«Окассен ва Николет». XИИИ аср бошида юзага келган «Окассен ва Николет» асарида феодал зодагонларга қарши мотивлар яна ҳам очиқроқ ифодаланади. Бу асар ўзининг мазмуни ва шакли билан рицарь романи доирасидан четга чиқиб, унга қарши пародияга айланади. Пародия воситасида рицарлик ва унинг идеали устидан кулинади. Асар стилининг ўзига хос томонлари бор: насрий баён шеърий тасвирлар билан алмашиниб туради ва икки жонглёр томонидан навбатма-навбат куйланади. Бу асар рицарлик ҳаёти ва рицарлик романи инқирозга юз тутаётган давр руҳини ифодалайди. Бу ҳолат унинг жанр хусусиятида ҳам кўринади. Асар халқ ижодига хос қўшиқ-эртак шаклида бўлиб, содда ва енгил услуби билан кишига кучли таъсир этади.
Графнинг ўғли Окассен Николет исмли асира қизни севиб қолади. Ота ўғлининг бегона юртдан келтирилган асира билан топишишига қаршилик қилиб, унинг диққатини душманга қарши жангга тортиб, чалғитмоқчи бўлади, айни чоғда қизни ҳам бу ердан йўқотиш тадбирларини кўради. Окассен Николетни асраб олган виконт ҳузурига бориб, уни ўз ихтиёрига қўйишни сўрайди. Виконт ҳам графнинг фикрини таъкидлаб, агар у асирани деса, дўзахга тушажагини айтади. Окассен жаннатда бутун умрини меҳроб олдида ўтказган кекса поплар, сағана олдида тупроққа қорилиб ҳаёт кечирган девона ва мажруҳлар билан бирга яшашдан кўра, мард ва эркин одамлар, латофатли аёллар билан дўзахга боришга тайёр эканини билдиради.
Граф Окассенни қамоққа олади. У муҳаббат деб феодал анъаналарини бузганликда айбланади. Николет яшириб қўйилган уйдан қочиб, севгани билан учрашади. Лекин жазоланиш хавфини сезиб, ўрмонга қочади. Окассен қиз билан учрашиш ҳақида отасидан ваъда олганидан сўнггина душманга қарши жангга боришга рози бўлади. Қамоқдан чиққан йигит Николетни ўрмонда учратади. Севишганлар кўп машаққатлардан сўнг топишиб, бахтли ҳаёт кечирадилар.
Асарда реалистик тасвирлар, оддий кишилар (қоровул, чўпон, батрак ва бошқалар)нинг ҳаёти ҳам берилган. Хўжайинининг ҳўкизини йўқотиб, қаттиқ изтиробда қолган батрак йигитнинг шикояти ўз замонасига қарши характерли норозиликдир.
Шундай қилиб, «Окассен ва Николет» номли қўшиқ-эртакда феодал-рицарь эзгуликлари куйланмайди. Окассен ўрта аср рицарларига деярли ўхшамайди, уни босқинчилик урушлари, саргузаштлар, шон-шуҳрат орттириш хаёллари ҳам қизиқтирмайди. Севгилиси туфайли Окассен «дўзах»га боришга ҳам тайёр. Қаҳрамонда намоён бўлган бу хислатлар асарнинг антифеодал ва антиклерикал характерини белгилайди ва рицарлик идеалининг кишилар назаридан тушиб бораётганини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |