Қўшимча куртаклар. Экзоген ҳолатда барг қўлтиғида пайдо бўлган куртаклардан ташқари, поянинг турли қисмларида пайдо бўлган куртак ҳам учраб, уларни қўшимча ёки адвентив куртаклар дейилади. Бундай куртаклар эндоген ҳолатда ичкарида ётган тўқималардан пайдо бўлади, қўшимча куртаклар пояларнинг бўғим оралиқларида, баргларда ва илдизда пайдо бўлиши мумкин. Бундай куртаклар пояда, перициклдан, камбийдан, ўзак нурлари паренхимасидан, баргнинг мезофиллидан ҳатто эпидермасидан, жароҳат меристемасидан пайдо бўлади. Қўшимча куртаклар қайси тўқималардан пайдо бўлмасин тузилиши жиҳатидан учки ва ён куртаклардан фарқ қилмайди. Қўшимча куртаклар новдаларнинг вегетатив қайта тикланишини ва вегетатив кўпайишини таъминлайди.
Масалан, қўшимча куртак ёрдамида ўсимликлар илдизларидан кўпаяди (малина, қоқиўт ва бошқалар). Илдиз бачкилари илдиздаги қўшимча куртаклардан чиққан поядир.
Қўшимча куртаклар баргларда кам учрайди. Бриофиллюмнинг баргларида қўшимча куртаклардан кичкина новдалар қўшимча илдизлари билан биргаликда ўсиб чиқади. Онасидан узилиб ерга тушиб ўсишни давомлаштиради. Бундай куртакларни ажралувчи куртаклар дейилади. Ҳашаротҳўр ўсимлик росянканинг баргларида ҳам қўшимча куртак ва новдалар ўсиб чиқади. Кўпчилик қирққулоқсимонларда ҳам шундай куртаклар кузатилади, хона ўсимликларидан бегонияни ҳам барг бўлаклари ва бандидан ҳам шундай ёш ўсимлик олиш мумкин.
Куртакдан новдаларнинг ривожланиши. Куртакларнинг новдаларга айланиши, ёш баргларнинг ўсиши ва бўғим оралиғининг узайиши билан бошланади. Куртакдаги ўсиш конусини қоплаб турган ёш баргларнинг ҳаммаси бирданига ўсмайди, улар бирин-кетин ўсиб, ташқарига эгилиб, новданинг ўқидан узоқлашади. Куртакни ўраб турган тангача баргларнинг энг ташқаридагиси бу вақтда ўсмайди, ўсса-да секин ўсади, тез қуриб тушади. Унинг изи поя асосида қолади ва “куртак айланаси” дейилади. Бу асосан дарахт ва буталарнинг йиллик ўсиш жойида яхши кўринади. Куртак айланасидан новдаларнинг ёшини аниқлаш мумкин: ташқи тангача барглардан ичкарида жойлашган тангача барглар асоси билан ўсади, шунинг учун баҳорда учки қисми қуриб кетади масалан, наъматакда.
Куртакдан чиққан яшил ассимиляция қиладиган баргларнинг пластинкаси ва барг банди кучли ўсади. Бўғим оралиғи интеркаляр меристема (бўғим ости ўсиш) ҳисобига ўсади. Бу вақтда кўпчилик бирпаллали ўсимликларнинг (қайсики бўғимлари барг асослари билан ўралган) ёпиқ бўғимлари ичидан янги найсимон барг асосига ўралган ёш барглар бирин - кетин пайдо бўлиб туради. Агар бўғим оралиғи тез ўсса узун новдалар пайдо бўлади. Агар бўғим оралиғи ўсмаса калта новдалар пайдо бўлади. Ўт ўсимликларнинг калта новдаларини тўп новдалар дейилади (қоқи, зубтурм). Баъзи ўт ўсимликларнинг новдаси жуда қисқа бўлганлигидан новдасиз дейилади, бу алббатда нотўғри.
Новданинг учки куртаги доимо янги баргларни ҳосил қилиб туради. Баъзида бирор бир сабабларга кўра учки куртак ўсишдан тўхтайди. У вақтда новданинг учида бошқа куртак пайдо бўлмайди. Поянинг ўсиши ён куртаклар ҳисобига бўлади. Новданинг учида гул ёки тўпгул пайдо бўлганда вегетатив куртак қайтадан пайдо бўлмайди ва новда бўйига ўсмайди. Учки куртак батамом йўқолади.
Йиллик ва элементар новдалар. Мавсуми иқлим бўлган зоналарда куртакдан новда бир маротаба баҳорда ёки ёзда шаклланади (дарахт, бута, кўп йиллик ўт ўсимликлар). Сўнгра бошланғич новдаси бўлган қишловчи тинимдаги куртаклар пайдо бўлади. Бир вегетация даврида куртакдан ўсиб чиққан новдаларга йиллик новдалар дейилади. Бу айниқса дарахтларда яхши кўринади. Баргларини қишда тўкадиган дарахтларда янги барглар фақат бир йиллик новдаларда ҳосил бўлади. Кўп йиллик новдаларда барглар ҳосил бўлмайди. Доимо яшил баргли ўсимликларнинг барглари 3-5 йиллик новдаларда сақланади.
Куртакдан янги новдалар бир йилда бир неча маротаба пайдо бўлиши мумкин. Мавсумсиз иқлимли тропик ерлардаги дарахтларда бир қанча вақтгача тинимдаги куртаклар пайдо бўлиб туради, сўнгра йил давомида бир неча марта улардан янги новдалар шаклланади. Уларда яна янги куртаклар пайдо бўлади. Масалан, каучук берадиган Бразилия Гевея дарахти. Бундай новдаларнинг ўсиши ташқи муҳит таъсирига боғлиқ бўлмаган ҳодисалар субтропик ўсимликларда учраши мумкин. Масалан, чой бутаси, бир йилда 3-4 маротаба новдаларининг янгидан ўсиши мумкин. Демак, бир йилда бир неча маротаба янгидан ўсиши вужудга келган новдаларни элементар новдалар дейилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |