«Беовульф ҳақида поэма». Британияга кўчиб ўтган герман қабилалари орасида юзага келган инглиз-сакс қаҳрамонлик эпосининг бизгача етиб келган ягона намунаси «Беовульф ҳақидаги поэма»дир. Асар ВИИИ – ИX асрлар мобайнида яратилиб, X аср бошларида ёзиб олинган. Поэмада мажусийлар даврига хос қадимги герман афсоналари акс этган, лекин кейинги вақтларда унга христиан диний қарашлари ҳам киритилган. Поэма уч мингдан ортиқ мисрали бўлиб, икки қисмдан иборатдир.
Асарнинг биринчи қисмида Дания қироли Хротгарнинг саройи тасвирланади.
Қирол ўз дружинаси билан ўтказадиган зиёфатларига мўлжаллаб катта меҳмонхона қурдириб, уни «Хеорот», яъни «Буғу қасри» деб атайди. Лекин қиролнинг бу меҳмонхонадаги хурсандчилик кечалари кўп давом этмайди. Денгиз бўйидаги ботқоқликларда яшовчи даҳшатли махлуқ Грендель кечалари қиролнинг жангчиларини еб кета бошлайди. Бу қайғули хабар Швециянинг жанубий ерларида яшаган геотлар қабиласига бориб етади ва бу қиролликнинг баҳодири Беовульф ўндан ортиқ жангчилари билан денгиз орқали Данияга келади. Ўша куни кечаси одамхўр Греядель Хротгар саройига яна тажовуз қилиб, ухлаб ётган соқчилардан бирини ўлдириб, унинг қонини сўради ва гўштини ютади. Иккинчи одамни емоқчи бўлиб турганда у Беовульфнинг метиндек қўлларига тушади. Икки ўртада олишув бўлиб, одамхўрнинг суяк ва пайлари мажақланади, қўли эса Беовульфнинг қўлида колади. Мажруҳ душман ўз уяси томон судралиб кетади. Эртасига кечаси Гренделнинг онаси келиб, ўғли учун ўч олиб, Хротгарнинг дружинасига катта талафот етказади. Бу воқеадан хабардор булган Беовульф тездан унинг изидан бориб, хавфли ботқоқлик ичига киради. Даҳшатли душманни қаттиқ жангда енгиб, калласини ўлжа қилиб саройга келтиради. Қўшни мамлакат Данияни йиртқич душмандан озод қилган Беовульфнинг хизматлари тақдирланади ва у катта тантана билан ўз ватанига қайтади.
Поэманинг иккинчи қисмида Беовульфнинг қариган чоғидаги ҳаёти ва қаҳрамонона кураши акс эттирилади. Беовульф идора қилаётган ерда даҳшатли ўт сочувчи аждарҳо пайдо бўлиб, ҳамма нарсани куйдириб-қуритиб юбора бошлайди. Беовульф бу душман билан ҳам жанг қилиб, уни ҳалок этади. Лекин ўзи ҳам аждарҳонинг заҳарли тишидан оғир ярадор бўлиб ўлади. Унинг жасадини ўтда куйдириб, тантана билан кўмадилар.
Поэмада Беовульф образи мард, одамларга ёрдам бериш учун ўз жонини фидо қилишдан ҳам қайтмайдиган олижаноб халқ қаҳрамони сифатида тасвирланган.
Эпос қабила тузуми емирила бошлаган даврда яратилган. Буни мажусий одатини кўрсатадиган қатор аломатлардан билиш мумкин. Дружина ҳаёти, қирол билан паҳлавонлар ўртасидаги муносабат, ўликни куйдириб кўмиш расми ва бошқалар шулар жумласидандир.
Бироқ мазкур поэма бизга етиб келгунга қадар катта ўзгаришларга учраган. Христиан хаттоти поэмани ёзиб олиш вақтида мажусий (христианликкача бўлган будпарастлик) худоларининг номларини чиқариб ташлаган ва мажусийлик қарашлари ўрнига христиан черкови ақидаларини киритган; даҳшатли махлуқ Греядель «дўзах руҳи», «гуноҳи учун худо томонидан қувилган» шайтон деб кўрсатилади, Каин ва Авелларнинг номи тилга олинади. Бу образ ва номлар сунъийлиги билан ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |