Одам танасининг шакллари, ўлчовлари, ёшга ва жинсга оид масалалар
Одам гавдаси бир қанча қисмлардан иборат. Одам калласи бўйин воситасида танасига қўшилиб туради. Одам танаси кўкрак қафаси қорин қисмларидан, икки қўл ва икки оёқдан иборат. Булардан кўллар гавданинг юқорисида жойлашган бўлса, оёқлар танага пастдан бирлашган.
Кўкрак қафаси ичидаги аъзоларнинг турган жойларини сиртдан туриб аниклаш учун бир қанча бўйлама, тикка чизиқлардан фойдаланилади.
1) олдинги ўрта чизиқ – гавданинг қоқ ўртасидан ўтади;
2) тўш чизиғи – тўш суягининг икқи чети бўйлаб ўтади;
3) кўкрак бези чизиғи – шу без сўрғичи устидан ўтади;
4) тўшнинг ёнбош чизиғи – кўкрак бези ва тўш чизиқлари ўртасидан ўтади;
5) олд қўлтиқ чизиғи – қўлтиқнинг олд қиррасидан бошланади;
6) қўлтиқ ўрта чизиғи – қўлтиқнинг ўрта қисмидан бошланади;
7) қўлтиқ ора чизиғи – қўлтиқнинг орқа қисмидан ўтади;
8) курак чизиғи – куракнинг пастки бурчагидан пастга ўтади.
Одамнинг қорин соҳаси ҳам иккита горизонтал чизиқ воситасида устма-уст жойлашган учта қисмга (қаватга) ажралади, чизиқларнинг бири иккала томондаги 9-қовурға учларини бирлаштиради, иккинчиси эса ёнбош суякларининг олдинги томондаги устки қирра ўсиқларини бир-бирига қўшади. Бу чизиқлар ўртасидаги қисмларнинг энг юқоридаги қорин усти қорин ўрта бўлаги ва қорин пастки бўлаги деб аталади. Қориннинг учала қисми ўз навбатида иккита – вертикал чизиқ воситасида яна учтадан соҳага ажралади. Устки қаватнинг ўрта – (марказий бўлакчаси тўш ости) ва икки томондаги қисмлари эса ўнг ва чап қовурға ости соҳалари деб аталади. Ўрта қаватдаги қисмлар киндик соҳаси чап ва ўнг қорин соҳалари деб аталади. Ниҳоят учинчи пастки бўлак эса ўрта-қов суяги ва иккита чов (чап ва ўнг) соҳаларига бўлинади. Одамнинг қўли елка, тирсак, билак ва панжаларга бўлинса, оёқ – сон, тизза, болдир ва оёқ панжасидан тузилган.
Одам гавдасининг шакллари жинсга, ёшга, ирққа, наслга, ташқи муҳитга қараб аниқланади ва организм қонституцияси турларини билдиради. Лекин бунинг учун организм морфологияси ҳамда физиологияси тўғрисидаги далиллардан ташқари гавданинг ва унинг алоҳида бўлаклари ҳажмларини ҳам эътиборга олиш лозим. Бунда гавданинг тикка турган ҳолатдаги узунлиги (бўйи) асосий ролни ўйнайди.
Деникер маълумотларига қараганда, эркак кишининг ўзига хос нормал бўйи 135 дан 190 см гача, баъзан бундан узун одамлар ҳам учрайди, уларнинг бўйи ҳатто 2,7 м гача етади. Аммо Ер шарининг ҳамма қитъаларидаги ўрта бўйли одамларнинг бўйи, ўрта ҳисобда 146-175 см бўлади.
Одам гавдасидаги алоҳида бўлакларнинг узунлиги ҳақида тўхталганда, уларнинг ўзаро нисбатини эътиборга олиш зарур. Бироқ кўп вақтлардан буён рассомлар, антропологлар одам гавдаси алоҳида қисмларининг ўзаро муносабатини аниқлашда алоҳида мезонлардан фойдаланиб келдилар. Организмдаги алоҳида қисмларнинг катта-кичиклиги одамда гавданинг умумий узунлигига нисбатан фоиз ҳисоби билан белгиланади. Гавда қисмларининг баъзи бир муҳим ўлчамлари (29 ёшдаги 170 см узунликдаги соғлом эркак ўлчамлари) қуйидаги жадвалда берилган. Бу жадвалда келтирилган маълумотлар фақат битта одамга тааллуқли бўлса ҳам, катта одам гавдаси алоҳида қисмларининг ўзаро муносабатларини етарлича равшан кўрсата олади.
Юқорида келтирилган одам гавдасининг ўлчамлари билан бир қаторда унинг оғирлиги ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, ўрта яшар эркакларда у 65 кг га тенг.
Do'stlaringiz bilan baham: |