Тўқималар. Тўқима эволюцион тараққиёт жараёнида вужудга келиб, умумий тузилишга эга бўлган маълум функцияни бажаришга ихтисослашган ҳужайра ва ҳужайра бўлмаган тузилмалар мажмуасидан иборат.
Эволюция жараёнида 4 хил тўқима вужудга келган:
1) эпителий тўқимаси;
2) ички муҳит тўқимаси;
3) мускул тўқимаси;
4) нерв тўқимаси.
1. Қопловчи эпителий тўқимаси, чегараловчи тўқима бўлиб, тана ва ҳазм қилиш найининг ички юзасини қоплаб туради. У жигар, меъда ости бези ва бошқа безлар таркибига киради.
2. Бириктирувчи тўқималар – ҳужайралараро оралиқ моддалари купроқ бўлиши билан фарқланади. Бу хилдаги тўқималар таркибида аморф (маълум тузилишга эга бўлмаган) моддалар, коллаген ҳамда эластик толалар бўлади.
Бириктирувчи тўқиманинг турлари:
Юмшоқ (шаклланмаган) бириктирувчи тўқима – фибробластлар (япалоқ, сершох ҳужайралар) дан ташкил топган бўлиб бошқа турдаги тўқималарни бир-бирига боғлайди, аъзолар таркибидаги бўшлиқларни тўлгизади.
Ёғ тўқима – протоплазмасида ёғ томчилари бўлган шар шаклидаги ҳужайралар бўлиб, улар организмда чарви сифатида (қорин бушлиғида) тери остида, буйрак атрофида, кўз косаси ва бошқа жоиларда учрайди. Улар ўзаро бирлашиб ёғ парчасини ҳосил қилади. Ёғ туқима, орган, оралиқ, бўшлиқларни, кўз косаси, буйрак атрофида (уларни силкинишдан сақлайди) организм ҳароратини тартибга солиб туради. Қорин бўшлиғидаги чарви ва тери ости ёғ қавати запас озиқа ҳисобланади.
Фиброз тўқима ёки зич бириктирувчи тўқима толалари бир-бирига зич, параллел жойлашган тутамлардан тузилган бўлиб, бақувват ва эластиклик хусусияти бўлмайди. Организмда таянч вазифасини бажаради.
Эластик тўқималар – орасида юмшоқ бириктирувчи тўқимаси бўлган чўзилувчан (эластик) толалар мавжуд бўлиб, бойламларда, қон томир деворларида жойлашган.
Тоғай тўқима – организмда таянч вазифасини бажаради, ҳужайралараро оралиқ моддалари кўп бўлади. Тоғай тўқима эластик ва гиалин тоғайларига ажраладй. Гиалин тоғайнинг ташқи кўриниши хира шишага ўхшаган (шишасимон тоғай номи шундан олинган), ҳужайралари якка-якка ёки тўп-тўп бўлиб жойлашган. Организмда нафас йўлларининг тоғайлари, бўғим тоғайлари, қовурғаларнинг олдинги учи тоғайлари гиалин тоғайидан тузилган. Скелет суякларининг кўп қисми эмбрионал ўсиш даврида гиалин тоғайи кўринишида бўлиб, кейинчалик суякланади.
Эластик ёки толали тоғайлар тўқимасининг оралиқ мрддаси коллаген моддадан иборат бўлиб, бўғим ичидаги менисклар, умуртқалар танасининг оралиқ тоғайлари шулар жумласидир. Эластик тоғай тўқимасидаги толалар букилувчан ва чўзилувчан (эластик) толалар бўлганлигидан сариқ рангли бўлиб кўринади.
Ҳамма тоғай тўқималарнинг ташқи юзаси зич бириктирувчи тўқима билан ўралган бўлиб, тоғайларни озиклантириб туради ва ўсишга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |