2-МАВЗУ. ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ҒОЯЛАРИ ЭВОЛЮЦИЯСИ
РЕЖА:
1.Қадимги ва Ўрта асрлар ижтимоий фикрлар тараққиётида фуқаролик жамиятига доир ғоялар.
2.Янги ва энг янги даврда фуқаролик жамияти тўғрисидаги назариялар.
3.Фуқаролик жамияти тўғрисидаги замонавий концепциялар.
Таянч сўзлар: ғоя, назария, концепция, фуқаролик жамияти, демократик давлат, адолатли жамият,фуқаролик жамиятининг антик, мумтоз ва замонавий парадигмалари.
1.Қадимги ва Ўрта асрлар ижтимоий фикрлар тараққиётида фуқаролик жамиятига доир ғоялар
“Фуқаролик жамияти” тушунчаси – кишилик жамиятининг асрлар мобайнида шаклланган тафаккурлаш маҳсулидир. Фуқаролик жамиятининг пойдеворини яратиш ва уни амалда шакллантириш учун аввало у ҳақдаги ғоялар генезисини билишга зарурат туғилади. Бу уларнинг ижобий жиҳатларини муайян жамиятга нисбатан татбиқ этиш имконини беради.
Инсоният тараққиётининг барча даврларида фуқаролик жамиятини қуриш энг эзгу ғоя сифатида яшади. Унга эришиш учун турли даражадаги назарий қарашлар илгари сурилган. Бир гуруҳ олимлар фуқаролик жамиятини қуриш ғояси Ғарб тамаддуни маҳсули сифатида амалиётга тадбиқ этилмоқда деб ҳисобласа, бошқалари Шарқ мамлакатлари мутафаккирлари ижодида бу масалага оқилона ёндашув уч минг йил илгари шаклланган, деган қарашни илгаи сурмоқда. Албатта, дастлаб ижтимоий тараққиётнинг маълум даврларида Шарқ мамлакатлари фозил жамиятга доир назарияларни яратишда етакчилик қилди.
Фуқаролик жамияти ва унинг тушунчалари дастлаб Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётининг ёрқин намунаси “Авесто” муқаддас китобида келтирилган. “Авесто”нинг бош ғояси “эзгу фикр, эзгу мақсад, эзгу амал” эканлиги ҳар қандай жамият ва инсонлараро муносабатларнинг маънавий асоси эканлигидан далолатдир.
Авестонинг “Ясна”, “Яшт”, “Вис парад” ва “Вендидод” қисмларида оила ва жамоада берилган сўздан ёки қасамдан воз кечиш, одамлар ўртасида тузилган аҳдномани бузиш катта гуноҳ эканлигиўз ифодасини топган. Хусусан, “О Спитама, шартномани бузувчи киши бутун мамлакатни бузади, шу билан бирга Артага тегишли барча мулку молларга путур етказади”. “О Спитама, аҳдингни бузма...” ғоялари давлатлар сиёсий тизиминингҳуқуқий асоси, адолат манбаи бўлиб, улар Рим ҳуқуқидан ҳам қадимийроқдир. Авестодаги фуқаролик жамиятига хос бу унсур - эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги, оиланинг барқарорлигини таъминлаш ғояси ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Фуқаролик жамияти концепциясининг Европача анъанаси илдизлари антик антик даврдан озиқланади. Мазкур анъананинг мазмун-моҳияти нафақат сиёсий, балки шахсни ижтимоий-ахлоқий нуқтаи назардан баҳолаш билан боғлиқ эди. Бунга мисол тариқасида Платон, Аристотел, Цицерон каби мутафаккирларнинг қарашларини келтириш мумкин.
Фуқаролик жамияти унсурларига оид антик концептуал таълимотда жамият ва давлат феноменларининг ўзаро узвийлиги қадимги юнон фалсафасининг муҳим хусусиятларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Платоннинг (мил. ав. 427–347 йй.) “Давлат” асарида фуқароларнинг шахсий ва ижтимоий ҳаётини бир-биридан ажратиб қарашнинг ўзи эмас, балки ижтимоий соҳани ҳозиргидек замонавий талқинда, сиёсий фаоллик сифатида талқин этилган. Бунда жамият ҳаётининг сиёсий жиҳатлари фуқаролик жамияти тизимининг умумий тавсифи сифатида талқин этилади.
Фуқаролик жамияти унсурларига доир ғояларнинг кейинги ривожи Платоннинг шогирди Аристотель (мил. ав. 384–322 йй.) томонидан амалга оширилди.. Устози каби Аристотель ҳам энг мукаммал жамият ғоясини ишлаб чиқишга ўз диққат эътиборини қаратди. Бироқ, унинг қарашидаги фуқаролик жамияти ғоялари таркиби анча ўзгача назарий жиҳатлардан ташкил топади. Уни кўпроқ ижтимоий трансформациялашув эмас, балки кўпроқ давлат тузилмасидаги (сиёсий) ўзгаришлар қизиқтиради. Шу билан бирга, Аристотель ўзининг назарий ишланмаларида Платонга хос бўлган давлат ҳақидаги мавҳум ғояларга таянишни эмас, балки воқеъликда мавжуд бўлган турли бошқарув усуллларини солиштириш, уларни қиёсий таҳлил қилишга киришади. Натижада унинг давлат ва жамиятга тааллуқли қарашлари олдинги мутаккирлар қарашларидан аниқроқ ва равшанроқ бўлганлиги кўзга ташланади.
Платондан фарқли ўлароқ, Аристотель жамиятдаги фуқароларнинг хусусий мулкка эгалик қилишини эътироф этади. Чунки, мулкка эгалик инсон табиатига хос хусусият бўлиб,у одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ўзагини ташкил этади. Аристотел мулк ҳуқуқининг фуқаролар фаровонлиги, давлат ва унинг бошқарувининг хавфсиз кечиши, қонунчилик ҳокимияти фаолиятида фуқароларнинг иштироки, лавозимларни эгаллаш жараёнлари ва ўз вазифаларини бажаришлари, уларнинг суд органлари ишидаги ролини атрофлича синчиклаб ўрганди. Ҳуқуқни Аристотель адолат мезони, деб ҳисоблади ва унга ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ва айни вақтда уларни муҳофаза қилувчи институт сифатида қаради. Аристотель фикрича, сиёсий бошқарув – бу одамларнинг эмас, балки қонунларнинг бошқарувидир: ҳаттоки, энг яхши ҳукмдорлар ҳам туйғулар ва ҳиссиётга берилувчан бўлади, қонун эса “оқилона тафаккур”дир.
Қадимги рим мутафаккири Марк Тулий Цицерон (мил. ав. 106-43 йй.) ҳам жамият ва давлат (республика)ни бир-биридан ажратмайди, уларни биргаликда таҳлил этади. У давлатни умумий манфаатлар билан ўзаро бир-бирларига боғланган одамлар мажмуи сифатида тасаввур қилади, давлат халқнинг умумий мулки ҳисобланади. Давлат одамлар биргаликда яшашга табиий эҳтиёж сезгани туфайли пайдо бўлади. Унинг фикрича, давлатнинг вазифаси мулкни муҳофаза қилишдан иборатдир. Давлат айни шу мақсадда ташкил этилади. Цицерон фикрича, учта бошқарув шакли (монархия, аристократия ва демократия) унсурларини ўзида мужассамлаштирган аралаш давлат энг идеал давлатдир. Фақат шундай давлатда ҳар бир жамият аъзосининг манфаатларини қондириш ва у давлатни бошқаришда шахсан иштирок этиши таъминланади. “Давлатнинг мустаҳкамлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий тенглиги” бундай давлат тузумининг муҳим фазилати деб ҳисоблайди. Цицероннинг “Давлат ҳақида” ва “Қонунлар ҳақида” асарлари давлат ва ҳуқуқ муаммоларига бағишланди. Давлат Цицерон талқинида қадимги юнон мутафаккирларининг концепцияларидаги каби давлатнинг барча эркин аъзоларининг умумманфаати ифодаси сифатидагина эмас, балки бу аъзоларнинг ўзаро бир-бирлари билан келишилган ҳуқуқий муносабатлари мажмуи, муайян ҳуқуқий тузилма, “умумий ҳуқуқий тартибот” сифатида намоён бўлади.
Цицерон давлат тушунчасига биринчилардан бўлиб ҳуқуқий тус беради, бу таълимот кейинчалик жуда кўп мутафаккирлар, шу жумладан “ҳуқуқий давлат” ғоясининг ҳозирги даврдаги тарафдорлари томонидан ҳам эътироф этилди. Цицерон концепциясига биноан, “фуқаролик жамияти” ғояси классик аҳамият касб этди, шу билан бирга, у ўз навбатида янги даврда шаклланган назарий қарашларга асос бўлди. Кўпчлик экспертларнинг фикрича, айнан Цицероннинг ижтимоий-сиёсий таълимотида “фуқаролик жамияти” ўзининг тушунча сифатидаги асосларига эга бўлди.
Фуқаролик жамиятини унсурларига доир ғоялар Марказий Осиё мутафаккирлари ижодида ҳам чуқур ўрганилди. Дарҳақиқат, Марказий Осиё уйғониш даври IX-XV асрларда давлатни бошқариш ва адолатли жамият қуриш, давлат раҳбари ва хизматчиларининг фаолият даражалари таснифлари, ижтимоий масъулияти мезонларининг назарий жиҳатлари ҳақидаги ғоялар Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб, Низомулмулк, Амир Темур, Алишер Навоий ва бошқалар ижодида кенг таҳлил қилинган.
Хусусан, Абу Наср ал-Форобийнинг (870–950 йй.) “Фозил одамлар шаҳри қарашлари” ва “Давлат арбобининг афоризмлари” асарларида шарқона сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий фикр тарихининг муҳим жиҳатлари - ижтимоий тизим, сиёсат, давлат ва ҳукумат ҳақидаги назариялар ривожлантирилди. Форобий фикрича, адолатли жамият қуриш учун уни мудофаа қилиш ва оқилона бошқариш усулини билиш, одамларга ёвузликдан сақланиш ва эзгуликка интилиш йўлларини кўрсатиш лозим. У давлат раҳбарининг бошқарув маҳорати туфайли умумий бахтга эришиш йўли топилади, деб ҳисоблайди. Адолатли давлатни маърифатли ҳукмдор бошқариши, у маънавиятли ва адолат етакчиси бўлиши, ўз фазилатлари билан ўзига қўйилган барча талабларга жавоб бериши лозим. Бу борада Форобий “Фуқароларнинг ўзларидан сайланган раҳбар ёки бошлиқлар ҳокими мутлоқ бўлмайди. Улар одамлар ичидан кўтарилган, синалган, энг олийжаноб, раҳбарликка лойиқ кишилар бўладилар. Шунинг учун бундай раҳбарлар ўз сайловчиларини тўла озодликка чиқарадилар, уларни ташқи душмандан муҳофаза қиладилар”1, деб давлат ҳокимиятини жамиятга боғлиқ ҳола таҳлил этади, бошқарув билан боғлиқ ахлоқий ва маданий қадриятларни тизимлаштиради
Шарқ уйғониш даврининг алломаси Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон” ва бошқа асарларида адолатли жамият ва унинг амал қилиши асосларини шакллантириш ҳақидаги ғояларни илгари сурди. Унинг фикрича, жамиятнинг пайдо бўлишига одамларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бирга яшашга эҳтиёжи ва интилишлари сабаб бўлади. Адолатли жамиятни қуриш ахлоқий қадриятларга таяниши ва шу асосда ривожлантирилиши лозим.. Давлат раҳбарининг асосий вазифаси аҳолининг турли қатламлари, кучлилар ва кучсизлар ўртасидаги сиёсий ва ҳуқуқий адолат мезонларини ўрнатишдадир. Уунинг фикрича, бу ҳолатга идеал ижтимоий тузилмани қуриш орқали эришилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |