Роберт Грин. Кўзга кўринган ёзувчи ва драматург Роберт Грин (1558–1592) билим доираси кенг киши бўлиб, турли жанрларда (поэма, роман, драма) асарлар яратди, халқ драмаси жанрига асос солди. Ҳикояларида эса пастораль (чўпонлик) адабиётига хос севги интригаларини акс эттирди. Унинг бизгача етиб келган 6 та пьесасида романтик мотив, қаҳрамонлик, жасорат ва дўстлик олқишланиб, сарой урф–одатлари масхара қилинади. Муаллифнинг услубий сифатлари унинг «Альфонс», «Дарғазаб Роланд», «Лондон учун кўзгу», «Монах Бэкон ва монах Бенгей тарихи», «Яков ИВ» ва, ниҳоят, афсонавий қаҳрамон Робин Гуд ҳақидаги халқ балладалари асосида яратилган «Жорж Грин – Векфильд дала қоровули» (1592) трагедияларида ёрқин ифодаланган.
«Жорж Грин – Векфильд дала қоровули» трагедиясида қирол Эдуард ИИИ ҳукмрон бўлган даврдаги воқелик ифодаланади.
Мамлакатнинг шимолий қисмидаги ўзбошимча феодаллар лорд Кендаль раҳбарлигида қирол Эдуард ИИИ га қарши бош кўтарадилар. Уларнинг вакили Векфильд қишлоғига келиб, ўлпон тўлашни талаб қилади. Деҳқон Жорж бу талабни рад этади ва исёнкор феодал бошлиқларини қўлга тушириб, уларни қиролга топширади. Бу севгилиси Беттериснинг бой отасини аччиқлантиради. Бой қизини Жоржга беришни истамайди. Шундан кейин Беттерис Жорж билан ўрмонзорга қочиб кетади. Жоржнинг жасоратини эшитган машҳур халқ қаҳрамони Робин Гуд у билан учрашади. Қиличбозликда Робин Гуднинг бутун одамларини енгган Жорж куч ва мардликда у билан тенг бўлиб чиқади. Бу қаҳрамонлик улар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайди.
Қирол ўзига ёрдам қилган кишининг ким эканлигини билишга қизиқиб, кийимини ўзгартириб, мусобақа – ўйин ўтказилаётган жойга боради ва қиличбозликда ғалаба қозонган икки қаҳрамонни кўради. Қирол Робин Гуднинг гуноҳларини кечади, Жорж Гринга дворян номини бермоқчи бўлади, лекин Жорж деҳқонликни дворянликдан афзал кўриб, бундай инъомдан воз кечади. Жоржда меҳнаткаш халққа хос мардлик, софлик ва ғурур бор. У ўзини зодагонлардан сира тубан ҳисобламайди. Пьесанинг сиёсий мазмуни гуманистларнинг мамлакатнинг бирлигини барпо этиш ва исёнкор феодалларга қарши кураш учун абсолют монархияни мустаҳкамлаш зарур деган қарашларига мос келади.
«Векфильд дала қоровули» инглиз драматургиясида плебей–демократик ғояларни илгари сурган, халқ оммасининг истак–орзуларини ифодалаган пьеса сифатида диққатга сазовордир.
XВИ асрнинг охирига бориб инглиз театри ўз тараққиётининг юқори босқичига кўтарилади. Лили, Кид, Марло, Гринлар инглиз драматургиясини бойитишга катта ҳисса қўшдилар. «...Титанларга муҳтож бўлган ҳамда тафаккур кучи, завқу эҳтироси, характери, ҳар тарафлама маълумотлилиги ва билимдонлиги жиҳатидан титанларни вужудга келтирган» Уйғониш даври Леонардо да Винчи, Альбрехт Дюрер, Жордано Бруно, Коперник, Рабле ва Сервантес каби йирик мутафаккир ва улуғ ёзувчиларни юзага келтирди. Улар орасида энг ҳурматли ўринлардан бирини, шубҳасиз, жаҳон драматургиясининг буюк намояндаси Вильям Шекспир эгаллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |