М а с ъ у л м у ҳ а р р и р:
иқтисод фанлари доктори, профессор А.М.Абдувахидов
Т а қ р и з ч и л а р:
иқтисод фанлари доктори, профессор Н.М.Махмудов
иқтисод фанлари доктори, профессор У.В.Гафуров
ISBN
Кириш
Ҳозирда жаҳоннинг деярли барча мамлакатларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш, ишбилармонлик муҳитини қулайлаштириш, яъни, тадбиркорларга ўз фаолиятларини ташкил этишларида яхши шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса энг ривожланган мамлакатлардаги кичик бизнесни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитининг қулайлашувига доир тажрибаларни алоҳида эътироф этиш лозим. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам бизнесни юритишдаги халқаро рейтинг натижалари тобора яхшиланмоқда. Масалан, «Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олдик»1.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда хусусий секторни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришда янгича услублар қўлланилганлиги туфайли кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятлари учун қулай муҳит, яъни ишбилармонлик муҳити тобора шаклланиб, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш-2020» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон рейтингининг 69-ўринда2 тургани юқоридаги каби фикрларимизнинг далилидир.
Бироқ, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг қоидасига айланар экан, тегишли тузилма ва ҳокимликларнинг жиддий ва кундалик эътиборини талаб қиладиган муҳим йўналишлардан бири, яъни, хусусий мулк ва тадбиркорликни янада ривожлантириш ва уларнинг таъсирчан ҳимоясини таъминлаш масалаларида ҳали ечимини кутаётган муаммолар бор3. Қолаверса, «...тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда»4. Бу муаммоларни ҳал этишда хорижий тажрибаларни ўрганиш ва уларнинг мақбул жиҳатларини амалда қўллаш шу куннинг долзарб масалаларидандир. Чунки Ўзбекистон ханузгача «иқтисодиёти асосан эркин бўлмаган давлатлар»5 қаторида турибди. Бугунги кундаги ривожланган давлатлар билан ривожланаётган давлатлар ўртасидаги тафовутлар уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорликнинг турли даражаларини, шунингдек, кичик бизнес субъектларини давлат томонидан тартибга солувчи қонун ва меъёрларни шакллантирадиган асосий тузилишдаги кескин фарқларни акс эттиради.
«Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда»6.
Шу боис, «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сонли Қарорига асосан «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида мамлакатимизнинг рейтингини янада яхшилаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Унга кўра 2022 йилга келиб республиканинг «Бизнес юритиш»да 20-ўринга эришишини назарда тутувчи «Бизнес юритишни яхшилаш — 2022» мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилди.
Кўриниб турибдики, «...кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга...»7 тўхталганимизда, «...бизнес муҳитини янада яхшилаш биз учун энг муҳим масалалардан бўлиб қолади»8.
Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини самарали ва мувофиқ тарзда ривожлантириш шароитларининг зарурияти уни рағбатлантиришда мослашувчан ва содда сиёсат юритишни тақазо этмоқда. Шундай бўлса-да, кичик бизнес субъектларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, уларнинг иқтисодий фаолиятларида юзага келаётган муаммолар, ишбилармонлик муҳити ва унинг ишлаши билан аҳоли истеъмолининг янгиланиб бориши ва чексизлиги ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалалари ҳамон ўзига хос долзарб. Шунинг учун давлатнинг тартибга солиш воситалари кичик бизнес субъектларигагина эмас балки, уларнинг фаолиятини кучайтиришга таъсир этувчи ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалаларига ҳам қаратилиши ўзига хос долзарблик касб этмоқда.
Кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солиш ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш масалалари бўйича тадқиқот ишлари жаҳоннинг етакчи илмий ташкилотлари ва университетларида олиб борилмоқда. Улар қаторида Heritage Foundation, Business Environment Risk Intelligence (BERI), Regional Economic Development Institute (REDI), World Economic Forum, Bank of Amerika World Information Servise, The University of Oxford, Harvard University, Montpellier Business Scool (Франция) United Nations Conference on Trade and Development (UNCTAD) (Швейцария), Transparency International (Германия), Control Risks Group (Сингапур), University of Cape Town (ЖАР)9, НАФИ — кўп тармоқли таҳлил маркази (Россия), Жаҳон банки таркибидаги Халқаро молия корпорациясининг «Doing Business» тадқиқот гуруҳи, Лондон Бизнес Мактаби (Буюк Британия)10, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти каби турли (давлат ва нодавлат) халқаро ташкилот ва университетларнинг номларини келтириш мумкин.
Кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солиш ва ишбилармонлик муҳитини қулайлаштиришнинг илмий-методологик, ташкилий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан қамралган бир қатор иқтисодий индикатор кўрсаткичлари бўйича «Doing Business», «Heritage Foundation», «Transparency International» (Германия), каби тадқиқот марказлари томонидан кенг кўламда ўрганилмоқда.
Кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солиш ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришнинг илмий-методологик жиҳатлари жаҳонга таниқли иқтисодчилар томонидан ўрганилган. Булар қаторида А.Смит11, Й.Шумпетер12, Ж.М.Кейнс13, Р.Хизрич, М.Питерс14, Ф.Котлер15 П.А.Самуэльсон16, В.Д.Нордхаус каби олимларнинг номларини келтириш мумкин. Шунингдек, Н.Е.Симионова17, А.О.Блинов18, М.М.Максимцев19, В.Я.Горфинкель20, В.А.Швандар21, Е.М.Купряков, В.С.Катькало22, А.Ю.Панибратов, А.Н.Дятлов23, Н.В.Василенко24 каби россиялик иқтисодчиларнинг илмий асарларида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва ишбилармонлик муҳитини тадқиқ этишга доир у ёки бу даражадаги мулоҳазалар ўз аксини топган. Шу билан бирга, айнан ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва унинг назарий жиҳатдан ёритишга доир ёндашувларни асосан хорижлик иқтисодчилар25 асарларидан ўрганиш мумкин.
Ўзбекистонда кичик бизнес ва тадбиркорликнинг умумий жиҳатларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича С.С.Ғуломов26, Ё.А.Абдуллаев27, М.Р.Болтабаев28, М.С.Қосимова, Ш.Ж.Эргашходжаева, Б.К.Ғойибназаров, А.Н.Самадов, А.А.Хаджимуратов29 кабиларнинг ишларини қайд этиш мумкин. Кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиш тенденцияларини эконометрик моделлаштириш ва прогнозлаш масалалари Б.Ю.Ходиев, С.К.Салаев30 ва Б.Т.Салимовларнинг тадқиқотларида келтирилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар Х.П.Абулқосимов, И.А.Бакиева, Қ.Муфтайдинов, А.А.Қулматов, Б.К.Ғойибназаровларнинг тадқиқот ишларида ўрганилган.
Шунингдек, У.В.Ғофуров31 диссертациясида кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солишнинг иқтисодий механизмларини такомиллаштириш йўллари баён этилган. Ш.И.Мустафақулов32 томонидан ишбилармонлик муҳитини яхшилашда инвестиция жозибадорлигини оширишга доир масалалар тадқиқ этилган.
Шунга қарамай бугунги глобаллашув жараёнларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олиш, уни давлат томонидан тартибга солиш ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш йўналишларини аниқлаш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожида ишбилармонлик муҳитини қулайлаштиришга йўналтирилган масалалар ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, ушбу мавзу доирасида тадқиқот олиб бориш долзарблиги намоён бўлди.
Муаллиф томонидан китобхонларга тақдим этилаётган ушбу монографияда, машҳур «Ўзбек модели» таркибидаги барча тамойиллар асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама иқтисодий ва ижтимоий муҳофаза қилишнинг амалга оширилиши зарурлиги нуқтаи назаридан ёндашилган. Қолаверса, 2017 йил 7 февралдан мамлакатимизда жорий этилган Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишлари бўйича қўйилган амалий ва долзарб вазифаларни «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойилида шубҳасиз бажаришга эътибор қаратилган.
Монография манбаларидан иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларида ўқув дастурларини такомиллаштириш, дарслик, ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлаш билан бир қаторда, талабаларни ўқитишда фойдаланиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |