§6. Автомобиль йўллари объектларини картографик ҳисобга олишни юритиш тартиби 47. Автомобиль йўллари объектларини картографик ҳисобга олиш материаллари Автомобиль йўллари объектларининг кадастр планларини, ижровий съёмка планларини, объектларнинг жойлашиш схемаларини, ер участкалари чегаралари бурилиш нуқталарининг координаталари каталогларини ўз ичига олади.
48. Автомобиль йўллари объектининг кадастр плани (кадастр плани) кадастр ахборотини график шаклда ифодалашдан иборат, ҲЙЭТ кадастр бўлинмалари томонидан топографик съёмкалар (кадастр съёмкалари) материаллари бўйича объект (ёки унинг тегишли навбати) ишга туширилгандан сўнг кадастр объектларининг жойлашуви тўғрисида визуал тасаввурга эга бўлиш, шунингдек объектларнинг тегишли кадастр тавсифларини олиш мақсадида тузилади.
49. Кадастр плани анъанавий кўриниш баробарида, электрон-рақамли кўринишда ҳам тузилади ва юритилади.
50. Объектнинг кадастр планида автомобиль йўллари объекти эгаллаб турган ер участкасининг чегаралари периметр учларининг координаталарини, ажратилган ерлар минтақасини, йўл олди минтақаларини, бошқа ер участкаларини ҳамда уларда жойлашган бино ва иншоотларни ҳамда уларнинг чегараларини, зарурий техник тавсифларни, баҳолаш тавсифларини (балларини), иқтисодий ва солиқ бўйича зоналаштириш чегараларини кўрсатган ҳолда акс эттирилади.
Кадастр планида ер участкасининг коди (Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа махсус мақсадларга мўлжалланган ерлар классификаторига мувофиқ) ҳамда объектнинг коди (Бинолар ва иншоотлар классификаторига мувофиқ) кўрсатилади.
Кадастр планларида автомобиль йўллари объектларининг барча техник ва баҳолаш кўрсаткичларини ифодалаган ҳолда экспликациялар (жадваллар) келтирилади.
51. Кадастр планлари объектларнинг турига ва ўлчамларига (майдонларига) қараб, 1:500-1:2 000 масштабларда тузилади.
52. Кадастр плани Автомобиль йўллари объектлари кадастр дафтарига илова ҳисобланади ҳамда Автомобиль йўллари объектлари кадастр дафтарини сақлаш ва ундан фойдаланиш борасида белгиланган тартибда сақланиши ва фойдаланилиши лозим.
53. Кадастр планига ўзгартишлар киритиш (корректура) ҲЙЭТ кадастр бўлинмалари томонидан шаҳарлар планларига ижровий съёмкалар маълумотларини киритишнинг амалдаги тартибига мувофиқ амалга оширилади.
54. Автомобиль йўллари объектларининг ижровий съёмкаси планлари қурилиш ташкилоти томонидан қурилиш босқичи якунлангач ёки у тугагандан сўнг тузилади ва лойиҳада бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда тасдиқланади. Кадастр планига фақат қурилиши тугалланган ва белгиланган тартибда эксплуатацияга топширилган объектлар туширилади.
55. Автомобиль йўллари объектларининг жойлашиш схемалари “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг Кадастр хизмати томонидан иш учун қулай масштабда тузилади. Схемага объектларнинг чегаралари ёки шартли белгилари, уларнинг номлари ва кадастр рақамлари туширилади.
56. Автомобиль йўллари объектлари эгаллаб турган ер участкалари чегараларининг бурилиш нуқталари координаталари каталоглари кадастр планларига илова ҳисобланади.