Суяк тўқима. Бу тўқимада оралиқ қаттиқ модда кўп бўлганлиги учун қаттиқ бўлиб, бошқа тўқималардан шу хоссаси билан фарқланади. Янги туғилган чақалоқлар суяк тўқималарининг оралиқ моддалари бетартиб тарқалган, коллаген тутамлардан тузилса, ўрта яшар одамларда суяк оралиқ моддасига оҳак моддаси шимилиб, уни борган сари қаттиқлаштириб боради. Суяк тўқимаси бошқа тўқималар сингари ҳужайра ва оралиқ моддалардан тузилган бўлади.
Суяк-ҳужайраси – остеоцитлар кўп қиррали шаклда бўлиб, танаси суяк бўшлиқларида жойланса, унинг ўсиқлари суяк каналларида ўзаро бир-бири билан туташиб жойлашади. Суякларда моддалар алмашинуви жараёни ана шу туташмалар орқали бажарилади. Ривожланаётган суякларда остеоцитлардан ташқари, остеобластлар ва остеокластлар бўлади. Остеобластлар суяк ривожланишида иштирок этса, остеокластлар ривожланишдан тўхтаган суяк ҳужайраларни кемиради.
Суяк оралиқ моддалар деярли минерал (кальций ва фосфор) тузлардан иборат бўлиб, улар суяклар мустаҳкамлигини таъминлаб беради.
Роубер маълумотига кўра суяклар оҳакдан 4-5 марта қаттиқ, чўян ва темирга яқин туради.
Суяк оралиқ коллаген толалари оссеин толалари номи билан аталади ва уларнинг жойлашишига қараб икки хил (дағал толали ва ясси пластинкасимон толали) суяк тўқималари тафовут этилади.
Дағал толали тўқима – асосан эмбрион ва янги туғилган чақалоқларнинг суяк тўқималарида тартибсиз ҳар тарафга тарқалиб жойлашади. Организмнинг ривожланиш даврида аста-секин ясси толалар билан алмашинади.
Нерв тўқимаси. Нерв тўқимаси нерв ҳужайраларидан ва оралиқ тузилмалар – нейроглиялардан иборат. Нерв системасининг морфофункционал бирлигини нерв ҳужайраси ташкил қилади. Нерв ҳужайраси танасининг узун (нейрит) ва қисқа (дендрит) шохлари мавжуд. Нерв ҳужайраси – нейроцитлардан чиққан шохлар сонига кўра: бир шохли (униполяр), икки шохли (биполяр), кўп шохли (мультиполяр) нейроцитлар деб аталган. Нейроцитлардан чиқувчи шохларнинг биттаси бошқаларидан ўзининг узунлиги билан ажралиб туради ва «нейрит» деб юритилади. Нейрит (ёки аксон) нинг периферик учи бошқа (иккинчи) нерв ҳужайрасида, мускулларда ёки безларда тугайди. Нерв ҳужайраси ва нейроглия ўзининг мураккаб тузилиши, функцияси билан бошқа тўқималардан кескин ажралиб туради. Чунки нерв тўқимаси организм билан атроф-муҳит ўртасида ўзаро алоқани таъминлаб туради. Нерв системаси гуморал (қон ва лимфа) система билан биргаликда барча аъзолар ишини уйғунлаштириб (координация қилиб) туради. Нерв импульси ҳужайра танасидан аксон бўйлаб ипчи аъзо (мускуллар, безлар)га ёки иккинчи нерв ҳужайрасига қараб йўналади.
Нейроннинг калта ўсиқлари, дендрит охирлари таъсиротни қабул қилувчи рецепторлардан иборат, улар жойлардаги таъсиротларни марказга (ҳужайра танасига) узатади. Нейроглия ҳужайралари (астроцитлар) нерв ҳужайраларидан иборат бўлиб, марказий нерв системасида таянч вазифасини ўтаса, микроглия ёки макрофаглар – фагоцитоз ролини бажаради. Бош миянинг қон билан таъминланишида астроцитларнинг, аҳамияти катта. Қон билан мия ўртасидаги тўсиқни (гематоэнцефалитик тўсиқ) астроцитлар таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |