ПЕТРАРКА (1304–1374)
Петрарка ҳаёти ва адабий фаолияти. Итальян гуманизмининг асосчиси Франческо Петрарка ўз умрининг кўп қисмини антик адабиёт ёдгорликларини ўрганишга бағишлаган йирик олим, мутафаккир, нотиқ ва шоир сифатида шуҳрат қозонди. Унинг отаси Дантенинг яқин дўсти бўлиб, у ҳам 1302 йилда қора гвельфлар томонидан барча сиёсий муҳожирлар қатори Флоренциядан қувилган ва Ареццодан бошпана топган эди. Петрарка 1304 йилда шу шаҳарда туғилди. Отаси 1312 йилда оиласи билан Франциянинг жанубидаги папанинг истиқомат қиладиган Авиньон шаҳрига кўчиб борди ва саройда котиб бўлиб ишлади. Ёш Петрарка эса шу шаҳар яқинидаги бир қишлоқда яшаб, латин тилини ва қадимги Рим адабиётини қизиқиб ўрганади. Сўнгра у ҳуқуқшунослик билан шуғулланади. 1326 йилда ота-онасидан ажралган Петрарка ўқишини ташлаб, Авиньонга қайтади ва руҳонийлик хизматига киради. Бу нарса уни папа резиденциясига яқинлаштиради. Саройда давом этаётган бемазагарчиликлар, айш-ишрат ва черков мансабини сотиш каби ҳоллар кўп кишилар қаторида Петрарканинг ҳам нафратини қўзғатади. Гарчи у дин билан боғлиқ хизматда бўлса ҳам, лекин диний расм-русмларга кам эътибор берадиган замонавий киши эди.
Петрарка гўзал аёл Ааурага бағишланган дастлабки шеър-сонетлари билан Римга донг таратади. Илм-фанга қизиққан обрўли Рим дворяни Жованни Колонна 1330 йилда Петраркани ўз саройига хизматга таклиф қилиб, антик ёзувчиларнинг асарларини ўрганиши учун унга тегишли шароит яратиб беради. 1333 йилда шоир Франция, Германия, Фландрияга саёҳат қилади. Саёҳатлар Петрарка дунёқарашининг яна ҳам кенгайишига ёрдам беради. 1337 йилда Римга бориб, шаҳарнинг тарихий-маданий ёдгорликларини кўздан кечиради. Авиньонга қайтган Петрарканинг папа резиденцияси жойлашган ва ярамасликлар авж олган шаҳарда яшаши жуда мушкул бўлиб қолади. Шунинг учун у Авиньондан кетиб, ундан ўн беш чақиримча нарида жойлашган Воклюз қишлоғида ёлғизликда яшайди (1337–1341). Бу йиллар шоир ижодининг маҳсулдор йиллари бўлди. Петрарканинг латин тилидаги «Африка» поэмаси, Ааурага бағишланган кўп шеърлари ҳам шу ерда яратилади, бу асарлари шоирга шуҳрат келтиради. Қадимги замон шоирлари анъанаси бўйича 1341 йилда Капитолия (Рим)да катта тантана билан унга ғалаба тожи кийгизилади. Шу вақтдан бошлаб Петрарка Италия ёзувчиларининг атоқли раҳбарига айланади, унинг номи Италиядагина эмас, чет элларда ҳам танилади. Папа Климент ВИ ва бошқалар уни котиблик вазифасига таклиф қилганларида, мустақиллигини йўқотиб қўйишдан чўчиган Петрарка бу лавозимни рад этади.
Петрарка ҳам Данте сингари бадиий адабиёт воситасида ўз замони сиёсий ҳаётига таъсир кўрсатиш, ватанининг миллий бирлигини юзага келтириш учун курашади. 1347 йилдаги антифеодал қўзғолон ҳақидаги хабарни эшитган шоир дарҳол уни табриклайди. Қўзғолон бошлиғи Кола ди Риенци қадимги Рим намунасига эргашиб, Римда республика эълон қилганида, Петрарка унга бағишлаб, «Олий руҳ» номли машҳур сиёсий канцонасини ёзиб, уни маънавий томондан қўллайди. Бироқ Риенци мағлубиятга учраганидан сўнг, Петрарка Рим империясини тиклаш керак, деган фикрга ҳам қўшилади, чунки у ҳар иккала тузум ўртасидаги фарқ катта эмас, деган тушунчада эди.
XИВ асрнинг 50-йилларида Петрарка замондоши Боккаччо билан яқинлашади ва улар ўртасидаги дўстлик мустаҳкамлана боради. Ўз ҳаётининг сўнгги йигирма йилини шоир олдин Миланда, сўнгра Венеция ва ундан кейин Падуеда кечирди. Миланда Жованни Висконти ҳомийлигида яшаган Петрарка «Ҳар қандай бахтсизликка қарши чоралар ҳақида»(1358–66) трактатини ёза бошлайди. Умрининг охирида улуғ гуманист Падуе яқинидаги Арква қишлоғида яшаб, 1374 йилда шу ерда вафот этди.
Петрарка итальян Уйғониш даврининг илк вакили, дунё адабиёти хазинасига катта ҳисса қўшган гуманист шоирдир. У Цицероннинг икки нутқини топди. Антик ёзувчилари Цицерон ва Вергилийлар ижодини диққат билан ўрганди, уларни устоз деб атади. Грек ёзувчилари асарларини эса латин тилидаги таржималаридан ўқиди. Қадимги Рим ёзувчиларининг услуби, фикрлаш шаклларини ҳам ўзлаштириб олди. Италия адабиёти латин адабиётининг давоми эканини таъкидлаб, асарларини латин тилида ёзди. Қадимги классиклар тилини ҳақиқий адабий тил деб тушуниб, тор доирадаги билимдонлар учун имконият туғдирди. Лекин жонли халқ тилидан қочиш унинг учун орқага кетиш эди.
Петрарканинг латин тилида ёзилган «Африка» прэмаси (1338–1342) қадимги Рим классик адабиётининг йирик намояндаси Вергилийнинг «Энеида» поэмасига тақлид қилиш асосида юзага келди. Тугалланмаган бу асарида шоир Рим миллий қаҳрамони Африкани забт этувчи Сципионнинг ғалабаларини тасвирлайди. Петрарка ўз поэмаси учун сюжет материалини Рим тарихчиси Тит Ливийдан олди. Цицероннинг «Республика»сидан эса Сципионнинг туши ҳақидаги ҳикоядан фойдаланди. Шоирдаги антиклик культи – Италиянинг миллий мустақиллигини ҳимоя қилиш феодал-черков зулмига қарши кураш ғояси билан қўшилиб кетади. Поэмада ватанпарварлик руҳини акс эттирган кучли лирик моментлар ҳам бор.
Петрарка Вергилийнинг «буколиклар»и (чўпонлик поэзияси) га тақлид қилиб, латинча 12 эклог ҳам ёзди. Пастораль формасидаги бу шеърларига шоир янги мазмун киритди. Шеърларнинг баъзилари ҳажвий йўналишда бўлиб, уларда сарой, Рим зодагонлари, папа ҳокимияти ва ундаги қабоҳатлар қаттиқ танқид қилинади. Бошқа эклоглари шоирнинг шахсий ҳис-туйғуларини акс эттиради. Лаура қабри устидаги қайғусини тасвирлаган эклог шулар жумласига киради.
Латин тилида ёзилган прозаик асарлари орасида «Машҳур кишилар ҳақида», «Унутилмайдиган нарсалар ҳақида» номли тарихий асарлари ҳам аҳамиятлидир. Биринчи китобида Римнинг машҳур кишилари, шу жумладан, Александр Македонский, Ганнибал ва бошқаларнинг биографияси тасвирланади.
Асар қадимги Рим ва унинг қаҳрамонлари ҳақидаги хотирани янгилаш ва одамларда ватанпарварлик руҳини қўзғатиш каби муҳим масалани кўтарди. «Унутилмайдиган нарсалар ҳақида» китоби илгари яшаган авторлардан кўчирилган парчалар, мисоллар ва ҳикматли сўзлардан иборатдир. Китобга кўп Рим арбоблари ва Данте ҳақидаги ҳикоялар ҳам киритилган. Асарнинг ўз замонаси учун маърифий-тарбиявий аҳамияти жуда катта.
Ахлоқий-фалсафий трактатлари Петрарканинг ижтимоий-сиёсий қарашларидаги беқарорлик ва зиддиятларни акс эттиради. Турмуш қувончлари, табиат гўзаллигини куйлаш, мажусийликни ҳурматлаш билан бирга ёзувчи христиан дини ақидалари доирасида ҳам ўралиб қолади, ўрта аср схоластик дунёқарашидан алоқани узолмайди. Бу ҳолат ундаги қайғули кайфиятларни орттиради. «Дунёга нафрат билан қараш ҳақида» асарида (1343) Петрарканинг ўз дунёқараши ва тушунчасидаги зиддиятлар («Ички адоват»)ни таҳлил қилади. Бу китоб азоб чеккан инсон шахсиятининг янги адабиётдаги биринчи тавба-иқроридир. Асар Петрарка билан руҳоний Августин ўртасидаги мунозара шаклида баён қилинган. Августин ўрта аср диний-аскетик қарашларининг асосчиларидан бўлиб, ёшлигида шундай иккиланишларни кечирган ва бу ҳолат унинг машҳур «Иқрор»ида акс этган. Августин шоирдаги дунёвий ҳузур-ҳаловатга интилиш, шеърият билан банд бўлиш, шон-шуҳрат ва севгига берилиш каби ҳисларнинг ўткинчи нарсалар эканини айтиб, уни бундай туйғуларни енгишга ва фақат муқаррар ўлим ва «нариги дунё» ҳақида ўйлашга чақиради. Петрарка Августин билан қизғин мунозара қилади. У севги ва шуҳратга бўлган эҳтиросидан воз кеча олмаслигини, Ааурага нисбатан севгиси ўзида кўтаринки руҳ туғдиражагини, у ўткинчи нарсани эмас, балки ўлмас жонни севажагини билдиради. Августин Петрарканинг Лаурага муносабати ҳаётий муҳаббат эканини айтиб, унда бу ҳақда ишонч ҳосил қилдиради. Шоир унинг фикрига қўшилишга тайёр, лекин олдин у бу дунё ишларини охирига етказиши керак. Бундан маълум бўладики, янги ўзгаришлар рўй бераётган даврда яшаган Петрарка қарашларида ижтимоий-сиёсий зиддиятлар бор. Лекин ундаги гуманистик онг христиан-аскетик дунёси догмаларига батамом таслим бўлмайди. Кишининг дунёвий ишлари, ақл-идроки «нариги дунё ҳақидаги хаёлий тушунчаларидан устун бўлиб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |