Жинсий аломатлари. Одамларнинг эркак ва аёлларга ажратадиган белгилари икки хил бўлади, биринчидан, бу вазифани асосан жинсий аъзолар, безлар ўтаса, қолган аломатлар иккиламчи жинсий белгилар ҳисобланади. Жумладан, аёллар бўйи эркаклар бўйидан қисқароқ (Деникер маълумоти) ва оғирлиги ўртача, 55 кг. Аёллар танаси эркаклар танасига қараганда узунроқ, қўл ва оёқлари эса калтароқ, елка кенглиги торроқ, гавдасининг пастки қисми (чаноқ бўлаги) кенг, яъни каттароқ бўлади.
Кўкрак қафаси эркакларникига нисбатан калта ва торроқ, қоринлари каттароқ бўлади, эркак мускулининг жами оғирлиги гавда умумий, оғирлигининг 40 фоизини ташкил этса, аёлларда фақат 32 фоизни ташкил қилади. Шунинг учун ҳам аёлнинг кучи эркакка қараганда бирмунча қамроқ бўлади. Бундан ташқари, аёлларда ёғ тўқималари бирмунча яхшироқ ривожланган бўлади. Уларда тери кам тукли, кўкрак безлари жуда яхши тараққий этган. Эркаклар териси эса сертук (айниқса бетида), дағалроқ бўлиб, кўкрак безлари қолдиқ сифатида учрайди.
Ёш хусусиятлари. Янги туғилган чақалоқ гавдасининг шакли ва ҳажми ўрта яшар одам гавдасидан кескин фарқ қилади. Чақалоқ бўйининг узунлиги 50 см, оғирлиги 3250-3500 г бўлиб, калласи бўйининг ¼ бўлагига (катталарда эса 1/7 – 1/8 бўлагига) тенг келади. Чақалоқнинг оёқлари жуда калта, узунлиги деярли қўллари узунлигига тенг. Қорни кўкрагига қараганда кўтарилган, чаноғи тор бўлади. Боланинг туғилгандан кейинги ўсиш даври тўртга ажратиб ўрганилади.
1. Боланинг тишлари чиқмаган, эмизикли (чақалоқлик) даври – 1 ёшгача.
2. 2-7 ёшгача бўлган даврда (сут тишларининг чиқиш даври) ўғил болалар билан қизларнинг иккиламчи ташқи белгилари унчалик ривожланмаган бўлади.
3. Бисексуал (болалик) даври – 8-15 ёшгача бўлиб, ўғил болалар ва қизлар гавдасидаги ташқи кўринишнинг иккиламчи белгилари ривожланиб, бир-биридан яхши фарқланади.
4. Балоғатга этиш даври (15-20 ёш) бу даврда ўғил болалар ўспирин бўлиб, қизлар балоғатга етади.
Шундай қилиб, юқорида кўрсатилганидек, болалар туғилгандан кейин организмдаги ўсиш жараёни фақат эмбрион ривожланиш давридаги мавжуд қисмларнинг катталашуви ҳисобига бўлади. Умуман ўсиш жараёни эмбрионда ва туғилган болаларда бир текис кечмайди. Жумладан, эмбрионлик даврида бола гавдасининг юқори қисми ва калласи яхши такомил этган бўлади. Сабаби, гавданинг бу қисмлари йўлдошдан келадиган тоза қон билан кўпроқ таъминланади (эмбрионнинг қон айланиш системасига қаранг). Бола туғилгандан кейин кўпроқ унинг оёқлари ривожланади. Бола гавдаси бўйига қараб бирмунча жадалроқ ривожланади. Бу ҳолат айниқса қиз болаларда 11-14 ёшда намоён бўлади, организмнинг умумий ўсиши эса 23-25 ёшгача давом этади. Ёш болаларда гавданинг тепа қисми ҳамда пастки иккита бўлакларга ажратиб турувчи чизиқлари киндикдан ўтадиган бўлса, организм ўсган сари пастки томонга силжиб боради ва катта одамларда қовуқнинг устки қиррасига тўғри келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |