Автомобиль йўллари давлат кадастрини юритиш бўйича
қўлланма
1. Ушбу Қўлланма Ўзбекистон Республикасининг “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 30 июндаги “Айрим давлат кадастрларини юритиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 152-сонли қарорига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат кадастрлари ягона тизимини яратиш ва юритиш тартиби тўғрисида низом”га, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилди ва автомобиль йўллари давлат кадастрини (АЙДК) юритиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қўлланма қуйидагиларни белгилайди:
АЙДКни юритишда қўлланиладиган асосий тушунчалар;
АЙДКни юритишнинг асосий принциплари;
АЙДК объектлари ва субъектлари рўйхати;
АЙДКни юритиш ишларининг таркиби ва бажарилиши тартиби;
бошқа зарурий норматив қоидалар ва талаблар.
2. Ушбу Қўлланмада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
автомобиль йўллари – транспорт воситаларининг ҳаракати учун мўлжалланган, уларнинг белгиланган тезлик, нагрузка, габаритлар билан бетўхтов ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминловчи инженерлик иншоотлари комплекси, шунингдек ушбу комплексни жойлаштириш учун берилган ер участкалари ҳамда улар устида белгиланган чегарадаги фазо;
автомобиль йўллари диагностикаси – автойўлларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тўплаш тизимидаги асосий элемент ҳисобланади ва автойўлнинг кўриладиган вақт даврида бўлган техник ҳолатини аниқлашни, автойўлнинг маълум вақт даври тугагандан сўнгги техник ҳолатини прогнозлашни, автойўлларда у ёки бу дефектлар юзага келишининг бош сабабларини аниқлашни ўз ичига олади;
йўл иншоотлари – автойўлнинг конструктив элементлари бўлмиш иншоотлар: йўл-эксплуатация ташкилоти балансида бўлган сунъий иншоотлар (кўприклар, кўприкйўллар, эстакадалар, қувурлар, туннеллар), ҳимоялаш иншоотлари (қордан ҳимояловчи ихота дарахтлари, шовқиндан ва шамолдан ҳимоялаш қурилмалари, йўлларни қор кўчкиларидан, бархан қумларидан, ўпирилишлардан, силжишлардан ҳимоялашга мўлжалланган қурилмалар), автойўлларни тартибга солиш элементлари (бекат майдончалари ва йўловчилар учун павильонлар, дам олиш майдончалари, тўхташ учун махсус майдончалар ва автостоянкалар, I гуруҳ тўсиқлари, йўлловчи устунчалар), чизиқли бинолар ва ёрдамчи иншоотлар (йўл-таъмирлаш пунктлари, таъмирловчилар уйи, асфальтобетон цехлари, ишлаб чиқариш базалари);
Do'stlaringiz bilan baham: |