ЖОВАННИ БОККАЧЧО (1313-1375)
Ҳаёти ва адабий фаолияти. Итальян Уйғониш адабиётининг иккинчи йирик вакили Жованни Боккаччо олим ва адиб бўлиб, ўша вақтда «назар илғамас» деб ҳисобланган замонавий новелла жанрини юқори босқичга кўтарди, унинг реалистик ва демократик йўналишини белгилаб берди. Боккаччо санъаткорнинг ўзига хос хусусиятларини йўққа чиқарувчи, адабиётнинг халқчиллик руҳига ва реалистик ривожига тўсиқ бўлган, табиат ва инсоннинг қадр-қимматига зид ва реал дунёни рад этувчи диний-аскетик идеология – трансцендентликни бартараф этади.
Боккаччо Парижда туғилди, онаси вафот этгач, у Италияга олиб кетилди. Боккаччо Флоренция билан Неаполда ўсиб улғайди. Отасининг истаги билан коммерсантлик, шунингдек, ҳуқуқшуносликни ўрганса ҳам, антик ёзувчиларнинг асарларига қизиқади. Лекин у тарихий ёдгорликлар, грек тилидаги адабий асарлар билан истаганча чуқур танишолмайди, чунки отаси унга қадимги адабиёт билан фақат бўш вақтларидагина шуғулланишга рухсат этган эди.
Боккаччо йигитлик даврини (1327–1340) Неаполда ўтказади. Бу ерда у гуманистлар билан яқинлашиб, грек тили ва антик адабиётни ўрганишга киришади. Янги орттирган дўстлари туфайли қирол Роберт Анжуйский саройидаги адабий доирага жалб қилинади.
Боккачонинг илк ижоди. Боккаччо ижодининг дастлабки босқичида рицарь романларини қайта ишлаш билан шуғуланди. Шундай асарларидан бири «Филоколо»да (1338) ёзувчи илк ўрта асрлар адабиётида мавжуд бўлган христиан билан мажусий (Флорио ва Бьянчифоре) ўртасидаги қайғули муҳаббат темасини қайта ишлади. Лекин автор бу масалага янгича ёндашолмади.
Унча катта бўлмаган «Филострато» поэмасида (1338) шоир итальян яллачилари айтиб юрадиган саккиз бандли халқ строфаси октавани қўллади. Асарнинг сюжетини ўрта аср француз трувери Бенуа да Сент-Морнинг «Троя ҳақида роман»идан олди ва Троя жангчиси Троил билан грек асираси Гризеиданинг севгисини ўзига хос услубда талқин этди. Унга психологик моментлар киритди.
Боккаччо шеър ва наср аралаш усулда ёзган «Амето» пастарол идилласида (1341) антик чўпонлик поэзияси меросидан фойдаланди. Бу асарда автор қаҳрамонларнинг ички кечинмаларинигина эмас, балки чўпонлар турмуши манзараларининг кенг тасвирини ҳам беришга интилди. Адиб асарда дунёвий лаззатни, табиий ҳис-туйғу ва чин севгини куйлайди.
Асарнинг қаҳрамони Амето қўрс ва қўпол йигит. У овни севади. Амето парилар орасида Лия исмли қизни учратади. Гўзал Лия ажойиб қўшиқлари билан йигитни ўзига мафтун этади. Шу вақтдан бошлаб унинг фикри зикри қизда бўлади. Лияга нисбатан туғилган самимий севги таъсири остида қўпол ва қўрс Амето ўзгариб, ажойиб фазилатли олижаноб йигит бўлиб етишади.
Do'stlaringiz bilan baham: |