Драма ва театрнинг ривожланиши. Уйғониш даврининг янги театри XВИ асрнинг иккинчи ярмидан ривожлана бошлади. Бу театр ўрта аср халқ театри заминида бунёд этилди. Янги шароитда ўзининг қадимги диний мазмунини йўқотиб, дунёвий тус олган мистерия, шунингдек, сатирик пьесалар — фарс ва моралите бу театрнинг асосий репертуарлари эди.
Бироқ бу илк театр ўзининг тор мазмуни ва оддийлиги билан Уйғониш даври талабларига жавоб бера олмас эди. Христиан дини ақидаларидан узоқ қадимги антик санъатнинг Топилган намуналари ва шаклидан фойдаланиш натижасида янги театрнинг ривожланишига асос солинади. XВ аср охири, XВИ аср бошларидаёқ ҳаваскорлар тўгарагида студентлар қадимги Рим драматурглари Плавт билан Теренцийнинг комедиялари, сўнгра Сенеканинг трагедияларини саҳналаштирадилар. Сарой театрида ҳам итальян намуналарига тақлид қилина бошлайди. Инглиз халқ ижоди асосида яратилган пьесалар ҳам ўйналади.
Рим комедиялари тематик жиҳатдан замон талабига жавоб бера олмаса ҳам, композициясининг ихчамлиги билан янги театр талабларига мос келади. Гуманист драматурглар халқ ижодига хос хусуоиятлари билан классик антик санъатдан олинган элементлар асосида Англиянинг миллий драмасини яратадилар.
Дастлабки пьесалардан бири мактаб муаллими Николас Юделнинг «Ральф Ройстер Дойстер» (1551) комедияси ҳисобланади. Асарнинг мазмуни Рим, ёзувчиси Плавтнинг «Мақтанчоқ жангчи» асаридан олинган бўлиб, қаҳрамон Ральф қадимги адабиётдаги мақтанчоқ образига ўхшаб кетади, лекин у ўз замонасининг жонли кишиси сифатида тасвирланади ва у орқали сохта қаҳрамон — рицарь масхара қилинади.
XВИ асриинг 50–60–йилларига қадар, сарой театрини мустасно қилганда, доимий театрлар йўқ эди. Актёрлар труппаси бир ердан иккинчи ерга кўчиб юрар фарс, мистерия ва моралителардан парчалар кўрсатар эдилар. Сайёр актёрларнинг аҳволи ниҳоят оғир эди. Актёрлар дайдиларга қарши чиқарилган қонун билан жазоланар эди. Энг мартабали кишиларнинг хизматкорлари бўлган актёрларгагина имтиёз берилар эди. Шунинг учун кўп актёрлар бирор хўжайин ихтиёрига ўтишга мажбур эдилар. Бу даврда шаҳар идорасини эгаллаб олган йирик буржуа гуруҳлари — пуританлар (ришб — тоза) англикан черковини католик ва «мажусийлик» эътиқодларидан тозалаш сиёсатини олиб борадилар. Театр соф динга хилоф, у кишилар ахлоқини бузади, деб унинг кенгайишига тўсқинлик қиладилар. Мартабали кишилар ихтиёридаги оилавий–хусусий театргина, бундан истисно қилинарди. Лекин уларнинг шаҳар марказида жойлашишига рухсат этилмайди.
XВИ асрнинг 60–70–йилларига қадар театр труппаларининг доимий биноси йўқ эди. Улар ўз ўйинларини меҳмонхоналар ҳовлисига кўчма саҳна ўрнатиб кўрсатар эдилар. Граф Лестер номидаги труппага истеъдодли актёрлар тўпланган бўлиб, уларнинг бошида қобилиятли дурадгор Жемс Бербедж турарди. 1576 йилда Бербедж Лондоннинг шимолий қисмида Темза дарёси соҳилида биринчи доимий театр биносини қуради. 1577 йилда «Куртина» театри қад кўтаради; шундан сўнг шаҳарнинг жанубий қисмида яна 3 та театр бунёд этилади. 1599 йилда Ричард Бербедж раҳбарлигида шу ерда инглиз ва жаҳон драматургиясини Шекспир асарлари билан бойитган «Глобус» театрининг биноси қад кўтаради. Бинога кириш олдида елкасида ер куррасини кўтариб турган Великаннинг расми солинган эди. XВИ аср охирига бориб фақат Лондоннинг ўзида 9 та театр ишлайди.
Ўша вақтда барпо этилган шахсий, шунингдек, халқ театрлари тузилиши жиҳатдан ҳозирги театрлардан кескин фарқ қиларди. Кўпчилик халқ театрлари тухум шаклида бўлиб, унинг атрофи баланд тахта билан ўралган эди. Бинода деразалар йўқ, усти ёпилмаганидан ҳамма ёқдан ёруғ тушиб турар, ўйинлар кундузи кўрсатилар эди. Оддий халқ бино «ҳовлиси» (партер)да тик туриб томоша қилар эди. Деворлар бўйлаб чўзилган 3 қаватли галереянинг усти бекилган бўлиб, унда ўриндиқлар бор эди. Галереянинг пастки қаватида имтиёзлилар ва бадавлат кишиларга мўлжалланган қимматбаҳо ложалар бўлган. Саҳна тузилиши ҳам содда эди. У тахта супадан иборат бўлиб, қўрғоннинг маълум ерига ўрнатилган. Баъзи театрларда саҳна пардалар билан олд, ички ва устки қисмларга ажратилган ва усти бекитилган; олд саҳнада, асосан, очиқ ерда юз берган воқеалар кўрсатилиб, ичкисида уй ичидаги ва устки саҳнада баланд жой ва тоғларда содир бўлган ҳодисалар кўрсатилган. Ички саҳнага туташган ва ажратилган ерда актёрлар кийинган. Ўрни келганда олд ва орқа саҳналардан турли ердаги воқеаларни кўрсатиш учун ҳам фойдаланилган. Орқа саҳнадан юқори саҳна (болохона)га чиқиш учун ҳам йўл қўйилган. Декорация ва жиҳозлари ҳам жуда оддий эди. Идишга ўрнатилган дарахт ўрмонзорни, стакан турган стол майхонани, қора гилам — кечани, оқ гилам — кундузни билдирган. Саҳнанинг ҳақиқий Декорацияси томошабиннинг воқеа рўй берган жой ҳақидаги фикран тасаввуридир. Саҳнада безакларнинг камлиги томошабиннинг актёр қиёфасига нисбатан эътиборини оширган. Актёрларнинг кийиниши ҳам шартли характер касб этиб, тарихий талаб кам эътиборга олинган.
Театрларда актёрлар етишмаганидан бир актёр бир неча ролда чиққан. Қатнашувчилар кўпчиликни ташкил этган пьесаларда ҳаваскор ёшлар ҳам иштирок этардилар. Аёллар ролини балоғатга етмаган ўғил болалар ижро этганлар.
«Глобус» театрининг демократик характери унинг оммавийлиги, репертуарининг хилма–хиллиги, ижтимоий турмушнинг яққол акс эттирилиши билан белгиланади. Бу театрнинг кенг шуҳрат қозонишида улуғ драматург Шекспирнинг хизматлари алоҳида ўрин тутади.