«Ричард ИИИ». «Ричард ИИИ» (1592) драмасининг сюжетини Холиншеднинг «Англия, Шотландия ва Ирландия хроникалари»дан (1577) олиб, уни бадиий қайта ишлади. Асарнинг бош қаҳрамони мансабпараст Ричард тахтни эгаллаш учун ҳеч нарсадан қайтмай, йўлида учраган ҳамма тўсиқларни енгади. Аввал у касал қирол Эдуард ИВ нинг иккала ўғлини ўлдиради, сўнгра қиролнинг укаси герцог Георг Кларенсни ҳам йўқ қилдиради. Бу билан ҳам қаноатланмаган Ричард ИИИ акасининг ёш ўғли ва ёш қизини ҳам ўлдиртиради.
Ёзувчи ўрта аср мистерия традициясига суяниб, юз берган ҳодисаларни бирин–кетин ҳикоя қилади. Бироқ Шекспир бош қаҳрамоннинг қиёфасини асар ғоясига боғлаб очиш каби янги услуб қўллайди. Ричард чаққонлиги, ўткир ақли, жасурлиги ва найрангбозлиги билан олдин яратилган хроникалардаги қаҳрамонлардан ажралиб туради. Бу йиртқич табиатли «кучли шахс» олдида ҳамма кучсиз за иложсиздир. Ишратпараст қирол Эдуард ҳам, фисқ–фасодчи лақма Кларенс ҳам, қиролича Елизаветанинг яқин туғишганлари очкўз ва такаббур Риверс, Дорсет, Грей, карьерист Бекингем, нодон Хестингс ва бошқалар ҳам унга қаршилик кўрсата олмай, унинг олдида масхара бўладилар. Қиролича Елизавета, қирол Генрих ВИ нинг хотини Маргарита, Эдуарднинг хотини леди Анналар уни мунофиқ, қотил, жиноятчи деб қоралайдилар. Иродали, покиза ва жасур Маргаритагина Ричард билан очиқ мунозара қилади. Бироқ унинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмас эди, чунки вақт ўтган, унинг атрофидагилар эса курашга қобилиятсиз, худбин ва манфаатпараст кишилар бўлиб, унга мадад бера олмас эдилар.
Ричард учун «муштум» гўё «виждон» бўлиб, «қилич», яъни зўравонлик «қонун» тусини олади. Лекин у бу принципга ёпишиб олмайди. Шароитга қараб иш тутади. Ричард Кларенс ва Хестингс билан муомалада очиқ, Анна билан ширин сўз, қиролича Елизавета билан эса ўта қўпол муомалада бўлади.
Содда Аннанинг «диққати»ни ўзига тортиш учун Ричард ИИИ унга «муҳаббат» изҳор қилади. Анна кўп қийинчиликлардан сўнг «заҳар–заққум» деб атаган кишисининг таклифига кўнишга мажбур бўлади. Охирида хўрланган Анна ҳам ўлдирилади.
Ўз олдида турган барча тўсиқларни бирин–кетин бартараф этган Ричард ИИИ энди тахтни тезроқ эгаллаш йўлини излайди. Шаҳар халқининг диний эътиқодидан фойдаланади: у ўзини тақводор қилиб кўрсатиш ниятида улар ҳузурига икки руҳоний кузатувида чиқади. Гўё тахтни эгаллаш ҳақидаги «илтимос»ларга кўнмагандай бўлади ва охирида мамлакатни бошлиқсиз қолдирмаслик учун, деб тахтни эгаллайди. Виждондан тамоман маҳрум бу шахс ёш болаларни ҳам ўлдиради, оналарнинг дод–фарёдига қулоқ солмайди, салгина шубҳа туғдирган ўз ёрдамчиларининг ҳам калласини олдиради.
Ричард охирида ёлғиз қолади. Ёлғизлик унинг ўз кучига ишончини йўқотади. Ричард хатоларини англайди, бироқ энди уни тузатишнинг иложи йўқ эди. Ўлдирган кишиларининг руҳи уни лаънатлайди. У буни ҳис қилади, азоб чекади. Шунда ҳам у чекинишни истамайди. Лекин унинг даври ўтган эди. Ричард жангда Ричмонддан енгилиб ҳалок бўлади.
Ричард образининг ўзига хос хусусияти шундаки, жиноятларининг саноғини йўқотган бу шахс ўлими олдидан: «Ҳеч ким мени севмайди, ўлганимдан сўнг ҳеч ким менга ачинмайди», деб жиноятларига иқрор бўлади.
Шекспир Ричард образи орқали йорклар хонадонининг шаъни учун курашувчи шахснинг ўз шахсий манфаатини кўзлаб, тахтни эгаллаш учун интилувчи қонхўр жиноятчига айланганини, феодал муносабатлар емирилаётган шароитда ўзини халққа қарши қўйган золим ҳукмроннинг ҳалок бўлиши муқаррар эканини кўрсатади.
Драматург «Генрих ИИИ», шунингдек, «Генрих ВИ» хроникаларида қаҳрамонларнинг асосий хусусиятларини очишда тарихий моментларни бўрттириб кўрсатади. Бу нарса ҳаммадан олдин халқнинг тахтга чиқмоқчи бўлган золим ва қотил Ричард ИИИ га нисбатан совуқ муносабатида намоён бўлади.
Драмада марказий образ Ричарднинг барча хусусиятлари тўла ёритилган. Ричард «кучли шахс» эканлиги билан Кид ва Марло қаҳрамонларига ўхшаб кетса ҳам, лекин улардан кўп қирралилиги билан фарқ этади. Ричард ақлли, чаққон, айни вақтда жиноятчи ва иғвогар. Ўрта асрларнинг содда кишисидек эмас, балки капитал тантана қила бошлаган даврда етишган киши сифатида анча қўпол ва ҳийлакордир.
«Ричард ИИИ» Шекспир ижодий эволюциясининг хроникадан трагедияга ўтиш босқичида яратилган асардир. Ричард образи монументал Яго, Макбет ва бошқа образларнинг яратилишида биринчи тажриба бўлиб хизмат қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |