X б о б. ЎРТА АСРЛАРДА ШАҲАР АДАБИЁТИ
ШАҲАР АДАБИЁТИ ВА УНИНГ АСОСИЙ ЖАНРЛАРИ
Ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши ижтимоий меҳнат тақсимотининг ўсишига, ҳунармандчиликнинг деҳқончиликдан ажралиб чиқишига таъсир этади. Ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг тараққийси шаҳарларни вужудга келтиради. Хонавайрон бўлган деҳқонлар феодал-синьорларга қарши курашларда ўз мустақилликлари учун қўзғалиб чиқаётган шаҳарликлар билан бирлашадилар.
XИ–XВ асрларда «Ўрта аср крепостнойларидан биринчи шаҳарларнинг озод аҳолиси чиқди; бу шаҳар аҳолиси сословиесидан буржуазиянинг дастлабки элементлари ўсиб чиқди»,- деб кўрсатган эди Ф.Энгельс. Шаҳар сословие (табақа)си ўз ҳуқуқи учун олиб борган курашларида муваффақият қозона боради. XИИ асрдаёқ қирол ҳукумати мамлакатнинг бирлигини юзага кёлтиришда катта тўсиқ бўлиб қолган исёнкор феодалларнинг қаршилигини синдиришда шаҳарликлардан фойдаланган эди. Бундан қирол икки томонлама манфаат кўрар эди: биринчидан, у шахсий бойлигини орттирса, иккинчидан, фитначи феодалларни ўзига итоат эттирар эди.
Мутлақ ҳокимият аввал шаҳарларга таяниб ўз мавқеини мустаҳкамлаб олиб, сўнгра шаҳарларнинг коммунал ҳуқуқларини тугатишда синьорларга ёрдам беради. «Қироллик ҳукумати билан бюргерлар ўртасидаги иттифоқ X асрдан бери давом этар эди», гарчи бу иттифоқ ўзаро келишмовчиликлар натижасида бузилиб турса ҳам, лекин XИИИ асрдан яна кучаяди ва мамлакатни бошқаришда қирол ҳукуматининг таянчи бўлиб қолади. Феодалларнинғ ўзаро жанжаллари, қонли урушлар давом этаётган бир вақтда, мамлакатнинг бирлигини юзага келтирган абсолют монархия, шубҳасиз, ўз даврида «прогрессив элемент эди».
Қирол ҳокимияти феодалларнинг қўшинига муҳтож бўлмаслик учун шаҳар табақалари ва эркин деҳқонлардан иборат ўз армиясини тузишга киришади.
Агар феодализм тараққиётининг юқори нуқтасига кўтарилган XИИИ асрнинг охирларигача бўлган барча урушларни рицарлар олиб бориб, улардан ўзлари манфаат кўрган бўлсалар, энди шаҳар табақаси ва қишлоқ камбағалларидан иборат «бюргерлар ва деҳқонлар рицарларни мағлубиятга учратдилар».
Шаҳарларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши маданий ҳаётда ҳам ўз ифодасини топди. Янгидан шаклланаётган шаҳар маданияти қадимдан илдиз отиб келаётган халқ маданий анъаналарига асосланади ва у ўша жамиятда ҳукмрон бўлган католик черкови обрў-эътиборига путур етказади.
XИИИ асрда йирик шаҳарларда университетларнинг очилиши дунёвий фаннинг тараққий этишига замин тайёрлади. Университетларда ўқитила бошланган рим ҳуқуқи ва медицина фанлари «илоҳиёт илми»нинг маънавий устунлигини йўққа чиқариб, ўша вақтда ҳукмрон бўлган дикий жаҳолатга катта зарба берди.
Шаҳар доирасида синфий табақаланишнинг кучайиши натижасида меҳнаткаш омма билан бой бюргерлар ўртасида ҳам ажралиш бошланади. Бинобарин, ривожланиб бораётган шаҳар табақасининг орзу-истакларини ифодалаган янги адабиёт юзага келади. Бу бадиий ижод моҳияти ва эстетик талаблари билан турмушдан узоқлашиб, ўз мавқеини йўқотаётган рицарь поэзиясидан бутунлай фарқ қилади: шаҳар адабиётида оддий турмуш манзаралари акс эттирилади, юқори табақа вакиллари қаттиқ қораланади, меҳнаткаш омманинг манфаати ҳимоя қилинади. Шу билан бирга, кундалик ҳаётда учраб турадиган ярамас воқеалар танқид қилинади. Бироқ бу адабиёт феодал жамияти заминида юзага келгани учун ўша тузум асосларига зарба берадиган танқидий йўналишга кўтарилиб етолмади.
Рицарь адабиётининг кўп вакиллари янги ижтимоий муносабатлар таъсирида куртуаз поэзиясидаги бир ёқламаликдан воз кечадилар. Шаҳар адабиёти рицарь адабиётидаги жанрларни айнан ўзича қабул қилмасдан, уларни қайта ишлайди ва фақат шаклини ўзгартириш билан кифояланмасдан, услубига ҳам қатор ўзгаришлар киритади. Рицарь поэзиясидаги ўта нафислик ва санъатпардозлик халқчил ва реал тасвирлар билан алмашинади.
Гўзал хоним учун ҳар қандай саргузаштлардан қайтмайдигак ва ўз найзасини синдиришга ҳам тайёр турадиган рицарь ўрнини энди ақл-идрокли, эпчил ва меҳнатни қадрлайдиган қаҳрамонлар эгаллай бошлайди. Бу янги қаҳрамонлар зеҳни ўткир ва чаққон деҳқон, хушчақчақ жонглёр, ҳийлакор хизматчи ва бошқалар бўлиб, улар эътиборли гуруҳдан чиққанлиги билан гердаядиган ҳукмрон табақа вакиллари, хусусан, очкўз ва фирибгар черков князлари ва монахлар устидан куладилар. Бу хусусият шаҳар адабиётининг янги камолот босқичидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |