«Қирол Лнр». «Қирол Лир» (1605) трагедиясининг сюжети Холиншеднинг «Хроникалари», шунингдек, Лир ҳақидаги бошқа манбалардан олинган. Лекин Шекспир бу темани қайта ишлаб, унга Глостер тарихини ҳам киритган. Бу пьеса драматик ҳолатнинг кескинлиги ва қўйилган масаланинг чуқурлиги билан бошқа трагедиялардан фарқ қилади. Асарда оила проблемалари ижтимоий–сиёсий воқеалар билан чамбарчас боғланиб кетади.
Кўпни кўрган ва ўз куч–қудратига ишонган кекса қирол Лир мол-мулкини уч қизига тақсимлаб бериш билан «давлат ташвиши»дан қутулмоқчи бўлади. У қизларидан ўзига бўлган муҳаббат ва садоқатларини изҳор қилишларини сўрайди. Катта қизи Гонерилья билан ўртанча қизи Регана уни дунёдаги барча нарсадан кўра ортиқроқ севишларини айтадилар. Кенжатойи Карделия эса опаларидан ортиқ ҳеч қандай сўз айтолмаслиги, фақат бир фарзанд сифатида отасини ҳурматлашини билдиради.
Кўр–кўрона мақтовларга мойил қирол кичик қизининг бу жавобидан ғазабланиб, бутун давлатини ҳийлагар ва тилёғлама икки катта қизига бўлиб беради. Граф Кент «тил жимлиги, дил бўшлиги белгиси эмас» деб унга нисбатан Карделия садоқати зўр эканини айтганида мағрур Лир уни қувиб юборади, қизини эса бутун меросдан маҳрум этади. Карделиянинг ақли ва гўзаллигига қойил қолган француз қироли унга уйланади.
Лир образи. Трагедиянинг бош қаҳрамони Лир кучли трагик ва психологик образдир. Асар бошида бу ҳокими мутлақ ҳамма нарсани шахсан ўзи ҳал қилади. Бу эса унинг ўз куч–қудратига ортиқча баҳо беришга, ўзини «ҳар қандай шодлик ва қайғунинг манбаи ўз подшолик даврида ҳар қандай ҳаётнинг боши ва охири» (Добролюбов), деб ҳисоблашга олиб келади.
Лир бутун давлатини икки қизи ихтиёрига топширгандан кейин ҳам, ўзини илгаригидек ҳукмрон деб билади, дружиналарини сақлаб қолишни истайди. Бу ҳол қизларига ёқмайди. Бир қизидан аразлаб, иккинчисиникига кўчиб юрган ўжар Лир охирида қувилиб бошпанасиз қолади ва тез вақт ичида аччиқ ҳақиқатни англаб, атрофида адолатсизликлар, очлик–яланғочлик ҳукм сураётганини кўради ва ўз хатоларини тушуниб кучли изтироб чекади.
Лир қашшоқларнинг фожиасини кузатаркан, алам билан, дейди:
Омон билмас шамолларнинг қувғиндилари
Бошпанасиз, увин–тўда доимо муҳтож,
Оч–яланғоч бечоралар, сиз қандай қилиб
Шу табиий офатларга чидаш берасиз?
Оҳ, мен жуда кам ўйлардим бу тўғриларда.
Улуғворлик, соғайиб ол, ўз вужудингда
Гадоликнинг бутун ҳиссин синаб қўй энди.
Н.А.Добролюбов Лир образига характеристика бериб, унн тенгсизлик авж олган жамиятнинг «майиб–мажруҳ ўсиш қурбони» деб атайди. Лирнинг ҳалокатли хатоси шунда эдики, у мол–мулкидан воз кечгани ҳолда, ҳукмронликдан воз кечмайди, давлатни қўлда сақламасдан туриб ҳам мамлакатни идора қилиш мумкин, деб ўз кучига ортиқча баҳо беради. Бу хатосини у жуда кеч, кўп машаққатларни бошдан кечиргандан сўнггина тушунади. Давлатдан ажралган Лирга муносабат тез ўзгаради. Ҳаммадан олдин бутун бойликларни қўлга киритган ва отага қарамликдан қутулган катта қизлари унинг талабларини рад қилиб, ўз ҳукмларини ўтказадилар.
Лир мураккаб ва кўп қиррали образдир. Унинг кучли ва заиф томонлари бор. Ҳукмрон бўлган даврда у заиф эди, чунки ҳақиқатни ажрата олмас эди. Гадой ҳолига тушган Лир ҳақ ва ноҳақликни фарқ қиладиган маънавий куч касб этади, ўзини эркин ҳис қилади. Тахт ҳам, бахт ҳам, унга энди ёт бўлиб кўринади. Унинг характерида юз берган бу ўзгариш катта қизларига нафрат билан қарашидагина амас, балки кичик қизи Карделия олдидаги гуноҳига иқрор бўлишида ҳам кўринади. Лир образи Шекспирга зийнат ва айш–ишрат ичида дабдабали ҳаёт кечираётган бир тўда кишилар ва улар қаршисида гадойликда яшаётган сон–саноқсиз халқ оммасининг азоб–уқубатларини кўрсатиб, улуғ гуманистик ғояларни ифодалашга катта имконият берди.
Лирда юз берган фожиани кучлироқ очишда граф Глостернинг тақдирини баён этувчи трагедиянинг иккинчи сюжет йўли алоҳида аҳамиятга эга. Қирол Лир хонадонида юз берган воқеа Глостер хонадонида ҳам содир бўлади. Лир кичик қизини қувиб юборган эди, Глостер эса катта ўғли Эдгарни ҳайдайди. Лир ихлос қўйган катта қизлари унга қарши бош кўтарадилар. Глостер эса ўгай ўғли маккор Эдмунд томонидан қувилади. Бадкор Эдмунд ёзувчининг бошқа трагедияларидаги Яго ва Ричард ИИИ га ўхшаб кетади. Шуҳратпараст, худбин Эдмунд олдин акаси Эдгарни туҳмат билан айблаб, унинг қувилишига эришади. Сўнгра отаси Глостерни дарбадарликда юрган Лирга хайрихоҳликда айблаб, унинг иккала кўзини ўйиб уйдан ҳайдаб юборишларига муваффақ бўлади. У шундай йўллар билан мартаба орттиришга интилади.
Кўр бўлиб қолган Глостер девона–тентак қиёфасида юрган ўғли Эдгарга дуч келиб, ўзига етакчилик қилишни сўрайди. «Замона шундай: сўқирларни тентак етаклар», дейди истеҳзо билан Глостер. Унинг бу сўзлари остида чуқур маъно бор, албатта.
Қирол Лир ва граф Глостер фақат оғир азоб–уқубатларни бошдан кечирганларидан сўнггина ўзгарадилар; кўзлари ожиз бўлса ҳам, лекин ҳақ нима–ю, ноҳақлик нималигини яхши биладиган доно кишиларга айланадилар. Лирнинг:
Сен ўзингга шиша кўзлар сотиб ола қол,
Кейин жирканч сиёсатдон кишилар каби
Кўрмасанг ҳам, кўряпман деб риё қиласан,
деган сўзлари давлат тепасига чиқиб олган, ўз манфаатидан бошқа нарсани кўролмайдиган «жирканч сиёсатдон»ларни фош этиш билан бирга, ўз ўтмишига танқидий назар ташлаш ва уни қоралашдан ҳам иборат эди.
Бойлик ва обрў орттириш йўлида ҳар қандай разилликдан қайтмаган Эдмунд «қиличли киши учун кўнгилчанлик муносиб эмас», деб, асир тушган Лир ва Карделияни ўлимга ҳукм қилади. Гонерилья ва Реганани севаман, деб уларни ишонтиради, опа–сингиллар ўртасида туғилган рашк душманликка айланади. Гонерилья Эдмундга эришмоқ учун бева қолган синглиси Реганага заҳар беради. Лекин эрига хиёнати сезилгач, у ҳам ўзини ўлдиради. Глостернинг катта ўғли Эдгар кириб келиб, отага, акага ва герцогга нисбатан хоинлик қилган укаси Эдмунднинг кирдикорларини очиб ташлайди ва азобда ётган Лир билан Карделияни қутқаришга шошилади. Бироқ бу вақтда Карделия осиб ўлдирилган эди. Олижаноб қизининг ўлими ота учун ниҳоят оғир жудолик эди. Лир Карделия жасади ёнида ҳолсизланиб йиқилади ва жон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |