиниб, уларга анча мунча имкониятлар берилган. Исломни қабул қилишдан бош тортган кимсалардан жонбоши солиғи “жузя” ундириб олинган.
Бугунги кунда ҳам айрим инсонларнинг моддий манфаат учун бошқа динларни қабул қилиб, уларга эьтиқод қилишининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Тарих ва бугунги жараёнларни бир бирига қиёслаш натижисидаги фарқ шундаки, ислом динининг қабул қилиниши Марказий Осиё халқларини бирлаштирди, уларнинг миллий маданиятини шакллантиришга туртки бўлди ва энг асосийси инсонпарварлик, ватанпарварлик каби туйғуларни дин билан мустаҳкамлади. Бугунги жараёнда эса, миллий маданиятни оёқости қилиш, минг йиллар давомида сайқалланиб шаклланиб келган маьнавиятни топташ каби зарарли ва салбий жараёнлар кузатилмоқда.
“Нима учун айнан диний ғоялар билан инсон онгига таьсир қилинади?” деган савол туғилиши мумкин. Чунки дин инсонларни бирлаштирувчи ва уларни тартибга солиб турувчи энг кучли восита ҳисобланади. Инсоннинг дунёга келиши, ҳаёт кечириши ва вафот этиши каби жараёнлар ҳам бевосита динда белгилаб қўйилган ва у билан боғлиқ. Бугунги кунда айрим сиёсий ғояларни инсон онгига сингдириш учун ҳам диний ғоялардан мукаммал фойдаланилмоқда. Жумладан, “дунёнинг мафкуравий жиҳатдан бўлиб олиниши” ғояси. Биз сиёсий харита орқали давлатларнинг чегараларини ажратиб олишимиз мумкин, аммо инсон онгига таьсир қилган сиёсий ва диний мафкураларни қандай қилиб билиш мумкин?. Инсон онгига сингдирилган ғоялар жамиятга шунчалик тез таьсир қиладики, агарда бир ҳудудда 1 та шундай фикрловчи инсон бўлса, бир ойдан сўнг ўн баробар кўпайиши мумкин. Шунинг учун ҳам ижтимоий онгда диний ва сиёсий ғояларнинг ўрни ниҳоят даражада муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, диний ғоялар инсоннинг эьтиқодини билдирса, сиёсий ғоялар унинг ҳақ- ҳуқуқларини, моддий эҳтиёжларини қондирувчи куч ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим вазифаларидан бирига айланиб улгурган. Зеро, 2018 йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ўз ташаббуси билан Қозоғистон Республикасида ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви чоғида мазкур масалага алоҳида тўхталиб: “Тарихимиз муштараклиги ва ўзаро яқинлигимиз ҳозирги дунёнинг мураккаб муаммоларини биргаликда ҳал этиш, биз учун умумий таҳдидларга қарши самарали курашиш, янги авлодлар учун келажакни биргаликда қуришда ёрдам бермоқда. Биз – қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, тожиклар ва ўзбеклар, гўзал Марказий Осиёда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар вакиллари биргаликда тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб яшашимиз тақдирнинг ўзи томонидан белгилаб берилгандир”23, дея таъкидлаган ҳам бежиз эмас.
Тарихимиз, энг аввало хоки поклари Ўзбекистон тупроғида ётган не-не мутафаккир зотлар, буюк сиймоларимиз, халқ орасидан чиққан ва шу омма тақдири билан ҳамнафас улуғ аждодларимиз ҳаёт йўлида, уларнинг Ватан олдидаги беназир хизматларида яққол намоён бўлади. Маълумки, халқимиз минтақа ва жаҳон дини ва маданияти ривожига азалдан беқиёс ҳисса қўшиб келади. Шу билан бирга, инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари билан йўғрилган маънавий меросни асраб-авайлаш ва бойитиб боришга ҳамда қўшни давлатлар халқлари билан янада яқинлашишга ҳаракат қилмоқда. Ана шу эзгу ният ва мақсадлар йўлида астойдил иш олиб бораётган Президент Марказий Осиё халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик солномасида янги саҳифа очди.
Кўп асрлик, тарихан таркиб топган дўстлик, яхши қўшничилик, инсонпарварлик муносабатлари, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликнинг турли жиҳатларини изчил таҳлил этиш мустақилликка эришган ҳозирги вақтда амалга оширилаётган миллий манфаатларни такомиллаштириш, салбий ҳодисаларнинг пайдо бўлиш хавфини ўз вақтида англаб етиш, минтақада яшаб турган барча миллат ва элатларни жипслаштириш, улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, осойишталик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ишларнинг амалий самарасини ёш авлод онги ва қалбига сингдириш борасидаги вазифаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги Ўзбекистоннинг куч-қудрати манбаи халқимизнинг умуминсоний қадриятларга содиқлигидадир. Халқимиз инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, саҳоват ва мурувват, бағрикенглик сингари халқимизга хос бўлган фазилатларнинг нозик куртакларини асрлар бўйи авайлаб-асраб келмоқда. Ўзбекистонни янгилашнинг олий мақсади ана шу анъаналарни қайта тиклаш, уларга янги мазмун бағишлаш, заминимизда тинчлик ва фаровонлик, маданият, виждон эркинлиги ва ҳар бир кишини камол топтириш учун зарур бўлган шарт-шароит яратилмоқда.
Бугун мамлакатимизга бутун дунёнинг нигоҳи қадалган, қадимий маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизни жаҳон аҳли тан олаётган бир даврда инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари йўғрилган миллий меросимизни авайлаб-асраш, бойитиш ва ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Шунда биз, ўтмишдаги буюк зотларимиз: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний ва шулар каби боболаримиз васиятлари ва ўгитларини ҳамда улар қолдирган улкан маънавий меросдан ўрнак ва ибрат олиб, бу ғояни ёшлар онгига тезроқ етказа оламиз ҳамда уларнинг илмга, тарихимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромини янада оширади.
1999 йили Тошкент ислом университети ташкил этилди. Мазкур университетда талабаларга дунёвий ва диний фанлардан кенг кўламли таълим берилади.
2018 йил 16 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5416-сонли “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авалашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади24.
Президент Ш.Мирзиёев Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги илк халқаро нутқида катта ташаббус билан чиқиб, “Исломнинг умумбашари сивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуйи қошида яратилиши ҳамда мусулмон дунёсидаги таълим, илм-фан ва маданият тарихи ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва улар ҳақида талабаларга чуқурлаштирилган махсус курсларни ўқиш мақсадида Тошкент ислом университети таркибида таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ISESCOнинг махсус кафедрасини ташкил этиш”, таклифини билдирди.
Соҳадаги кейинги йирик ташаббусларидан бири 2017 йилнинг 14 февраль куни “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзоланиши бўлди. Марказ ташкил этилишидан кўзланган мақсад ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандашимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизи алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авалаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш. Ушбу Марказнинг очилиши борасидаги ишлар нуфузли халқаро исломий ташкилотлар томонидан эътроф этилди. Жумладан, Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши Бош котиби Али Қорадоғий Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ва аҳлини табриклаб, “Ўзбекистон юрти жуда ҳам кўплаб муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа қатор соҳаларда етук олимларни етиштириб чиқарган.
Do'stlaringiz bilan baham: |