«Генрих ИВ». Хроникалар жанрининг энг юқори чўққиси ҳисобланган «Генрих ИВ» тарихий драмаси икки қисмдан иборат бўлиб, биринчиси 1598 йилда, иккинчиси 1600 йилда нашр қилинган. Драма яҳлит бир ғояни ёритишга хизмат қилувчи икки мустақил томошага мўлжалланган пьесадир. Асарнинг асосий конфликти марказлашган миллий давлат ўрнатишга интилган қирол билан унга қарши чиққан феодаллар ўртасидаги курашдан иборат. Конфликт жонли ва реалистик бўёқларда очилади. Абсолютизм тартибики ўрнатувчи Генрих ИВ идеал ҳоким бўлолмайди, чунки у Ричард ИИ ни ўлдириб, унинг ўрнини эгаллайди. У бу ҳақда ўйлаб, ҳатто руҳан азоб чекади. Тахтни эгаллашда унга ёрдам берган феодаллар Вустер, Нортемберланд ва бошқалар Генрихдан кўп нарса талаб қилиш билан унинг мустақил сиёсат юргизишига халақит берадилар. Бироқ Генрих ИВ энди уларни писанд қилмай, ўзига бўйсундириб олиш учун барча чораларни кўради. Бунга қарши улар Генрихнинг собиқ душманлари — Ричард ИИ тахтининг меросхўри Мортимер, Шотландия озодлиги учун Англияга қарши курашган Дуглас ва йиртқич табиатли феодал Глендаур билан иттифоқ тузадилар.
Сақланиб қолган манбаларда Генрих ИВ нинг ғалабасини таъминлаган сабаблар номаълум. Лекин Шекспир курашувчи кучларнинг сиёсий қиёфасини реал тасвирлайди ва у мамлакатнинг бирлигини истаган гуруҳларнинг қатъият билан олиб борган курашлари ўзбошимча феодалларни мағлубиятга учратди, деган хулосага келади.
Хрониканинг И қисмида Генрих ИВ исёнкор феодалларга қарши актив кураш олиб борса, ИИ қисмида унинг ҳаётида ўзгариш рўй беради, касалга чалинади, шу сабабли энди у мамлакат ҳаётига бевосита аралашолмай қолади.
Хроникада тасвирланган ҳар икки душман гуруҳнинг ичида ҳам турлича қарама–қаршиликлар мавжуд. Бу зиддиятлар драмада жонли кишилар орқали ёритилади, Масалан, Глендаур билан Хотспер, қирол Генрих ИВ билан шаҳзода Генрих В, Фальстаф билан шаҳзода ўртасида жиддий келишмовчиликлар бор. Ёш Генрих ўз муҳитидан қочади, сарой ва давлат хизмати билан банд бўлиб қолишни истамайди, эскича ҳаётни тарк этиб, маишатга берилган рицарь Фальстаф каби кишилар билан улфат бўлади. Улар билан маишат қилади, кечалари эса йўл тўсиб, маишати учун ўлжа топишга ҳаракгт қилади. Бироқ шаҳзода Генрих бу аҳволда узоқ вақт қолмайди. Ўзининг шахсий ва ижтимоий бурчини англайди. Отаси касалланиб, мамлакатни идора этолмай, унинг ҳукмронлиги хавф остида қолган бир вақтда ёш Генрих ўйин–кулгини тарк этади, жанг майдонига бориб, ашаддий душмани рицарь Хотсперни мағлубиятга учратади. Отаси вафотидан сўнг тахтга чиққан (ИИ қисм) ёш қирол ҳақидаги хабар «семиз рицарь» Фальстафни қувонтиради. У энди чекланмаган хушчақчақ турмуш кечирмоғимиз учун катта имконият яратилди, деб ўйлайди. Лекин қирол Генрих ўзини қутлаш учун келган собиқ ошнасига эътиборсиз қарайди. Унинг ҳазил аралаш сўзларига дағал жавоб беради. Чунки у билан ўтказилган йиллар ёшлик давридаги бетайинликдан иборат эканини тушунади. Ёш Генрих тез ўзгаради. Энди давлатни бошқариш каби муҳим бурч зиммасига тушганини ҳис қилади. Кекса қиролнинг ўзидан сўнг мамлакатда қонунсизлик ҳукмрон бўлади, деб ташвишланиши ўринсиз бўлиб чиқади. Генрих ҳокимларга хос жиддий тусга кириб, қаттиқ қўллик билан иш юритади.
Шекспир ўтмишни тасвирлаганда доимо ўз замонини назарда тутади, феодал жамиятнинг иллатларини фош қилиш билан бирга, туғилиб келаётган буржуа ҳукмронлигининг салбий томонларини ҳам аниқ кўрсатади.
Генрих ИВ нинг феодаллар устидан ғалаба қозонишига сабаб унинг кучли шахс эканлиги эмас, балки ягона миллий давлат ўрнатиш учун қаттиқ кураш олиб борганлигидир.
Шекспир «Генрих ИВ» хроникасида сиёсий воқеалар, ўзаро жанжаллар ва урушларни тасвирлаш билан чекланмай, маиший масалаларга ҳам катта ўрин беради. Жон Фальстаф ҳаёти ва хатти–ҳаракатига оид тасвирларда ёзувчининг образини индивидуаллаштиришдаги реалистик маҳорати ёрқин намоён бўлади.
Жиддий ва комик элементларни узвий боғлаб бериш, сарой турмушини масхаралаб, оддий кишилар ҳаётига хайрихоҳлик билан қараш драманинг асосий хусусиятларидан биридир. Ёзувчи Фальстафнинг қўпол ҳазиллари орқали Уйғониш даврининг хушчақчақ руҳини ҳам акс эттиради. Фальстаф янги муносабатлар таъсири остида эски феодал ахлоқ нормалари, шон–шуҳрат қозониш ҳақидаги рицарь қоидаларидан воз кечади. У урушларга отилиб кирмайди. Жанг майдонига боришга тўғри келганда ундаги ягона истак ўлимдан қутулиб қолиш бўлади. Шунинг учун унинг ҳаракатлари кишида фақат кулги қистатади, холос. «Эпчил меҳмон базмнинг бошига ва дангаса солдат жангнинг охирига шошилади»,— дейди Фальстаф.
«Семиз рицарь» Фальстаф ўрта аср аскетик ҳаётини тарк этган хушчақчақ, танқидий фикрлашга қобилиятли киши образидир. У ўзини ҳамма вақт ёшдек ҳис қилади, қариб бораётганини сезмайди. Пулсиз қолган вақтларидагина у бир оз ўзгаради, лекин бу ташвишлар ҳам ўткинчидир. Гавдаси қўпол, лекин ўзи ҳозиржавоб. У ичкиликни яхши кўради, унинг фикрича, вино кишини эпчил ва хушчақчақ қилади, қонни юриштиради, кишига жанговар руҳ бағишлайди. Фальстафнинг ўзигина қизиқчи бўлиб қолмай, бошқаларга ҳам ўзининг бу хусусиятини сингдиради. Фальстафнинг ўлими ҳам символик маънода тасвирланади. У соат 12 билан 1 ўртасида, яъни денгиз суви пасая бошлаган вақтда жон беради, яъни куч–ғайрат ва ҳис–туйғуларга тўлиб–тошган кишининг сўниши денгизнинг қайтиши, пасайиши билан боғлиқ равишда берилиши Уйғониш даври дунёқарашида бошланган кризис аломатини кўрсатишга ишорадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |