Романнинг тўртинчи китоби. «Гаргантюа ва Пантагрюэль»нинг тўртинчи китоби нашр этилган йилларда бирмунча воқеалар юз беради. Ўлган қирол Шранциск И ўрнини унинг жоҳил ўғли Генрих ИИ эгаллайди. Генрих ИИ еретикларга қарши курашни кучайтириб юборади. Париж парламенти бу китоб ва унинг авторини судга топширади. Ёзувчи яшириниб юради ва, ниҳоят, ўлим (1553) буюк гуманистни адолатсиз таъқиблардан қутқаради.
Китобда Панургнинг бундан сўнгги саргузаштлари акс этади.
У ўз бахтини синаш мақсадида келажак Оракулига йўл олади. Унинг саёҳатида Пантагрюэль, Жан, Эпистемон, Понократ, Гимнаст ва бошқалар ҳамроҳ бўладилар. Улар номаълум мамлакатга, даҳшатли махлуқлар яшайдиган оролларга борадилар. Улар Аянч оролида яшайдиган Постник ҳамда Ваҳший оролида яшайдиган Колбасаларга дуч келадилар. Улар ўртасида кўпдан бери жанжал давом этарди. (Ёғлиқ Колбасалар орқали автор пост қоидаларига амал қилмаган протестантларни кўрсатади.) Сўнгра улар Папефиглар оролига йўл оладилар. Улар бир вақтлар, бой, эркнн ва хушчақчақ одамлар бўлиб, улардан бир неча киши қўшни Папиманияга томоша қилгани борадилар. Байрам куни Рим папасининг портретини кўтариб кетаётганларида бу қувноқ одамлардан бири папани масхараловчи ҳаракат қилади. Буни ҳақорат деб тушунган папиманлар уруш очиб, папефигларни ўзларига бўйсундирадилар.
Рабленинг папага, черковга, динга қарши сатираси папефиглар (папани ҳақорат қилган протестантлар) ва папага садоқатли папиманлар (католиклар) ўртасидаги курашларда яна ҳам очиқ кўрсатилади. У католикларни қандай масхара қилган бўлса, кальвинистларни ҳам шундай қоралайди, чунки диний низоларда – фанатик «папефиглар» жоҳил «папиманлар»дан сира қолишмас эди. Кальвиннинг гуманистларга, шу жумладан, Раблега қарши чиқиши ҳам бежиз эмас эди.
Китобда кишининг табиий ҳолати, табиатнинг буюк яратувчилик қудрати ҳақидаги фикр ҳам қимматлидир. Физис (Табиат) Гармония ва Гўзалликни туққан бир вақтда, унинг азалдан душмани бўлган Антифизис (Терс табиат) унга ҳасад қилиб, Беўхшов билан Ғализни туғади. «Сўнгра у мутаассиблар, мунофиқлар, тақводорлар, беҳуда савдойилар, тийиб бўлмайдиган кальвинистлар, Женева алдамчилари... одамхўрлар ва бошқа ёвузлар, майиб–мажруҳлар, бадбурушлар ва ғайри табиийликларни дунёга келтирди». Демак, дин кишининг табиий ҳис–туйғуларига зид равишда пайдо бўлган бир хурофот – Антифизиснинг қилмишларидир. У бир–бирига қарши турган диний оқимлар – папачилар (католиклар) ва кальвинистлар (протестантлар)ни ҳам юзага келтирган.
Гўзаллик ҳамма вақт яшайди, унга зид бўлиб туғилганларнинг барчаси ўткинчи, умри қисқа деган фикр китобнинг асосий ғоявий мазмунини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |