«Гамлет». Бош қаҳрамон масаласи. Шекспир ижодида юз берган катта ўзгаришларни ифодалаган йирик асари «Гамлет» (1601) трагедиясидир.
Белинский таъбири билан айтганда, «Гамлет» драматик шоирлар шоҳи бошидаги нурафшон тож ўртасига қадаб қўйилган энг порлоқ гавҳардир».
Автор трагедиянинг материалини ўзигача бўлган адабий манбалардан, хусусан, даниялик Саксон Грамматикнинг (XИИИ аср боши) хроникасидан олган бўлса ҳам, лекин у ҳақиқий инглиз миллий трагедиясини яратиб, улуғ гуманистик фикрларни чуқур фалсафий ва бадиий умумлашмаларда ифодалаб беради.
Трагедиянинг бош қаҳрамони Дания қиролининг ўғли шаҳзода Гамлетдир. Отасининг мунофиқона ўлдирилишидан кўп ўтмай, онасининг мотам куни «оёққа кийган бошмоғи» тўзимасданоқ отаси тахтини эгаллаган Клавдийга тегиб олиши Гамлетни чексиз азоб гирдобига ташлайди. Унинг кўзига бутун дунё «тўнг, бемаъни ва тўмтоқ» кўринади.
Отасининг қотили ўз амакиси Клавдий эканини (ота арвоҳи орқали) аниқлаганидан сўнг Гамлетнинг қайғуси яна ортади. Уканинг акани ўлдириб, унинг ҳам тахти, ҳам бахтига тажовуз қилиш каби бениҳоя оғир жиноятга чидаш мумкин эмас эди. Шунинг учун Гамлет Клавдийнинг жирканч қиёфаси, мунофиқлигини фош этиб, ундан қасос олиш ўз зиммасига тушганини англайди. Белинский айтганидек, энди унда «болалик гармонияси» белгилари барҳам топади. Хаёлий иллюзиялари барбод бўлади, кутилмаганда юз берган бу даҳшатли воқеалар уни адолатсизликлар ва бузилган муҳитга қарши курашга отлантиради. У узоқ вақт ўзи билан, ўзидаги чигал, мураккаб хаёл ва тушунчалар билан кураш олиб боради. Ўз бошига тушган ғам-ғусса уни бошқалар бахтснзлигини англашга ҳам мажбур этади. Шахсий изтироб инсоният қайғуси олдида ўз аҳамиятини йўқотади. Акс ҳолда, у бадбахт Клавдийдан аллақачон қасос олган бўлар эди. Лекин Гамлет шахсий ўч олишдан олдин бошқа кўп муҳим масалалар устида бош қотириши, уларнинг мағзини чақиб кўриши керак эди. Гамлет суст, фаолиятсиздек бўлиб кўринса ҳам, ҳақиқатда у пассив киши эмас. Турмушдаги кескин қарама–қаршиликлар, бир томондан, отасининг ёвузларча ўлдирилиши, иккинчи томондан, Клавдий саройида бўлаётган бузғунчиликлар, ичилган ҳар бир коса майни замбарак отиш билан нишонлаш ва бошқа қабоҳатлар уни жиддий ўйлашга мажбур этади.
Гуманист Гамлет ўрта аср қасосчисига ҳам ёки замондошлари Лаэрт, Фортинбрасга ҳам сира ўхшамайди. Улар қонга қон олиш билан чекланадилар, лекин Гамлет ҳақоратланган инсон учун ўч олишни истайди. Гамлет қотилни, гарчи унда кучли ҳимоя воситалари бўлса ҳам, ўлдириш учун имконият топа олар ади. Масалан, Клавдий ибодат қилаётган вақтда Гамлет ўз бурчини бажариши мумкин эди. Лекин у бундай қилмайди. Чунки Гамлет қўққисдан ва мунофиқона йўл билан эмас, балки ҳеч кимда шубҳа қолдирмайдиган йўл – очиқ кураш йўли билан қасос олишни, қотилни жиноят устида ушлаб жазолашни истайди. Клавдийнинг жиноятига ўхшаб кетадиган воқеани кўрсатадиган «Сичқон қопқони» ўйинининг саҳнага қўйилиши Гамлет мақсадларининг амалга ошишига имкон беради. Қабиҳ хиёнат очилади. Бироқ шундан сўнг ҳам Гамлет дадил ҳаракат этолмайди, яна хаёлий азобларга кўмилади. Унинг бу вақтдаги вазияти машҳур «Ҳаёт ёки ўлим» монологида очиқ акс этган:
Тирик қолмоқ ё ўлмоқ? Шудир масала!
Қайси бири булардан бизга муносиб?
Шу дилозор фалакнинг таҳқирларига
Шикоятсиз – шиквасиз чидаб турмоқми?
Йўқса, унга рад-бадал бериб қўзғалмоқ,
Қурол олиб ё енгмоқ, ё маҳв бўлмоқми?
Гамлет шахсияти мураккаб ва зиддиятли бўлса ҳам, лекин у бу саволга ижобий жавоб бериб, разолатга қарши қўзғалиш керак, деган қарорга келади.
Гамлет онасининг хонасида у билан жиддий суҳбатлашиб ўтирган вақтида парда орқасида айғоқчилик қилиб турган кишини сезади ва шиддат билан қилич санчиб, уни ўлдиради. Гамлет бу одамни қирол деб ўйлаган эди, лекин бу «телба жонсарак» Полоний бўлиб чиқади. Уни йўқ этиш пайига тушган кишилар учун, «чуқурроқ қудуқ қазиш»га тайёр турган Гамлет шубҳалар ичида қолган илгариги Гамлетга сира ўхшамайди.
Гамлетнинг «девоналик ниқоби» сирларини англаган фосиқ хаёл Клавдий, бож ундириш баҳонаси билан уни Англияга сургун қилиб ҳалок этишга уриниши муваффақиятсиз чиққач, энди бошқача найранг ишлатишга ўтади. Отаси ва Офелиянинг ўлимига Гамлетни гуноҳкор деб кўрсатиб, Лаэртни унга қарши ундайди. Гамлет қиличбозлик олдидан ишлатилаётган ҳийла–найрангни сезади, энди у қатъий жанглардан ва ўлимдан қўрқмайди. «Биз ваҳима ҳам хурофотлардан баланд туришимиз керак,- дейди у дўсти Горациога. – Чумчуқ ҳам ўлса, амри ҳақ-ла ўлади. Агар толемизда бир иш ҳозир рўёбга чиқиши керак экан, демак, уни кечиктириб бўлмайди. Ҳозир бўлиши керак. Кейинроқ бўлмас экан, демак, у иш ҳозир бўлиши керак. Агар ҳозир бўлмаса, барибир, ноилож ва лобид бўлади. Шайланиб ўшани кутмоқ керак – масала ана шунда».
Бундан кўринадики, энди Гамлетда на иккиланиш ва на ўлим даҳшати бор. У ҳамма вақт душманга қарши курашга тайёр туради. Лаэрт билан жанг қилган Гамлет ўзига қарши қаратилган янги хиёнатни англайди. Заҳарланган тиғ билан оғир ярадор бўлганида у тез ҳаракат этиб, ҳамма жиноятнинг сабабчиси Клавдийни қиличи билан уриб ўлдиради. Отаси учун шахсий ўч олиш Клавдий ва унинг бузилган саройидан ўч олиш каби ижтимоий конфликтгача ўсиб чиқади. Фожиали ўлими олдидан ҳам умидсизликка тушмаган Гамлет Горациога васият қилиб, юз берган воқеалар ва бутун ҳақиқатни одамларга сўзлаб беришни ундан сўрайдики, бу билан у ҳақ иш учун кураш ҳамиша энг зарур масала эканини яна бир бор таъкидлайди.
Трагедияда Гамлет Уйғониш даврининг йирик мутафаккири сифатида намоён бўлиб, чириган феодал олами эътиқодларига қаттиқ зарба беради, «издан чиқиб кетган» ва бузилган асрини «изга тушириш»ни ўз зиммасига юклатилган бурч деб билади. Фақат қирол Клавдийни ўлдириш билан иш ниҳоясига етмаслигини тушунади, унинг кўзига бутун дунё «унумсиз бир қоя», айниқса «Дания – зиндон» бўлиб кўринар эди. «Ҳа, бунинг устига,- дейди Гамлет,- жуда намунали бир зиндон. У ерда беҳисоб обхоналар, авахталар, чоҳлар борки, булардан энг баттарини Дания деб атайдилар».
Демак, Гамлет Уйғониш руҳи билан суғорилган Шекспирнинг Драматик даҳоси яратган янги типдаги киши – адолат учун курашувчи гуманист образидир. Унинг характери мураккаб шароитда, кўп ички ва ташқи омилларга боғлиқ равишда ривожланиб боради.
Гамлет фақат жиноятчини аниқлаш ва ундан қасос олиш учунгина интилмайди. У сарой аҳли эгоизми, монарх деспотизмига қарши курашиш зарурлигини ҳам англайди. Гамлетнинг «Агар ҳар кимнинг қилмишига яраша муомала қилинадиган бўлса, ким таёқ ейишдан қутула олар экан»?- деган танбеҳи, аввало, феодал аб солютизмини ўзида мужассамлантирган золим Клавдий ва унинг сарой аҳлларига қарши қаратилгандир. Белинский таъбири билан айтганда, «Гамлетнинг ҳар бир сўзи заҳар суртилган ўқ тиғиднр». Гамлет якка ҳолда курашиш билан мавжуд адолатсизликларни бартараф этиш мумкин, деб ўйлайди, у юз бераёттан қабоҳатларнинг ижтимоий моҳиятини тушунмас, бузилган жамиятни «изга тушириш», уни қайта қуришнинг йўлларини билмас эди. Шу сабабли унинг гуманистик орзулари бемаъни муҳит билан фожиали конфликтда намоён бўлади. Гамлетнинг фожиаси феодал зулмнинг негизи бўлмиш истибдодчи Клавдий ва сарой аҳлига қарши курашиб, охирида ҳалок бўлишидагина эмас, балки туғилиб келаётган ақча ҳукмронлигининг вакили – анча айёр ва худбин Фортинбрас типидаги авантюристларнинг келишида, ярамас муҳитда унинг яхши ниятларининг амалга ошмаслигидадир.
Ўша даврнинг йирик шоирларидан бири Жон Дон ўз асарларида инсонпарварлик ғояларининг емирилишини акс эттиргани ҳолда, инсонга заиф ва аянчли бир маҳлуқ деб қараган эди. Ўз замонаси зиддиятларини ҳис эта билган Шекспир умидсизликка тушмай, аксинча, инсоннинг ижодкорлик кучи ва қобилиятига юксак баҳо беради. Гамлет тилидан у: «Табиатнинг нақадар ажойиб мўъжизасидир одамзод! Унинг зеҳни нақадар олижаноб, ундаги қобилиятлар нақадар бепоён», дейди. Бу гапда Уйғониш даври типик кишисининг инсонга муносабати акс этган.
Асар марказида Дания қироли Клавдий саройидаги адолатсизликлар, разиллик, мунофиқликларни фош этиш каби муҳим масала туради. Трагедиядаги ҳар бир персонажнинг мустақил ҳаракат этиш йўли бор. Тахтга чиқиб олган «масхарабоз» Клавдий қилган гуноҳларини оқлашга уринади. Агар «гуноҳ бўлмаса, шафҳат ҳам бўлмас», деб айбларини ювиш учун тоат–ибодат қилади. Тилёғламалик билан шаҳзодани «ўғлим» деб атайди. Оғир жиноятларини сезиб қолган Гамлетга қарши очиқ кураша олмаганининг сабаби шунда эдики, «қора халқ унга кўп мафтун, астойдил ихлосманд» эди. У ўзининг жирканч мақсадларини Розенкранц ва Гильденстерн каби жосуслар орқали амалга оширишга қасд қилган типик феодал образидир.
Малика Гертруда ақлан заиф ва жуда чегараланган, иродаси бўш аёлдир. Гарчи у ўғлига ачинса ҳам, лекин бу ачиниш юзаки эди. Клавдийнинг тузоғига илинган ва ҳиссиёт қурбони бўлган малика Гамлетнинг юксак инсоний туйғуларини фаҳмлай олмайди. Унинг ахлоқи, Шекспир шарафлаган инсоний фазилатларга қарама–қарши ўлароқ, ўта тубандир.
Сарой аҳлига хос худбинлик ва иккиюзламалик қиролнинг ёрдамчиларидан бири харис одам Полонийда ҳам мужассамланган. Ўзини доно қилиб кўрсатишга уриниб, бу «телба жонсарак» ҳар қадамда кулгили ҳолга тушиб қолаётганини пайқамайди. Францияга ўқишга кетаётган ўғли Лаэртга берган насиҳатида Полонийнинг худбинлиги яққол ифодаланган. У ўғлига, одамлар билан дўстлашмасликни, ҳеч ким билаи сирдош бўлмасликни, қарз ҳам олмай, қарз ҳам бермасликни тайинлайди. Қайғу ичида хаёл суриб юрган Гамлетни у қизи Офелиянинг ишқида жинни бўлган деб гап тарқатади. Қиролга хушомадгўй Полонийнинг қиёфаси, ҳаракати, «донолиги» унинг чалкаш нутқларида ёрқин очилади. У Гамлетнинг телбалиги ҳақида шундай «муҳокама» юритади:
Унинг жинни бўлгани? Бу бир ҳақиқат.
Бу бир ҳақиқат экан – жуда таассуф.
Таассуф қилганимиз – ўзи ҳақиқат
Кўп бемаъни жумлалар, менга барибир,
Киноясиз гапирай: демак, у жинни.
Бу ҳолатнинг сабабин топмоқлик керак.
Бу ҳолатми, иллатми? – аниқлаш лозим.
Чунки ҳолат ўзи ҳам иллатлик бўлур.
Нимага ҳожат бўлса, у бизга керак.
Хўш, мен нима демоқчи?
Бир қизим бор, чунки қиз ўзи – меники...
Клавдий каби Полоний ҳам сарой ғийбатчиларидан бўлиб, лаганбардорлик, фисқ–фасод ва маккорлик унинг асосий касбига айланган. У ҳар бир қадамида шахсий манфаатини кўзлайди. Ўғли ва қизини ҳам шу руҳда тарбиялашга интилади.
Мансаб ва ўз манфаатини кўзлашда Полонийдан ҳам ўтган Розенкранц, Гильденстерн, Озрик сингари худбин, сотқинларнинг қиёфаси ҳам сарой муҳитининг ярамаслигини, Гамлет қарши кураш олиб борган дунёнинг разолатидан далолат беради. Улар тож кийган қотилга қарам ва итоатли қуллар, мустақил фикр ва маслакдан, номус ва виждондан маҳрум бўлган, маънавий пуч кишилардир. Дўстлик ва ўртоқлик улар учун бутунлай ётдир.
Озрик – Розенкранц ва Гильденстерн тахлитидаги мунофиқ шахс. У ҳамма нарсадан воқиф, айёр киши, қиличбозлик олдидан судья заҳарлаган қуролдан, Лаэртга бериладиган қиличнинг махфий заҳарланганлигидан ҳам хабардор. Пьеса охирида эса Фортинбраснинг келаётганини ҳам ўз вақтида у маълум қилади. Озрик ҳар қандай ҳукмрон хизматига тайёр турувчи феодал саройининг типик вакилидир.
Гамлет Озрикни пуфакка ўхшатиб: «Ҳозирги одамларнинг ҳаммаси шу тахлит! Улар қилиқ ва одобларнинг фақат ташқи томонларинигина эгаллаб олиб, ҳар хил завқларнинг гирдобида тўлқиннинг устига бўртиб чиқадилар. Аммо синамоқчи бўлиб бир пуфласанг – пуфак, холос»,- дейди.
Трагедияда Офелия ва Лаэрт образлари Гамлетга душман дунёнинг яхши вакиллари сифатида тасвирланади. Бошқача ҳаёт шароитида, эҳтимол, улар ижобий фазилатларга эга бўлишлари мумкин эди, лекин Эльсинор муҳитида уларнинг яхши хаёллари йўққа чиқади ва охирида ўзлари ҳалок бўладилар.
Лаэрт ҳар томондан отаси Полонийга тақлид қилувчи бир одам. Унда жасорат кўринса ҳам, лекин у Гамлет қиёфасидаги кишиларга сира ўхшамайди. Гамлет отасининг қотилидан қасос олишни замонанинг кўп муҳим масалалари билан боғланган бир вақтда, Лаэрт эса, аксинча, отасини тасодифан ўлдириб қўйган Гамлетдан қонли ўч олишга, феодал дунёси қоидаси бўйича ўғилнинг ота олдидаги бурчини адо этишга ошиқади. Дастлаб у Полонийнинг ўлимига сабабчи бўлган Клавдийга нафрат билан қарайди, халк ўртасидаги норозиликлардан фойдаланиб, ғалаён кўтаради, саройга бостириб ҳам киради, лекин муғамбир Клавдийнинг ҳийла–найрангига учиб, ўзини фожиали ўлимга маҳкум этади.
Лаэрт шижоатли йигит бўлса ҳам, мустақил фикрли эмас. У ўша жамият ахлоқий қарашларига қарам шахслигича қолади.
Полонийнинг қизи Офелия Гамлетни севади, лекин у ота ва акасига итоаткор, уларнинг айтганларидан четга чиқишга журъат этолмайдиган содда, соф дил бир қиз. Шунинг учун ҳам у Гамлетнинг истак–орзуларини тушуниб етмайди, оила урф–одатлари таъсиридан қутулишга ожизлик қилади. «Аёллардан энг бахтсизи» Офелия фисқ–фасод авж олган феодал дунёсининг қурбони сифатида ҳалок бўлган қизлар образидир.
Трагедиядаги «солдат ва студентлар» образлари ҳам диққатга сазовордир. Улардан бири Гамлетнинг дўсти камбағал студент Горациодир. Гамлет у билан очиқ гаплашади, сирларини ундан яширмайди. Душман найрангларини фош этишда Горацио ҳам унга ёрдам қўлини узатади. Ўлимга маҳкум этилган Гамлет бу воқеадан хабарсиз кишиларга ўзи ҳақидаги ҳақ гапни ҳикоя қилиб беришни унга топширади. Горацио вафодор, ростгўй жасур йигит бўлиб, у типик халқ вакили сифатида намоён бўлади.
Шундай қилиб, Гамлетнинг ўз отаси учун Клавдийдан ўч олиши унинг бузилган феодал саройидан қасос олиш даражасига кўтарилиб, ижтимоий конфликтга айланади. Бинобарин, асарда кўтарилган фикр – адолат учун кураш ва жиноятчини жазосиз қолдирмаслик масаласи асосли ва табиийдир.
Ижтимоий турмушни динамик равишда тасвирлашга асос солиб, трагедия жанрини янги босқичга кўтарган Шекспирнинг эстетик қарашлари очиқ–ойдиндир. У Гамлетнинг нутқи орқали ҳамма даврда драматик санъатнинг асосий вазифаси «табиатнинг рўпарасига ойна тутиш, шарофатга ҳам, қабоҳатга ҳам уларнинг чин башараларини кўрсатиш, тарихдаги ҳар бир замоннинг юзини бўёқсиз қилиб намоён қилдиришдан иборат» эканини ҳаққоний ифодалаб беради. Гамлет образида ёзувчининг инсон, унинг идроки, яратувчилик кучи ҳақидаги қарашлари мужассамланган. Гамлет инсон ақлининг эскилик устидан тантанасини акс эттирган Уйғониш даврининг ҳақиқий тимсолидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |