«Фъяметта». Боккаччо ижодининг камолот босқичида «Фъяметта» (1348) асарини яратди. Бу асар Ғарбий Европа адабиётида биринчи психологик роман, «нозик ҳис билан тўла севги қисса»си эди. Ёзувчи унда севгилиси ташлаб кетган маъшуқанинг ҳис-туйғу ва руҳий азобларини қаҳрамон тилидан моҳирлик билан ҳикоя қилади. Романда автобиографик моментлар ҳам бор. Масалан, турмушда Фъяметта Боккаччога бевафолик қилган бўлса, романда Памфило Фъяметтага вафосизлик қилади.
Бир куни ёш ва гўзал аёл Фъяметта черковда Памфило исмли келишган йигитни кўриб, уни севиб қолади. Эрли бўлса ҳам, унинг бутун хаёлини шу йигит чулғаб олади. Йигит билан топишганида у ўзини бахтли, деб ҳис қилади. Ниҳоят, айрилиқ кунлари етиб келади. Памфилони кекса отаси чакиртирган, у ватанига қайтиши керак. Йигит Фъяметта олдида бош эгиб, унга бўлган садоқатининг абадий эканини изҳор қилиб, тез вақт ичида яна у билан учрашишга ваъда беради. Мана энди Фъяметтанинг ёлғиз ўзи, у ёр хаёли билан яшамоқда. Вақт ўтаверади, лекин йигитдан дарак бўлмайди, ваҳима аралаш рашк уни азобга солади. Бунинг устига унинг қулоғига Памфило уйланибди, деган хабар етиб келади. Бироқ у умидини узмайди. Памфилонинг уйланганлиги ёлғон бўлиб чиқади. Лекин у бошқа бир аёлни севиб қолибди, деган хабар Фъяметтани бутунлай умидсизлантиради. Энди унинг учун яшашнинг маъноси қолмайди.
Ўрта аср рицарь адабиётида, қисман ундан кейинги адабиётда ҳам, хонимлар кўкларга кўтарилар, улар олдида бош эгилар ва улар, қандайдир, етишиб бўлмас идеал сифатида тасвирланар эди. Боккаччодаги янгилик шундан иборатки, у Европа адабиётида биринчи бўлиб аёлларни ўз ўрни, характери, уларнинг ички дунёси, ҳис-туйғулари, қувонч ва азоблари билан бирга реал кўрсатиб, психологизмга асос солди.
Боккаччонинг Флоренциядаги ҳаёти қизғин синфий курашлар шароитида ўтади. Мануфактура саноатининг тез ривожланиши «семиз халқ» («катта» цехлар деб аталадиган уюшмага бирлашган йирик буржуа) билан «озғин халқ» (цехга уюшмаган жун савовчи ва титувчи ёлланиб ишлайдиган ишчилар) ўртасидаги зиддиятларни кучайтириб юборган эди. Эзилган омма 1343 ва 1345 йиллар мобайнида зулм ва солиқларга қарши икки марта қўзғалиб чиққан эди. Бундан сўнг ҳам жун саноати ишчиларининг катта исёнлари давом этиб туради.
Боккаччо ҳукмрон гвельфлар партиясидан дипломатик топшириқлар олади. Республикачилик позициясида турган ҳолда у шаҳар камбағаллари ҳаракатига салбий қарайди.
Боккаччо аввало олим сифатида замондоши Петрарканинг антик адабиётни ўрганишга оид ажойиб ишини изчиллик билан давом эттиради. Латин тилида қатор илмий асарлар ҳам яратади. Унинг антик мифологиясига асосланиб ёзилган «Худоларнинг келиб чиқиши ҳақида»ги китоби ва бошқа асарлари замондошлари учун ҳар томонлама маълумот берувчи манба сифатида катта аҳамиятга эга эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |