О.ҚАЮМОВ
ЧЕТ ЭЛ АДАБИЁТИ ТАРИХИ
(ИЛК УРТА АСРЛАР, УЙГОНИШ ДАВРИ ВА XVII asr ҒАРБИЙ ЕВРОПА АДАБИЁТИ )
ПЕДАГОГИКА ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ФИЛОЛОГИЯ ФАКУЛЬТЕТЛАРИ УЧУН ДАСРЛИК
«Укитувчи» НАШРИЁТИ-ТОШКЕНТ- 1973
КИРИШ
Эрта асрларда ижтимоий тузум. Ўрта асрлар адабиёти антик қулдорлик жамияти ўрнида вужудга келган янги ижтимоий тузум – феодализм негизида шаклланади. ИВ-В асрлар мобайнида Рим қулдорлик жамиятининг кризиси кучаяди. Шаҳарлар ўз қиёфасини йўқотади, ҳунар, савдо-сотиқ инқирозга юз тутади, маданият орқага кетади.
Рим империясида қуллар аёвсиз эксплуатация қилинар эди. Қуллар ишлаб чиқариш маҳсулотидан манфаатдор бўлмаганлиги сабабли, уларнинг меҳнати унумсиз эди. Йирик қулдорлар қул меҳнатига арзон ишчи кучи сифатида қарар эдилар. Бинобарин, арзон қул меҳнатини қўлга киритишга интилиш босқинчилик урушларини келтириб чиқарар, асир ва тутқунлар қуллар сафини тобора кенгайтирар эди. «Антик (қадимги) қуллик,- деб кўрсатади Ф.Энгельс, - ёшини яшаб бўлган эди. Йирик қишлоқ хўжалигида ҳам, шаҳар мануфактураларида ҳам қуллик қуллар сарф қилган меҳнатни қопларли даромад бермайдиган бўлиб қолган эди, қуллар ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиш бозори йўқ бўлиб кетган эди».
Қулларнинг қаттиқ эксплуатация қилиниши уларнинг ғалаёнларини келтириб чиқарар эди. Бунинг устига «варвар» қабилаларининг Рим империяси чегараларига таҳдиди ҳам орта боради. Бундан ташвишга тушган қулдорлар, қулларнинг бир марказга уюшувига йўл қўймаслик учун, уларни ерга бириктиришга, шу орқали ўз ҳукмронликларини сақлаб қолишга уринадилар. Лекин бу мумкин эмас эди, чунки «Ўрта аср крепостнойларининг ўтмишдошлари» (Ф.Энгельс) бўлмиш ўтроқлаштирилган ерсиз деҳқон-колонлар оғир шароитда меҳнат қилиб, ҳосилнинг кўпини ижара ҳақига тўлар, бора-бора қарзга ботиб, бир парча ерга боғланиб қолар эдилар. Шундай қилиб, қулдорлик тузуми шароитида феодал ишлаб чиқариш муносабатлари келиб чиқади. Қул меҳнати ўрнини крепостной деҳқон меҳнати эгаллай бошлайди. Йирик мулкдорлар ўртасида текинхўрлик кучаяди. Булар Рим империясининг кризисидан дарак берарди.
Ниҳоят, қуллар билан колонларнинг қўзғолони ҳамда уларга хайрихоҳ бўлган «варвар»ларнинг Римга бостириб келиб берган зарбалари натижасида В асрда Рим қулдорлик жамияти емирилади.
Кишилик жамияти тараққиётида катта ўрин эгаллаган қадимги дунё –антик жамият харобаликлари ўрнига янги ижтимоий формация – феодализм вужудга келади. Феодализм ИВ-В асрларда ташкил топа бошлаб, XИ-XВ асрларда юқори босқичга кўтарилади ва у XВИ-XВИИ асрларда инқирозга учраб, емирила бошлайди. Ерга хусусий мулкчиликка асосланган феодализм ўрнига капиталистик ишлаб чиқариш муносабатлари бунёдга келади. Шунинг учун қадимги дунё тарихининг охири билан янги замон – капитализмнинг бошланишигача (XВИИ асргача) бўлган давр ўрта асрлар номи билан аталган.
«Ўрта асрчилик бутунлай примитив асосда ривожланди. Ўрта асрчилик ҳамма нарсани энг бошидан бошлаш учун қадимги цивилизацияни, қадимги философия, сиёсат ва юриспруденцияни ер билан яксон қилиб ташлади. Унинг барбод бўлган қадимги дунёдан қабул қилиб олган бирдан-бир мероси христианлик ва ярим хароба ҳолига келган, ўзининг илгариги бутун цивилизациясини йўқотган бир неча шаҳар бўлди».
Ўрта асрларда феодал эксплуатацияси ҳаддан ташқари кучайиб, крепостной деҳқонлар қаттиқ эзилади, кенг халқ оммаси эса нихоят даражада қашшоқлашади. Натижада зулм ва адолатсизликларга қарши қатор деҳқон ғалаёнлари юз беради. «Феодализмга қарши революцион оппозиция бутун ўрта асрларда давом қилиб келди. Бу оппозиция ўша замон шароитларига мувофиқ равишда гоҳ мистика шаклида, гоҳ очиқдан-очиқ бидъат шаклида, гоҳ қуролли қўзғолон шаклида намоён бўлиб келди».
Ўрта асрчилик тартибларига зарба бериш учун дастлаб христиан черкови асосларига путур етказиш керак эди. Шунинг учун ҳам ўша вақтдаги норозиликлар, қисман диний бидъат тарзида ҳам келиб чиққани шубҳасиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |