ЛОПЕ ДЕ ВЕГАДАН КЕЙИНГИ ИСПАН ДРАМАСИ
XВИ асрнинг охири ва XВИИ асрнинг биринчи ярмидаги испан драматургияси Лопе де Веганинг бевосита таъсири остида ривожланди. Унинг традицияларини давом эттирувчи қатор ёзувчилар етишиб чиқди. Улардан Гильен де Кастро, Хуан Руис де Аларкон ва Тирсо де Молиналарнинг драмалари бу давр испан адабиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Гильен де Кастро (1569-1631) устози Лопе де Веганинг реалистик принципларига амал қилиб, ўз ижодида халқ бадиий ёдгорликлари намуналаридан кенг фойдаланди. Унинг муҳим асари испан миллий қаҳрамони Сид ҳақидаги халқ романслари асосида яратилган «Сиднинг ёшлиги» драмасидир. Пьесада севги, оила ор-номуси учун кураш ва абсолютизмда юз берган кризис акс этган.
Лопе де Вега драматургия мактабининг йирик вакили Хуан Руис де Аларкон (1580-1639) Мексикада аристократия оиласида туғилади, унинг ёшлиги ўша ерда ўтади, сўнгра Испанияга келиб, ўқишини давом эттиради, университетни битиргач, адвокатлик билан шуғулланади.
Аларконнинг адабий мероси катта эмас, у тили ва композицияси жиҳатдан пухта ишланган 30 га яқин пьеса ёзган, Аларконнинг миллий қаҳрамонлик циклидаги пьесаларидан бири «Сеговиялик тўқувчи» (1634) асаридир. Унда драматург инсон кучи ва иродаси, адолат ва чин севгининг тантанаси ҳақида ҳикоя қилади.
Ёзувчи бош қаҳрамоннинг оғир тақдирини тасвирлар экан, диний ақидаларга сира мурожаат этмайди, балки воқеаларга сиёсий тус бериб, дворян дон Фернандо курашини ота қасоси учун эмас, балки ҳақоратланган камбағал тўқувчининг адолат учун олиб борган кураши сифатида талқин қилади.
Бу Аларконнинг интрига комедиясидан характерлар комедиясига ўтишини белгилаб берган оригинал асарлар сифатида испан драматургияси хазинасига қўшилган муҳим ҳиссадир. Унинг шу тарзда ёзган «Шубҳали ҳақиқат», «Деворнинг ҳам қулоғи бор», «Эрларни синаш», «Ҳар тўкисда бир айб» каби бир қанча комедиялари ҳам бор. Бу пьесаларида асосий қаҳрамонларнинг қандайдир бир нуқсони кўрсатилиб, яхшилик уларга қарши қўйилади. Масалан, «Шубҳали ҳақиқат»да алдоқчилик танқид қилинади. Аристократ йигити дон Гарсия доимо ҳаммани алдаб юради. Кунлардан бирида рост гапни айтганида, унга ишонмайдилар, чунки унинг учун ҳақиқат ҳақида гапириш ёт нарса эди. Дворян йигитидаги бу ёмон одат охирида уни оғир аҳволга солиб қўяди.
Аларконнинг бу комедияси француз драматурглари Корнелнинг «Ёлғончи», Мольернинг «Мизантроп» асарларига маълум даражада таъсир кўрсатди.
Драматург комедияларида қаҳрамонларнинг характери драматик ҳолатнинг асосини ташкил этади. Лопе де Веганинг севги комедиялари композициясида тасодифий воқеалар қалтис бурилишлар юзага келтирса, Аларкон драмаларида бундай воқеалар характерларнинг психологик томонини очиб беради. Аларкон ижодининг реалистик характери, воқеликни танқидий тасвирлаши билан XВИИ аср испан адабиётида муносиб ўрин тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |