Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.
Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
Ана шу эзгу ғоя Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бошланиб, қисқа вақтда улкан ишлар амалга оширилди. Мазкур ҳудуддаги туман ва шаҳарлар кутубхоналарига 300 минг нусхада бадиий адабиётлар етказиб берилди. Мусиқа ва санъат мактаблари чолғу асбоблари, спорт объектлари жиҳозлар билан таъминланди. Бу ишлар Наманган вилоятида ҳам давом эттирилиб, “Маърифат карвони” ташкил этилди. Ёшлар учун 25 минг дона китоб, 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилди. Ушбу 5 ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 800 дан ортиқ маданият маркази, 312 та мусиқа ва санъат мактабига атиги 130 минг нафар ўғил-қиз қамраб олингани, мазкур муассасаларнинг аксарияти ўқув қўлланмалари, ноталар тўплами, мусиқа асбоблари ва жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмагани қайд этилди. Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ташаббускор истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди. Иккинчи ташаббусга доир масалалар муҳокама қилинар экан, юртимизда 12 мингдан зиёд спорт иншооти борлиги, лекин ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмаслиги қайд этилди. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи мамлакат бўйича 56 фоизни ташкил этгани ҳолда, Сурхондарё вилоятида атиги 12 фоиз, Хоразмда 14 ва Қорақалпоғистонда 15 фоиз, холос.
Йиғилишда қайд этилган 5 ташаббусни кенг жорий қилиш мақсадида барча ҳудудларга мутасадди раҳбарлар масъул қилиб бириктирилди. Шунингдек, бу вазифаларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи раҳбарлари шахсан масъул ва жавобгар этиб белгиланди. Жорий йил 26-28 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида Президентимизнинг муҳим 5 та ташаббуси ижросига қаратилган тадбирлар ташкил этилди.
Нукус шаҳри ва 14 та туманларда 5 та ташаббусни кенг оммага тарғиб этиш, аҳоли хабардорлигини оширишга йўналтирилган юқори савиядаги лойиҳаларга аҳоли айниқса, уюшмаган ёшлар кенг қамровда жалб қилинди. 5 та ташаббусни илгари сурган тадбирлар Элликқалъа воҳасида эрта саҳардан ёшларнинг эрталабки машқларидан бошланди. Сўнгра, давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ёшлар етакчилари томонидан давом эттирилди. “Мен бўлмоқчиман, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан”, “Қонун ва ёшлар”, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, ҳар хил спорт турларидан мусобақалар, табиат қўйнида рассомчилик санъати, ахборот технологиялари, китобхонлик тадбирлари, амалий санъат, мусиқий тадбирлар, театр томошалари, миллий кўргазмалар Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шўманой, Чимбой, Тўрткўл, Беруний, Амударё, Қораўзак, Хўжайли, Тахтакўпир, Нукус туманларидаги фаол ва уюшмаган ёшларни қувонтирди ва уларга шижоат бағишлади. 5 ташаббус: хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида имкониятлар яратиш, касб ҳунарга тайёрлаш мақсадида умум таълим мактабларининг битирувчи қизлари иштирокида “Бизнес саёхат”лар, хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди. Жумладан, Қўнғирот туманида 39 маҳаллада, 150 нафар ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, Қўнғирот саноат коллежида тикув-трикотаж бўйича маҳорат дарслари ўтказилиб, 7 нафар хотин-қизларга тикув машиналари берилиши белгиланди ва янгидан очилиши белгиланган тикув цехига ишга жойлаштирилиши режалаштирилди. Беруний туманида 5 нафар, Амударё туманида 5 нафар хотин-қизлар тикув цехларига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, тадбир доирасида 9-май «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан Қўнғирот, Мўйноқ, Шўманой, Элликқалъа, Тўрткўл, Беруний, Чимбой туманларида истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, нуроний отахонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга иттифоқнинг байрам совғалари ва «Шараф» ленталари тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Хусусан, биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид дастур лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, 2019−2020 йилларда 14 дан 30 ёшгача бўлган 2 миллион нафар ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш бўйича ҳудудий «йўл харита"ларини тасдиқлаш кўзда тутилган. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказларида чолғу, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳаваскорлик театр жамоалари ва болалар ансамблларини ташкил этиш белгиланган. Янгидан қуриладиган, реконструкция ва капитал таъмирланадиган ҳамда жиҳозланадиган маданият марказлари манзилли рўйхати ҳам шакллантирилган.
Иккинчи ташаббус юзасидан тайёрланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дастур лойиҳасида яқин 2 йилда ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қуриш белгиланган.
Президент мавжуд ва янги қуриладиган спорт иншоотларига аҳоли ва ёшларни кенгроқ жалб этиш, оммавий спорт тадбирларини ўтказишни кўпайтириш кераклигини таъкидлади
Учинчи ташаббус — аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида 2019−2020 йилларда туман ва шаҳарларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этиш ва уларда бепул таълим бериш, 19 мингга яқин ижтимоий соҳа объектини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан болаларни тўғри йўналтириб, уларни малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларини амалга оширишга қаратилган. Унга кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очиш ҳам белгиланган.
Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури лойиҳаси тайёрланган. 2019−2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёлларни банд этиш кўзда тутилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |