Барг - новданинг ён органи.
Барг морфологияси
Ўсимликларнинг биринчи барг органи - уруғпалла барг бўлиб, асосий новданинг учки куртаги ва апекси пайдо бўлишидан аввал муртак шаклланиш олдида меристематик тананинг дефференциацияси натижасида пайдо бўлган. Барча қолган барглар асосий ва ён новдаларининг апексидаги меристематик бўртмаларидан пайдо бўлади.
Барг келиб чиқиши жиҳатидан ён орган бўлиб, деярлик ясси шаклга эгадир. Барг ўсимликларнинг учки меристемаси узоқ вақт сақланадиган бошқа органларга – новда, илдизга нисбатан ўсиши чеклангандир. Барглар ўзидан ҳеч қачон бошқа органларни ҳосил қилмайди. Баъзи ўсимликларнинг баргларида қўшимча куртаклар ва илдизлар пайдо бўлиши мумкин (бегония, бриофиллюм в.б.), лекин барглардан ҳеч қачон яна янги барглар пайдо бўлмайди. Барглар фақат новданинг ўқ органи бўлган I, II, III ва ҳ.к. тартибидаги поялардаги куртаклардан пайдо бўлади.
Баргнинг ясси шаклда, яшил рангда бўлиши унинг ҳаводан озиқланишига ёки фотосинтезига мослашганлиги бўлса, иккинчи муҳим вазифаси транспирацияга (сув буғланишининг тартибга солиш) мослашганлигидадир.
Барг - барг пластинкасидан, барг бандидан, барг асосидан мураккаб барг ва баргчалардан иборат. Новданинг ўсиш конусидаги барг бўртмалари узунасига ва энига ўсади. Бўртмаларнинг пастки қисмида баргнинг асоси, юқориги қисмидан барг япроғи билан унинг асоси оралиғида поясимон юмалоқ, ярим ой ва бошқа шаклларга эга бўлган баргбанди пайдо бўлади (45-расм). Кўп вақтда барг асосида иккита бўртма пайдо бўлиб ёнбаргчаларга асос солинади ва тез суръатлар билан ўса бошлайди. Баргнинг учки қисмининг ўсиши натижасида аввал барг япроғининг ўрта қисми, кейинчалик унинг ён томонлари ўсади. Барг банди жуда узун (тоғ терак) ёки жуда калта (тол) бўлиши мумкин. Бундай баргларга бандли барглар дейилади. Баъзида барглар бандсиз пояга бирикади ва ўтроқ барглар дейилади (бошоқдошлар). Баъзи ўсимликларнинг баргларини асоси узунасига ва энига ўсиб найсимон шаклга эга бўлади ва барг нави деб аталади. Барг нави пояни қисман ёки бутунлайига ўраб олиши мумкин (бошоқдошларда, соябонгулдошларда). Барг нави барг қўлтиғидаги куртакларни ташқи таъсирдан сақлайди, таянч вазифасини бажаради ва фотосинтезда қатнашади.
Баргларнинг ўлчамлари турлича бўлиши мумкин. Баъзи ўсимликларнинг барглари мм билан ўлчанса, баъзи ўсимликларнинг барглари метер билан ўлчанади. м: Бразилия пальмаси рафиянинг баргини узунлиги 22 м, эни 12 м, бандининг узунлиги 4-5 м. Сувда яшовчи вектория регинянинг доира шаклидаги баргларининг диаметри 2 м га етиб, 30-40 кг юкни кўтариши мумкин.
Оддий ва мураккаб барглар. Баргларнинг ассимиляция қилувчи асосий қисми - унинг япроғидир. Агар баргда битта япроқ бўлса оддий барг деб (46-расм), агар умумий асосга эга бўлган барг бандига, ўзининг барг бандлари билан бир неча барг япроғи бирикса мураккаб барглар деб аталади. Мураккаб баргларнинг айрим япроқларига баргчалар деб, баргчалар туташган асосий ўққа рахис (юнон. рахис - умиртқа) деб аталади. Баргчаларнинг рахисда жойлашишига қараб мураккаб барглар панжасимон, тоқ ва жуфт патсимон ва бошқалар бўлиши мумкин. Мураккаб баргларнинг баргчалар сони учта бўлса, уч баргчали бешта бўлса, беш баргчали ва бошқалар мураккаб барглар дейилади.
Баргларнинг шакллари. Оддий барглар ва мураккаб барглар баргчаларининг япроқлари турли шаклларда бўлиши мумкин. Баргларнинг япроқларини шакли, ўсимликларнинг туркумини, турларини аниқлашга ёрдам беради. Барг япроқларини шакли юмалоқ, панжасимон, тухумсимон, овалсимон, ланцетсимон, юраксимон, наштарсимон, калами, тескари кенг тухумсимон, кенг тухумсимон, ўроқсимон ва бошқа бўлиши мумкин. Баргларнинг қирраси текис, тишсимон қирқилган, икки карра тишсимон, ўйилган бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |