«Тулки ҳақида роман». Шаҳар адабиётининг муҳим жанрларидан бири французча «Тулки ҳақида роман» бўлиб, у Европа халқлари ўртасида кенг тарқалган тулкининг қилмишлари тўғрисидаги эртаклар асосида юзага келган.
Сал кам бир аср (XИИ асрнинг охирлари, XИИИ асрнинг бошлари) мобайнидаги воқеаларни қамраб олган бу роман-эпопеянинг яратилишида кўп авторлар қатнашган. Турли ҳикоялардаги қаҳрамонлар характерининг умумийлиги бу ҳикояларнинг бирлашиб ягона роман сифатида шаклланишига имкон берган. Шундай бўлса ҳам, айрим ҳикояларнинг услуби ва ғоявий йўналишида баъзи бир тафовутлар сезилиб туради.
Айёр тулки Ренар қўпол ва нодон душмани бўри Изенгримни масхаралаб, уни ноқулай аҳволга тушириб қўяди, уйига кириб хотинини алдайди ва жуда кўп «ҳунарлар» кўрсатади. Изенгрим қирол-арслон Ноблга Речар устидан шикоят қилганидан сўнг, тулкини суд қилмоқчи бўладилар. Судьялар айбдорни оқламоқчи бўлиб турганларида, эндигина тулки бўғиб ўлдирган товуқнинг тобутда келтирилиши воқеаси вазиятни ўзгартириб юборади. Судда Ренар тавба-тазарру қилади, гуноҳларини ювиш учун унга имкон берилишини сўрайди. Шундан сўнг зиёрат қилишга чиқиб кета туриб йўлда учраган қуённи масхаралаб, яна душманлари устидан кулади. Бу воқеани эшитган қирол унинг саройини қамал қилишни буюради. Лекин Ренар қирол ва унинг ёрдамчиларини лақиллатиб, саройдан қочиб кетади.
Романнинг турли вариантларида Ренар устидан бўлган суд ҳар хил кўринишда тасвирланади. Улардан бирида Ренарнинг Изенгрим билан жанг қилиб, енгилгани, уни осиб ўлдирмоқчи бўлганларида, монахлар Ренар монастирда гуноҳини ювади, деб кечирим сўраб, уни бирга олиб кетганликлари ҳикоя қилинади. Ўзини ўта тақводор деб ҳисоблаган Ренар у ерда ҳам тинч юрмай, кечалари товуқ ушлаб қўлга тушади ва монастирдан ҳайдалади. Охирида Ренар яна қирол Ноблнинг ишончини қозониб, саройда обрўли мансабда хизмат этади.
Шаҳарларнинг ривожланиши шаҳар табақаларининг феодал ҳукмронларига қарши курашини ҳам кескинлаштиради. Шаҳар табақалари адабиётдан ўз душманларига қарши кураш қуроли сифатида фойдаланадилар. Масалан, «Тулки ҳақида роман»да эпчил, доно ва тадбиркор тулки Ренарнинг қўпол ва қонхўр бўри Изенгрим билан олиб борган курашлари тасвирида роман авторлари шаҳарликларнинг манфаатини ифодалаб, ҳукмрон феодал-дин аҳлларига қарши аёвсиз ўт очадилар. Феодал оламининг вакиллари –ваҳший табиатли қўпол кучлар эпчил тулкига масхара бўладилар. Қирол арслон Нобль, сарой воизи эшак Бодуэн, қироллик армиясининг жарчиси хўроз Шантеклар, бесўнақай айиқ Брён (йирик феодал), ёвуз, қўпол ва очкўз бўри Изенгрим (ўрта даражадаги рицарь) образларида феодал ҳукмронларининг хулқ-атворлари фош қилинади. Товуқ, қуён, читтак ва бошқалар оддий кишилар образи сифатида берилади.
Романдаги энг мураккаб ва зиддиятли фигура Ренардир. Дастлаб у босқинчилик билан кун кўрувчи шахс – рицарь бўлган. Сўнгра унда шаҳарликка хос эпчиллик ва ишбилармонлик хусусиятлари шаклланади. Бу сифатлар унинг бахайбат йиртқичлар устидан ғалаба қозонишига имкон берган. Ренар феодал жамиятининг вакиллари – Нобль, Изенгрим, Бодуэн ва бошқалар билан дуч келганда авторлар эпчил, билимдон тулкига хайрихоҳлик билдирадилар. Лекин Ренар ўзига нисбатан заифларга (товуқ, қуён, читтак ва бошқаларга) йиртқичлик қилганида, ҳикоя ижодчилари тулкига эмас, оддий кишиларга хайрихоҳлик билан қарайдилар. Энди тулкининг айёрлиги иш бермай қўяди. Унинг «кичик биродарлари» муғамбир тулкидан ақллироқ бўлиб чиқадилар. Сезгир читтак айёр Ренарнинг тузоғига илинмай, аксинча, уни мазах қилади. Тулкининг оғзидаги хўроз қувлик билан қутулиб кетади ва ҳоказо. Бу эпизодлар роман асосида меҳнаткаш омма манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, халқ донолиги феодал-аристократия, шунингдек, туғилиб келаётган буржуа хулқ-атворига қарши қўйилганини кўрсатадики, бу ҳол айни вақтда асарнинг демократик ғоясини ҳам белгилайди.
Кейинчалик «Тулки ҳақида роман» бойитилиб ва унга тақлид қилиниб янги асарлар ҳам яратилади. Монах орденлари мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётини ўз қўлига олиш учун интилаётган бир вақтда «Тулкининг тахтга чиқиши» (XИИИ асрнинг иккинчи ярми) поэмасининг яратилиши катта воқеа эди.
Бу поэмада баён қилинишича, Ренар хотинининг маслаҳати билан тахтни ўзи эгалламоқчи бўлади. Монастирга кириб, у ердагиларни айёрликка ўргатади. Ренар қирол Ноблнинг касаллигини эшитгач, черков вакили сифатида унинг олдига боради-да, тахтни энг кучли одамга эмас, балки энг муғамбир кишига васият қилиб қолдириш адолатли эканлигига уни ишонтиради. Нобль ўлимидан сўнг Ренарни тахтга таклиф қиладилар. Олдин у бу таклифни рад этади. Охирида тахтга чиқиб, мамлакатни бошқаришга киришади. Ренар бойларни қўллайди, бироқ халқнинг ғазабини қўзғатмаслик учун мўътадил сиёсат юргизади. Унинг ҳар бир босган қадами айёрлиги билан боғлиқ эди. Ўзига олиб келинган совғалардан воз кечади, айни чоғда орқа томондаги эшикдан келтирилган туҳфаларни қайтармасликни хотинига тайинлаб қўяди. Ренар ҳақидаги гап-сўз Рим папасигача бориб етади. Папа айёрлик санъатини тулки Ренардан ўрганиш зарурлигини англайди.
Французча «Тулки ҳақида роман» феодал тартибларига қарши ўткир сатира эди. У Европанинг кўп тилларига таржима қилинади. Фақат оддий кишиларгина эмас, балки монахлар ҳам уни берилиб ўқиганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |