8
Ўзбек шевалари ўзбек миллий тилининг бир тармоғи бўлиши билан
бирга адабий тил ва барча ўзбек шеваларига хос бўлган умумий лексик
қатламга ҳам эга. Шунингдек, ўзбек шеваларида яна ўзига хос гуруҳлар ҳам
борки, улар шу шева вакилларининг моддий ҳаёт
шароитлари, шу шева
жойлашган ҳудуднинг иқтисодий ривожи билан боғлиқдир.
Бугунги кунда халқ тилидаги диалектал хусусиятлар шеваларнинг
ўзаро алоқаси, адабий тил ва турли маданий-маърифий муассасаларнинг
таъсири натижасида камайиб, шевалар ўртасидаги ўзига хос фарқлар
текисланиб, адабий тилга сингиб бораётган жараёнда, шеваларнинг бой
лисоний бойликларини - адабий тилда учрамайдиган сўзларни тўплаш,
уларни сақлаб қолиш ҳамда уларнинг адабий
тил мулкига айланишига
кўмаклашиш заруратдир. Шеваларни ўрганиш ўзбек шевашунослиги, ўзбек
тили тарихи учунгина эмас, балки туркийшунослик фани учун ҳам
қимматли материаллар бериши, шубҳасиз.
Ўзбек шеваларида фарқли томонларнинг мавжудлиги шевалар
тарқалган ҳудуднинг жойлашув ўрни, тарихий шароитлари, аҳоли этник
таркибининг турлилигига боғлиқ. Шунингдек, бу фарқлар шева
вакилларининг
асрлар давомида, қардош, қардош бўлмаган халқлар билан
ўзаро яқиндан алоқада бўлганлигидандир. Шу боис шеваларда ўзига хос
фонетик ҳодисалар, морфологик шакллар, лексикага оид ўзгачаликлар
вужудга келган. Шеваларнинг бундай ўзига хос томонларини ўрганиш ўзбек
тилининг орфоэпик ва орфографик меъёрларини белгилашда аҳамияти
каттадир.
Бугунги кунда ўзбек халқ шеваларини қиёсий-тарихий ва лисоний-
жуғрофий усулларда ўрганиш ўзбек диалектологиясининг баъзи муаммоли
томонларини ҳал қилиш, уни янги назарий маълумотлар билан тўлдиришга
ёрдам беради. Ўзбек шевалари бўйича шева материаллари тўплаш ва уларни
ўрганиш шевалар луғавий бирликларининг функционал белгилари,
шевалараро ҳудудий фарқларни белгилашга,
ички таснифини беришга
хизмат қилади, ҳамда «Ўзбек халқ шевалари атласи»ни яратиш ва
9
тўлдиришга асос бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда
ўзбек шеваларининг лисоний атласини яратиш нафақат ўзбек
тилшунослигининг,
балки
умумтуркийшуносликнинг
долзарб
вазифаларидан биридир. Чунки диалектологик атлас тил ҳодисаларининг
туркий тиллараро ҳудудий тарқалиши ва тил тарихий тараққиётининг баъзи
чигал масалаларини ҳал қилишга имкон беради.
Академик Ш. Шоабдураҳмонов таъкидлаганларидек, жонли тил
материаллари халқ тарихи, тил тарихи, миллий маданият тарихини ўрганиш
ва тўғри ёритишда зарурий манбалардан бири бўлиши билан бирга, ҳозирги
ўзбек адабий тили, айниқса унинг орфография нормаларини тўғри ҳал
қилиш, муқумлаштириш учун катта ёрдам беради.
Ўзбек шеваларини ўрганиш ўзбек тили учун назарий аҳамиятга эга
бўлса, ўзбек тили ва адабиёт ўқитувчисига амалий аҳамият касб этади.
Ўқувчиларга ўзбек адабий тили нормаларини ўргатиш учун ҳам шеваларни
мукаммал билиш ўзбек тили ўқитувчисидан катта масъулият талаб қилади.
Ўзбек диалектологияси фанини ўрганишдан асосий мақсад ҳам ўзбек
тилининг шевалар билан муносабати масалалари ҳақида талабаларга тўла
маълумот беришдан иборат. Бундай мақсадни амалга ошириш учун
қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозим бўлади:
- талабаларга ўзбек халқ шеваларининг ўзбек
адабий тили ва тарихи,
ҳудудий жиҳатдан ёндош бўлган шевалар, шунингдек, қардош туркий
тиллар шеваларига муносабати, ўзаро таъсири каби масалалар тўғрисида
маълумот бериш;
- шеваларнинг фонетик, морфологик, лексик
хусусиятларини адабий
тил билан қиёсий ўргатиш ;
- ўзбек тилининг диалектал таркиби ҳақидаги тарихий маълумотларни
тушунтириш ;
-бугунги кунда ўзбек шеваларини лингвоареал усулда ўрганишнинг
аҳамияти, Ареал лингвистика соҳаси бўйича тушунча ҳосил қилиш.