Поянинг иккиламчи қалинлашиши
Прокамбий поя бўйлаб жойлашган ингичка меристема ҳужайралардан ташкил топган. У бошқа паренхима ҳужайралардан ўзини шакли ва бўлиниши билан фарқ қилади. Прокамбийдан бирламчи ўтказувчи найлар пайдо бўлади. Шунинг учун прокамбий жойлашган қаторда кейинроқ ўтказувчи найлар ҳосил бўлиши аниқ кўринади. Агар прокамбий туташ халқа ҳосил қилиб жойлашса, ундан бирламчи флоэма ва ксилеманинг халқаси ҳосил бўлади, агар бойлам ҳолатда жойлашса ундан бирламчи ўтказувчи найлар бойлами пайдо бўлади.
Прокамбий асосан бошланғич барг асосида ҳосил бўлади ва икки йўналишда ривожланади юқорига акропетал баргнинг учки қисмига ва пастга пояга қараб базипетал аввал пайдо бўлган ёш бойламлар тамон. Бирламчи ксилема ва флоэмаларнинг ҳам ривожланиши шу тартибда боради. Аввал флоэма кейинчалик ксилема найлари ҳосил бўлади. Прокамбий ҳужайралари бўлинаётган вақтидан бошлаб ўтказувчи тўқималар ҳосил бўла бошлайди. Биринчи флоэма элементлари прокамбийдан ўтказувчи бойламларнинг ташқи томонида, бирламчи пўстлоққа яқин жойда пайдо бўлади. Демак, флоэма экзархно пайдо бўлиб марказга интилиб ривожланади.
Биринчи пайдо бўлган флоэма элементларини протофлоэма дейилади ва у узоқ яшамайди, сўнгра узоқроқ сақланадиган метафлоэма элементлари пайдо бўлади.
Деворлари халқасимон ва спиралсимон қалинлашган протоксилема элементлари прокамбийдан бойламининг ички томонда ўзак атрофида пайдо бўлади. Сўнгра ундан ташқи томонда метаксилема пайдо бўлади. Демак, метаксилема эндархно пайдо бўлиб, марказдан қочиб пўстлоқ томон ривожланади. Прокамбий ҳужайралари бирламчи ўтказувчи найларни ҳосил қилишга сарф бўлса, ёпиқ камбийсиз бойлам ҳосил бўлади масалан: бир уруғ паллали ўсимликлар пояларида. Агар бирламчи ксилема билан бирламчи флоэма оралиғида прокамбий қолдиғидан камбий ҳосил бўлса, унда очиқ бойлам шаклланади ва камбийдан янги-янги иккиламчи ўтказувчи тўқималар пайдо бўлади.
Поянинг бирламчи қалинлашиши. Поянинг қалинлашишида бирин-кетин пайдо бўладиган икки фазани - бирламчи ва иккиламчи қалинлашишни кузатиш мумкин. Бу қалинлашишларнинг орасида чегара аниқ кўринмайди. Поянинг бирламчи қалинлашиши энига ўсиши, ўсиш конуси яқинидаги апикал меристема ҳужайраларини ва ундан пайдо бўлган тўқималарнинг бўлиниши ва чўзилиши натижасида содир бўлади. Кейинчалик камбийдан пайдо бўлган тўқималар ҳисобига иккиламчи қалинлашиш вужудга келади. Бирламчи қалинлашишда камбий қатнашмасдан бирламчи пўстлоқ кучли ривожланса – бундай қалинлашишга кортикаль (лот. cortex - пўстлоқ) қалинлашиш дейилади (кактусларда). Агар бирламчи қалинлашишда ўзак кучли ривожланса медулляр (лот. медулла-ўзак) қалинлашиш дейилади (картошкада). Баъзида пўстлоқ ва ўзак бир хилда ривожланади.
Поянинг узинасига ўсиши билан бирламчи қалинлашиши ўзгариб боради. Майсаларда апикал меристема пояни ҳосил қилгани учун ҳажми унча катта бўлмайди. Кейинчалик бўғимдан бўғимга ўтган сари апекснинг ҳажми катталаша боради, ўсиш давом этади, бирламчи қалинлашиш кучая боради, натижада поянинг учки томони ингичкалашиб, пастки томонидан иккиламчи тўқималар пайдо бўлади. Бирламчи тўқималар сезилмай қолади, гул ҳосил бўлади - поянинг юқоридаги қисмида поя конус шаклида бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |