Трагедиялар. Шекспир ижодининг биринчи давридаёқ ўз муҳитининг фожиали томонларини кўрган ва қаламга олган эди. Драматург, атрофини ўраб олган ярамасликларга танқидий қараб, инсон тақдири ва унинг истак-орзулари ҳақида чуқурроқ фикрлашга интилади. Шекспир комедияларига хос ҳаёт лаззатидан завқланиш унинг трагедияларида ҳам учрайди. Лекин уларда фожиали воқеаларни акс эттириш, кишининг эркин ҳаёти ва севгисига тўсиқ бўлган ҳодисалар, зулм ва фанатизмни қоралаш асосий масала бўлиб, қолади.
Трагедияларда кўнгилсиз ҳодисаларни тасвирлашда ёзувчи пессимистик кайфиятга берилмайди, аксинча, у фожиалар гирдобида ҳам турмушга ишонч туғдирадиган оптимистик образли воситалар топади. Бу нарса мавжуд жамиятда янгиликнинг эскилик устидан тантана қилишини кўрсатишда аниқ намоён бўлади.
Шекспир ижодининг биринчи даврида ёзилган трагедияларидан бири «Ромео ва Жульетта» (1595) дир.
Трагедияда икки ўзаро душман хонадонда туғилиб, вояга етган ва тасодифан бир-бирларини кўриб, севишиб қолган Ромео ва Жульеттанинг тақдири ҳикоя қилинади. Феодал дунёси кабоҳатлари, заҳар, фисқ-фужур уларнинг эркин муҳаббатига тўғаноқ бўлгани қораланади.
«Юлий Цезарь» (1599) трагедияси сюжетининг материали антик тарихчи Плутархнинг «Қиёсий таржимаи ҳол» китобидан олинган бўлиб, унда ўша даврнинг муҳим сиёсий воқеалари – қадимги Римдаги республикачилар (Брут, Кассий) билан монархия тарафдорлари – цезарчилар (Антоний, Октавий) ўртасидаги кураш акс этган. Асардаги чуқур ижтимоий фикрлар, душман гуруҳлар ўртасидаги шиддатли конфликт, тарихий қаҳрамонлар характерини яратишдаги маҳорат – бу трагедияни Шекспир ижодининг энг яхши намуналаридан бири даражасига кўтарган.
ШЕКСПИР ИЖОДИНИНГ ИККИНЧИ ДАВРИ
XВИ аср охирларида Англияда абсолют ҳокимиятнинг тушкунликка учраши тасодифий ҳол эмас эди, чунки у жамият ишлаб чиқариш муносабатларининг бундан сўнгги ривожланишига тўсиқ бўлиб қолади, қироллик ҳукумати билан парламент ўртасида зиддиятлар вужудга келади. XВИИ асрнинг бошларида, яъни Елизаветанинг ҳукмронлиги тугаб, Яков Стюарт тахтга чиққан (1603) ва феодал реакция кучайган вақтда, қирол билан буржуазия ўртасидаги қарама-қаршилик жиддий тус олади. Бу йилларда кенг халқ оммаси – деҳқон ва ҳунармандларнинг аҳволи яна ҳам оғирлашади.
Гуманистларнинг «ягона беғубор бахт» ҳақидаги хаёллари капиталистик тартиблар устунлик қилиб бораётган шароитда амалга ошмаслиги, бу бир иллюзия эканлиги маълум бўла боради. Миллий-тарихий хроника жанри Шекспирнинг бу янги даврга хос дунёқарашини тўлиқ акс эттира олмасди. Шунинг учун драматург ўлиб бораётган феодал оламининг инқирозини кўрсатиш за туғилиб келаётган ақча ҳукмронлиги ва унинг очкўз, йиртқич табиатли вакилларининг реалистик образини яратишга қулайроқ бўлган трагедия жанрига бутунлай ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |