Рицарлик романи. XВИ аср испан адабиётида лирик ва эпик поэзияга қараганда романчилик кенг ривожланади. Инсон истак-орзулари, иродаси ва курашини яна ҳам тўлароқ акс эттирилиши билан бу жанр алоҳида ўрин тутади. Бу даврда романнинг хиллари кўп бўлиб, улардан бири рицарлик романи эди. Бу турдаги романларда рицарь саргузаштлари ифодаланган поэма сюжетлари қайта ишланди, давр руҳига мосланди, шунингдек уларда ҳарбий қаҳрамонликлар тасвирланди.
Феодал-аристократик дунёқарашни ифодалаган ва ўрта асрларда кенг тарқалган рицарь романларидан энг машҳури «Амадис Гальский»дир. Бу романда Амадиснинг сирли туғилиши, уни онаси қутига ўтқазиб, сувга ташлаб юбориши, бир рицарнинг қутини ушлаб олиб, болани тарбия қилиши, вояга етган Амадиснинг Британия қиролининг қизи Орианага севгиси, севгилисига эришиш йўлида кўрсатган қаҳрамонликлари тасвирланади. Амадис жуда кўп машаққатларни бошидан кечириб, дунёни кезиб чиқади, Рим императорини енгади, Константинополга бостириб киради, Пировардида, қаҳрамонлик билан ўз муҳаббатини исботлаб Орианага уйланади.
Амадис ҳақидаги бу асар бемаъни рицарь саргузаштларини кўрсатса ҳам, лекин унда юксак бадиий қимматли эпизодлар ҳам йўқ эмас. Сервантес «Дон Кихот» романида рицарь романларини қаттиқ қоралайди. Лекин «Амадис»ни рицарь романларидан энг яхшиси, деб баҳолайди.
«Айёрлик» романи. XВИ аср охирларида ривожланган ва демократик характер касб этган «Айёрлик» романида оддий турмуш манзаралари тасвирланади ва, шунинг учун ҳам, у аристократик табақаларнинг дидини акс эттирган рицарлик ва пасторал (чўпонлик) романларидан тубдан фарқ қилади. Фернандо де Рохаснинг диалог шаклида ёзилган «Селестина» (XВ аср охири) асари шу типдаги романнинг дастлабки намунаси ҳисобланади. Бунда икки севишган ёш – Калисто билан Мелибеянинг фожиали севгиси ҳикоя қилинади. Ёзувчи испан адабиётида биринчи бўлиб идеаллаштирилмаган севгини, ёшлар муҳитини реалистик бўёқларда тасвирлайди. Севишганлар ўртасида турган воситачи Селестина ва у билан ўлжа талашган ёрдамчилари қилмишларининг тасвири характерли. XВИ аср ўрталарида мамлакатда қашшоқликнинг авж олиши, енгил ҳаёт кечиришга интилиш ҳар хил авантюрага берилишларни кучайтириб юборади. Катта-кичик товламачилар, юлғичлар, ўғрилар, пикаро (айёр, фирибгар) деб аталар эди. Бу ҳақдаги асарларнинг «Айёрлик» романи деб аталиши ҳам шу билан изоҳланади. Одатда бу типдаги асарларда болалик вақтида уйдан қочиб кетган ёки ота-онасининг қашшоқлиги натижасида кўчага ҳайдалган «айёр»нинг таржимаи ҳолидан баён этилади. Тирикчилик ўтказиш мақсадида айёрнинг қилмаган иши қолмайди. У бир хўжайин қўлидан иккинчисига ўтиб туради. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотиб, катта тажриба орттирган «айёр» ўзининг ҳаёт йўли ҳақида «Хотиралар» ёзишга киришади.
Қаҳрамон саргузашти орқали ижтимоий муҳитни акс эттириш ўша давр испан ҳаётининг сатира остига олинишига йўл очади. Адолатсизликка асосланган ижтимоий тузум камбағалларни қашшоқлик гирдобига тортади, мунофиқлик ва айёрликка замин ҳозирлайди. Роман қаҳрамонлари инсоний қиёфасини йўқотиш эвазига «муваффақият»га эришадилар. Айёрлик романлари феодал абсолютизмига қарши демократик руҳни ифодалаши, реалистик тасвирнинг чуқурлиги билан шу давр испан адабиётининг юқори чўққиларидан бирини эгаллайди. XВИ аср ўрталарида яратилган бу жанрнинг дастлабки намунаси «Тормеслик Ласорильо» ҳажм жиҳатидан кичик бўлса ҳам, лекин сатирик жиҳатдан кучлилиги билан Эразм Роттердамскийнинг «Нодонликнинг мақтови»га тенглашиб боради.
«Тормеслик Ласорильо» романида камбағал бева онасидан ажралиб, мустақил ҳаёт кечиришга киришган саккиз яшар боланинг саргузаштлари берилади. Бола кўр гадойга етакчилик қилади, бироқ унга тушган садақага шерик бўлгиси келмайди. Тирикчилик ўтказиш учун у турли хийла-найранглар ишлатади. Хасис руҳоний қўлида хизмат этган ва оч қолиб, унинг нонини ўғирлаган Ласорильо қаттиқ калтакланиб ҳайдаб юборилади. Сўнгра у бир рицарникида юради, бироқ бу хўжайин ўз хизматкоридан ҳам ночор яшайди. Яна кўп кишилар эшигида дастёрлик қилса ҳам, Ласорильонинг аҳволи яхшиланмайди. У полиция приставига ёрдамчи бўлиб хизматга киргандан кейингина, хўжайиннинг қонунсиз даромадларидан бир қисмини эгаллаб, уй-жой ва бойлик орттиради.
Франциско Гомес де Кеведо (1580-1645) ижодида «Айёрлик» романи юқори босқичга кўтарилади. Аристократ муҳитидан чиққан Кеведо бир қанча юқори мансабларда ишлаганлигига қарамай, ҳукмрон доираларнинг адолатсизлигини, халққа қилаётган зулмини танқид қилади. Шунинг учун ҳам Кеведо таъқиб остига олинади ва қамалади. Бу нарса унинг соғлиғига ёмон таъсир этади. Кеведо «Сеговиялик дон Паблос деб аталувчи қаллобнинг ҳаёт тарихи» (1626) сатирик китобида дворянлар ахлоқининг бузилганлиги, руҳонийларнинг мунофиқлиги, қироллик ҳукуматининг ярамасликларини ҳажвий йўсинда акс эттиради. У фақат роман эмас, памфлет, поэма, сонет ва романслар ҳам ёзади.
Кеведо сатирик – памфлетчи сифатида халқ қонини сўриб юрган иезуитлар, очкўз чиновниклар, текинхўр савдогарлар, олғир буржуа гуруҳларини қаттиқ қоралайди. «Синьор Динеро» («Жаноб Ақча») шеърида шоир олтиннинг даҳшатли қудратини, у орқали одамларнинг қул қилинишини очиб ташлайди. «Ҳамма нарса ва яна бошқа кўп нарсалар ҳақида китоб»ида эски урф-одатлар, мунажжимлар, педантизм, иккиюзламачилик ва товламачиликларни аямай фош этади. «Видение»лар цикли («Остин-устун дунё», «Даҳшатли суд видениеси», «Дўзах видениеси»)да Кеведо ҳар қандай мансабдор ва руҳоний ҳам ҳаёти дор остида тугайдиган ўғри ва босқинчининг худди ўзи, бу дунё азоблари дўзах даҳшатларидан енгил эмас, дейди.
Do'stlaringiz bilan baham: |