14- мавзу. Готика даври Англия санъати
Режа:
1. Готика даври Англия санъатининг ўзига хос томонлари
2. Готика даври Англия меъморчилиги
3. Готика даври Англияда тасвирий санъати ривожи
Таянч сўзлар:
ланцетовид услуб
декоратив услуб
Пурбек мармари
Англияда готика услубидаги қурилиш ишлари тахминан ХIII –ХIV асрларда Франция билан бир даврда ривожланган. Бу давр Англия давлати куч-қудратининг ошиб бориш жараёнига тўғри келади. Англия готикаси миллий руҳ асосида қурилган бўлиб, ўзининг безатилиши жиҳатидан фарқ қилган, яъни нақш конструкцияни бутунлай ўраб олган эди. У ХVI асрнинг ўрталаригача ривожланиб борган ва бир неча стилистик турларга бўлинган: ХII-ХIII аср охирлари, ХIII-ХIV асрлар охири, ХIV асрнинг иккинчи ярми-ХVI асрнинг ўрталари.
Англия готика мактаби норманд ва анжуй вилоятларини Aнглияга қўшилиши таъсири остида шаклланди. Англия меъморчилиги норманд меъморчилик мактаби сингари геометрик формулаларга асосланган аниқ қурилиш техникаси асосида яратилди. Биноларда асосан квадрат апсида қўлланила бошлади. Шуни таъкидлаш керакки, Aнглияда ёрқин трифорий, нервюралар деярли ишлатилмаган, албатта устун ва нервюра орасида капител қўйилган. Готика даври анъаналарини ўзлаштиришига қарамасдан Англия ўзининг эски меъморчилик анъаналирни хам сақлаб қолишга харакат қилган.
Англия готикасининг услуб сифатида ривожланиши учта асосий босқичга бўлинади: 1. илк англия готикаси “ланцетовид услуб” (1170-1300 йй) ; 2. “декоратив” ёки “безатилган услуб” (1272-1349 йй) ва “перпендикуляр” ёки “вертикал услуб” (1350-1539 йй) – кечки англия готикаси.
Ланцетовид услуби - (инг «Lanceolate style», нем. «Lanzettbogen» - лотинчада lanсеа - найза, икки қиррали пичоқ) меъморчиликда готика услуби ривожланишининг дастлабки босқичида - Дарем шаҳридаги собор (тахминан 1130 – 1133 йй) қурилган.
“Декоратив” ёки “безатилган услуб” (1272-1349 йй). Ушбу даврда Англия соборлари ғарбий фасадида катта атиргулли ойналар тўртбурчак дераза билан алмаштирилади. Бу услубнинг дастлабки белгилари Солсбери (1220-1266 йй ) соборида намоён бўлади. 1220 йилда Солсбердаги собор қурилиши бошланган, у ғоянинг бир бутунлиги билан ажралиб туради. Собордаги энг баланд 124 метрли минора қурилишнинг кўринишини белгилаб беради. Ғарбий фасад томонидаги катта бўлмаган миноралар токчалар, ҳайкалтарошлик ва геометрик нақшлар билан безатилган. Собор атрофи кенг очиқ майдон билан ўралганлиги сабабли, уни ҳар ён томонлама яхши кўриш мумкин. Англия готикасининг янги босқичига ўтиш даври ХIV асрда Глостердаги соборнинг қайта таъмирланиши натижасида пайдо бўлган. Бинонинг ташқи кўринишини вертикал интилишлар ва горизонтал туташишлар шакллантиради. Бино ойна ва аркалар билан безатилганлиги сабабли деворлар деярли бўлмаган. Бирлашмалар мураккаб декоратив расмга нервюрага эга эди.
Меъморий ёдгорликлар - Вестминстер аббатлиги собори нефи (1245-1269 йилларда қайта қурилган), худди шу ерда - Aвлиё Стефан черкови (сақланиб қолмаган), черков галереялари, Линкольн ва Бристолдаги соборлар хорлари (1298 й.), Йорк собори нефи (1280-1350), Глоcтер собори (1340-1370-йиллар) ички маконлари “Перпендикуляр услуб” ининг намунасидир.
Англия меъморчилигида бинолар бошқа давлатларга қараганда паст қилиб қурилган. Франциядаги Амьен собори баландлиги 43,5 метр қилиб қурилган бир вақтда Солсбери соборининг баландлиги бор йуғи 25,6 метрни ташкил этган. Англия меъморлари анча пайтгача норманд анъаналарини яъни бино деворларини қалин қилиб қуришни одат қилишган. Англия меъморлари кўпроқ безакка урғу беришган. Англия готикасига кенг ёйилган фасадлар, катта бўлмаган миноралар хосдир. Аркбутанлар роли эса чекланган. Ён нефлардаги ойналар нисбатан кичик бўлган. Ўрта неф одатда баланд қилиб қурилмаган. Англия меъморчилигида монастрга оид қурилишлар қўлланилган. Англия готикасининг ўзига хослигини Уэллс, Линкольн, Солсбери соборларида ҳам кўриш мумкин.
Уэллсдаги собор ХIII-ХIV асрларда қурилган бўлиб, трансепт ва хор билан уч нефли базилика, кенг ёйилган декоратив бўлинган порталлар фасади кўринишида қурилган. Ён томонлама катта бўлмаган миноралар вертикал ҳосил бўлган ритмни тўхташига ундайди.
1225 йилда роман обидаси бўлган Линкольн биноси қайта таъмирланиши натижасида готика даврига янгилик олиб кирди. Бинода тектоника Уэллсга нисбатан яққол кўриниб туради. Ритмлар секин-аста катта минора маркази томон ўсиб боради. Ўрта неф бирлашмалари мураккаб тизимнинг ривожланишига асос бўлиб хизмат қилган.
Англия тасвирий санъатида миниатюра билан рангтасвир Франция тасвирий санъати билан боғлиқ ҳолда шаклланди. Франция миниатюрасига ўхшаб Англия миниатюрасидаги мавзулар хам реал хаётдан олиб ишланган. ХIV аср Шарқий англия мактабининг энг ёрқин намуналаридан бири бу Қиролича Мария псалтири (1320) ҳисобланади. Қўлёзмада 60 та катта миниатюра, 233 қўлда чизилган расм ва 400 дан ортиқ қалам тасвирлари мавжуд. Диний мавзулар, масалан, “Кана Галилей шаҳридаги никоҳ” рассом учун замонавий воқеалар сифатида талқин этилади. Хизматчилар ва мусиқачилар ХIV аср Aнглия либослари каби кийинтириб талқин этилган.
ХIV асрда дунёвий китоблар диний китобларга нисбатан кенг тарқала бошлади. ХIII асрнинг охирида Aнглия тасвирий санъатида қирол Aртур ва рицарлари ҳақидаги афсоналар тасвирлаб берилди. ХIV асрнинг ўрталарида Англия миниатюраларининг гуллаб-яшнаши юз йиллик уруш ва “қора ўлим” эпидемияси сабаб инқирозга юз тутди. ХV асрнинг ўрталаридан бошлаб маданият ва тасвирий санъатнинг қайта юксалиши Aнглия тарихи ва маданиятида янги даврни эълон қилди.
Готика даври Англияда хайкалтарошлик хам ривожланган бўлиб, ХIV асрга келиб ҳайкалтарошларни ўлим мавзуси тобора қизиқтирди. Глостер соборидаги Эдуард II қабр тошида ўлим тўшагида ётувчи қирол акс эттирилган. Қабрдаги оч ва тоқ рангдаги тошларнинг контрасти ёрқин ифодаланган. Иконографик нуқтаи назардан асосий янгилик бу қабр тасвири хисобланади. Энди қабр тасвири ҳаракатсиз эмас, балки қўлини бир томонга бироз бурган ҳолда харакатли қилиб ишланди.
Пурбек мармари. Англия готика бинолари хайкаллари аксарият қисми Дорсетдаги Пурбек оролидан олинган қора мармардан фойдаланиб ишланган. Роман давридаёқ Англия зодагонлари қора мармардан фойдаланишган. Аммо ушбу мармар бу даврга келиб ўзига хос характерли жиҳатига айланди. 13-асрнинг ўрталарига келиб Aнглияда ҳайкалтарошлик безакларида Пурбек мармардан фойдаланиш бронзага яқин лак олиш имкониятини яратди (қирол Жон Лэкленд қабри тасвири, Вустер, 1225-1235).
Шунингдек, ушбу даврда Вестминстер аббатлигида ҳайкалтарошлик ўзига хос хусусиятига айланган пластик концепциянинг самарасини кўрди, бинолар ичида ҳайкалтарошлик фигуралари кенг ўрин эгаллади. Ушбу даврдан бошлаб фаришталар Англия готика черковининг юқори қисмларини эгаллаб олишади ва жаннат тасвири сифатида базилика ғоясини ўзида мужассам этишган.
Cаволлар
1. Готика даври Англия санъатининг бадиий хусусиятлари
2. Готика даври Англия меъморчилигида Уэллс, Линкольн, Солсбери ёдгорликларининг тутган ўрни
3.Готика даври Англия даври миниатюрасида Қиролича Мария псалтирининг ўрни
4.Готика даври Англия хайкалтарошлигида Пурбек мармарининг аҳамияти
Do'stlaringiz bilan baham: |