Тарихий хроникалар. Шекспир тарихий хроникалар деб номланган драмалари учун материални, асосан, XВИ аср инглиз тарихчиси Холеншеднинг «Англия, Шотландия ва Ирландия хроникалари»дан олади. Қадимги ҳужжатларда тарихий воқеалар эртак ва афсоналар билан қориштириб юборилган бўлиб, уларда ўзаро феодал урушлар ва уларнинг қироллик ҳокимиятига қарши курашлари акс этган эди. Шекспир бу манбаларни ўрганиб, тарихий ўтмишнинг асосий тенденцияларини тушуниб, уларни ҳаққоний тасвирлаш йўлини топади. Афсоналардан реал ҳодисалар мазмунини тўлароқ очиш учун фойдаланади.
Ўн хроникадан саккизтасида («Қирол Жон» ва «Генрих ВИИИ» бундан мустасно) феодал урушлар, марказлашган ҳокимият ўрнатиш учун кураш, давлат ва халқ тақдири масалалари тасвирланади.
Душман хавф солиб турган бир вақтда миллий давлат ўрнатиш ғояси прогрессив ғоя эди. Тарихга ижодий ёндашган Шекспир рўй бераётган воқеаларни пешанага битилган қисмат натижаси деб эмас, балки табиий зарурият деб қараб, мамлакатнинг ривожланиш тенденциясини, янгиликнинг эскилик устидан, абсолютизмнинг феодал анархияси устидан ғалаба қилишини, стихияли равишда бўлса ҳам, тўғри англайди.
Шунинг учун ҳам Шекспир ўз хроникаларида Англиянинг бирлашишига тўсқинлик қилаётган ўзбошимча феодалларга қарши қаттиққўллик билан кураш олиб борувчи кишиларни қўллаб, шахсий манфаатга берилиб кетган ва давлатни бошқара олмайдиган даражада қобилиятсиз қиролларни қоралайди.
Монархияни феодал анархиясига қарши қўйган Шекспир давлатга кучли ва адолатли халқпарвар қирол раҳбарлик қилсин, агар мамлакатни идора қилувчи ҳоким юксак сазияли бўлмаса, у зудлик билан тахтдан туширилиши керак, деган фикрни ёқлади. «Ричард ИИ» хроникасида иродасиз, тентак, шаҳватга берилган, золим мустабид кўрсатилади. У атрофига текинхўрларни йиғади, адолатсизлик билан соф юракли кишиларни, шу жумладан ёш Болингброкни қувғин қилади. Бу адолатсиз ҳаракатлари натижасида унга қарши исён кўтарилиб унинг тахтдан туширилишига олиб келади. Чунки тарихий таракқиёт, давр талаби бундай ҳукмронларни рад этар эди.
Хроникаларда тасвирланган қироллар ёзувчи ўйлаганича эмас. Шекспирнинг реалистик қалами унинг хаёлидан анча устун. Қирол Жон жиноятчи, шафқатсиз, Ричард ИИ маишатпараст ва қобилиятсиз, Генрих ИВ эгоист ва золим, Генрих ВИ иродасиз, Ричард ИИИ эса қотилдир. Давлатни Генрих В каби монархлар бошқармоғи лозим, деб Шекспир уни ҳамма қиролларга ўрнак қилиб кўрсатади. Дастлабки пьесаларидан ҳисобланган «Генрих ВИ» ва «Ричард ИИИ» да мамлакатни ҳалокат ёқасига олиб келган феодал урушлари қораланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |