СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ҲАҚИДА АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР, ТАЪРИФЛАР ВА РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ 1. Асосий тушунчалар ва таърифлар Сунъий интеллект (СИ) - ҳисоблаш машиналари (ҲМ) нинг инсонларга интеллектли бўлиб кўринадиган нарсаларни қилишига имкон берадиган концепциялар ҳақидаги фан. Инсон интеллекти ўзи нима? У фикрлаш қобилиятига эгами? У билимларни ўзлаштириш ва қўллаш қобилиятига эгами? У ғояларни алмашиш ва улар билан ишлаш қобилиятига эгами? Шубҳасиз, бу барча қобилиятлар интеллектнинг қисмини ташкил этади. Лекин бу сўзга оддий маънода таъриф бериб бўлмайди. Чунки интеллект - бу маълумотларни қайта ишлаш ва тасвирлаш соҳасидаги билимларнинг қоришмасидир.
Курснинг асосий мазмунига киришишдан аввал «сунъий интеллект» (СИ), умуман «интеллект» ҳақидаги тушунчани аниқлаб олишимиз керак. Бу тушунчани оддий қоида асосида тушунтириш мумкиндек туюлади, лекин биз бундай қила олмаймиз. Чунки, ҳозирча «интеллект ва СИ ҳақида бирон-бир аниқ фикр йўқ. Бу тушунчани турли фан соҳаларида ижод қилувчи олимларнинг талқин қилишлари турлича, фикрлашларида якдиллик йўқ. Шу сабабли бу тушунчаларнинг мазмунини ўқувчига тушунтириб беришга ҳаракат киламиз.
«Интеллект» сўзи лотинча «интеллестуз» сўзидан келиб чиқкан бўлиб, у билиш (аниқлаш), тушуниш ёки фаҳмлаш (ақл) маъносини беради.
«Интеллект» сўзини аниқловчи, психологлар тузган учта тушунчани (катта совет энциклопедияси ва Вестернинг америка луғатидан олинган) келтирамиз. Бу тушунчалар «интеллект» тушунчаси мазмунини аниқлаш учун ёрдам беради.
Интеллект - фикрлаш қобилияти, рационал билиш ва шунга ўхшаш. Умумий ҳолда эса фикрлаш, шахсни ақлий ривожланиши синоними бўлиб хизмат қилади. Интеллект (ақл) - ўз хулқини созлаш йўли билан ҳар қандай (айниқса янги) ҳолатга етарли баҳо бериш қобилияти.
Интеллект - турмушдаги далиллар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни тушуниш қобилияти. Бу қобилият белгиланган мақсадга эришишга олиб борувчи ҳаракатларни ишлаб чиқиш учун керак бўлади.
Юқорида аниқланган «интеллект» тушунчасидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, яъни интеллект фақат инсонларга тегишли ва одам ақлий қобилиятининг ўзига хос ўлчовидир. Психологлар шундай махсус усуллар яратдиларки, бу усуллар ёрдамида тажриба орқали одамнинг интеллектуал (ақлий) даражасини аниқлаш мумкин бўлди. Натижада шу нарса аниқландики, интеллектнинг индивидуал даражаси ўртасидан сурилиши (оғиши) одамнинг физик имкониятлари даражаси кабидир.
Агар ўртача ақлий қобилият 100 балл деб қабул қилинса, у ҳолда ўта қобилиятли инсонларда бу кўрсаткич 150, 180; ҳаттоки 200 баллга етиш мумкин. Шуни қайд қилиш лозимки, эволюция даврида интеллект бирмунча бир текис, инқилобий ривожланиш давридан токи замонавий инсон интеллекти пайдо бўлгунга қадар бўлган даврни босиб ўтган.
Сунъий интеллект тушунчасига турлича маъно киритиш мумкин. Турли мантиқ ва ҳисоблаш масалаларини ечувчи ЭҲМдаги интеллектни эътироф этишдан тортиб, то инсонлар ёки уларнинг кўпчилик қисми орқали ечила оладиган масалалар мажмуасини ечадиган интеллектуал тизимларга олиб борадиган тушунчагача киритиш мумкин. СИ тушунчаси бошидан ва шу кунга қадар олимларнинг бу тушунчага бўлган муносабати ва уларнинг «сунъий» сўзига нисбатан келишмовчилиги туфайли қаршиликларга учрамокда. Масалан, Украина ФА Кибернетика институтининг собиқ директори, марҳум академик В. М. Глушков «сунъий идрок» сўзини қўштирноксиз ишлатган. СССР ФА СИ масалалари бўйича илмий йиғилиш раиси академик Г. С. Поспелов фикрича, СИ ҳақида ҳеч кандай сўз бўлиши мумкин эмас, яъни ҳозир ҳам, яқин келажакда ҳам «ўйлайдиган машина» бўлмайди. СИ тушунчасини ўзгартириш кеч бўлди, - деб ёзади у. Бу нарса инженер, математик, ЭҲМ ва электроника бўйича мутахассислар, психолог, файласуфларни бирлаштирувчи жуда катта аҳамиятга эга бўлган илмий йўналиш эканлигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. У одамларнинг мақсади - компьютерларнинг махсус программали ва аппаратли воситаларини яратиш. Компьютернинг қобилияти ижодий натижаларни бериб туришдан иборат.
СИ тушунчасини аниқ таърифлаш шуни тақозо қиладики, бу илмий йўналиш оёққа туриш ва ривожланиш босқичидадир. Бугунги кунга келиб, шу нарса маълум бўлдики, СИ терминига табиатдаги жараён ва ҳодисаларни ўрганиш (тадқиқот килиш) да инсондаги айрим интеллектуал қобилиятларни техник жиҳатдан мужассамлаштирган умумий тушунча деб қарамоқ лозим.
СИ нинг асосий масаласи ЭҲМ ларни фойдалироқ қилиш ва интеллект асосида ётадиган принципларни тушунишдан иборат. Модомики асосий масалалардан бири ЭҲМ ларни фойдалироқ қилиш экан, ҳисоблаш техникаси соҳасидаги олим ва инженерлар СИ қийин масалаларни ҳал қилишда уларга қандай ёрдам бериши мумкинлигини билишлари керак.