муносабат турлари111
Уму-ман олганда, ишбилармонлик муҳитининг фаоллигини оширишда ҳар бир давлат ўзининг муносабатидан келиб чиқиб ёндашади. У ёки бу давлатнинг ишбилармонлик муҳитини яхшилашга бўлган муносабати чекланган тартибда аралашиш (яъни шарт-шароитлар яратиш), рағбатлантириш ёки босим берувчи кўринишда бўлиши мумкин (1.11-расм).
Ишбилармонлик ривожининг барқарорлигига бошқарув тизимини соддалаштириш ва замонавий ишбилармонлик муҳитининг динамик ҳамда барқарор ҳолатини прогноз қилиш учун турли воситалар комбинацияси қўлланиладики, бунда бизнесни бошқаришда давлатнинг ўрни ва унинг бозор иқтисодиётидаги ролини аниқлашга жиддий эътибор берилади112.
Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда кичик бизнес учун йўналтирилган сиёсий муҳит ривожланаётган давлатлардагига нисбатан жуда қулай бўлиб, бизнес юритишдаги эркинлик нисбатан яхши таъминланган. Аммо ривожланган мамлакатларда бизнес юритишдаги қулай сиёсий муҳит билан юқори рейтинг ўртасидаги алоқадорлик мутлақ сақланиб қолмайди. Буни 45 йил муқаддам давлат сифатида шаклланган Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) мисолида кўриш мумкин. Бу ерда, ҳар қандай хорижий компания 1985 йилда очилган «Jebel Ali»113 эркин савдо ҳудудининг имкониятларидан фойдаланиши мумкин. Қолган ҳолларда, БАА фуқароси қатори ўз бизнесини яратишдаги капитал ҳажми 51 фоизни ташкил қилиши керак. Жаҳон Банки таркибидаги «Doing Business» (DB) гуруҳининг маълумотларига кўра БАА бизнес юритишдаги қулайлик бўйича айрим ривожланган мамлакатларга нисбатан юқорироқ рейтингга эга. Хусусан, БАА «Doing Business-2018» (DB-2018) ҳисоботида 21-ўринни эгаллаган бўлса, DB-2019 ҳисоботида 10 позицияга кўтарилиб, 11-ўринни эгаллади. Натижада БАА DB-2019 ҳисоботи бўйича Швеция (12-ўрин), Австралия (14-ўрин, DB-2019 да 4 позицияга кўтарилган), Малайзия (15-ўрин, DB-2019 да 9 позицияга кўтарилган), Финляндия (17-ўрин), Канада (20-ўрин, DB-2019 да 2 позиция пасайган) каби ривожланган мамлакатлардан олдинга чиқиб олди.
Яна бир мисол, 2011 йилдаги Англия ҳуқумати сиёсатининг асосий йўналишларидан бири кичик ва ўрта бизнес корхоналарини давлат томонидан тартибга солиш тизимини соддалаштириш бўлди. Масалан, 2011 йилга келиб мамлакат иқтисодиётининг саноат ва савдо тармоқларига тегишли 21 минг меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш бўйича кенг қамровли ишлар бошланди. Бунда жуда кўп ҳуқуқий асослар ўз кучини йўқотди ёки бизнес юритишни қулайлаштиришга йўналтирилди114.
Бироқ, айрим хорижий мамлакатларда давлат томонидан доимий аралашиш мавжуд бўлса-да, иқтисодий беқарорлик туфайли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари фаолиятидаги фаоллик сусайиб қолмоқда. Масалан, DB-2020 бўйича Афғонистон — 173-ўринда (DB-2019 га нисбатан 6 позицияга пасайган), Венесуэла — 188-ўринда (ўзгаришсиз), Сурия — 179-ўринда (3 позицияга кўтарилган) турибди. Бу каби мамлакатларда сиёсий омилнинг таъсирини нафақат кичик бизнес субъектларини фаоллаштиришга балки, умуман давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тизимини юксалтиришга ҳам жиддий йўналтириш зарур. Ушбу мамлакатларда ишбилармонлик муҳити равон қулай ҳолатга келиши қийин кечмоқда.
Фикримизча, ишбилармонлик муҳитининг динамик тарзда ижобий ўзгариши мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига жуда боғлиқ. Кўпинча нотўғри қабул қилинган сиёсий қарорлар истеъмолчилар, таъминотчилар ва корхоналарнинг иқтисодий хатти-ҳаракатларига жиддий таъсир кўрсатади. Умуман олганда, мамлакатнинг иқтисодий бошқарув тизими ишбилармонлик муҳитининг қулайлашувида асосий омил ҳисобланади.
Ишбилармонлик муҳитига таъсир этувчи омиллардан яна бири ҳуқуқий омил бўлиб, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш учун ҳуқуқий замин бўлиш керак. Аниқроғи, кичик бизнеснинг эркин фаолияти учун қонун устуворлиги таъминланган бўлиб, бу қонунлар тадбиркорлик фаолиятини кучайтиришга томон йўналтирилади.
Ҳуқуқий омил ҳам сиёсий омил каби инвестиция муҳити билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ўзига хос хусусиятларга эга. Аниқроғи, ташқи савдо, божхона қонунчилиги ва хорижий инвестициялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида мамлакатнинг инвестиция муҳитининг жозибадорлигини белгилайдиган энг муҳим ҳуқуқий тамойиллар кучга кирган бўлиши керак. Шунингдек, меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ташқи ишбилар-монлик муҳитини ифодаловчи тенденциялар шаклланган бўлиши керак.
Фикримизча, халқаро бизнесни юритишда тадбиркор ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос бўлган ҳуқуқий асосларини ҳисобга олиши лозим. Шу билан бирга, қонунчиликнинг устувор жиҳатларига эътибор қаратиши керак. Бироқ, Европа Иттифоқи каби интеграциялашган ҳудудларда бир қатор масалалар бўйича умумий қонунчилик базаси мавжуд ва бу ҳам эътиборга олиниши зарур.
Жумладан, бирон-бир мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га115 аъзо бўлиши ҳам ҳуқуқий муаммоларни чуқур кўриб чиқишни талаб этади. Ушбу ташкилотнинг асосий тамойилларига, хусусан, камситмаслик ва миллий муносабат тамойилларига асосланиш етарли эмас. Қолаверса, ЖСТга аъзо бўлган икки ёки ундан ортиқ мамлакат ўртасидаги савдо можароси рўй берган тақдирда ҳуқуқий масалалар ўта муҳим аҳамиятга эга. Бундай ҳолатларда, ЖСТнинг асосий келишувлари, хусусан GATT-1994116 ва GATS117 асосида, жавобгар давлатга даъволарнинг моҳияти тўғрисида асосли баёнот талаб қилинади.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиб киришида ҳам ижобий натижалар кўзланади. Масалан мазкур ташкилотнинг асосий тамойилларида ишбилармонлик муҳитини қулайлашувига йўналтирилган тенденциялар мавжуд (1.12-расм).
1.12-расм. Жаҳон савдо ташкилотининг асосий тамойиллари асосида ишбилармонлик муҳитининг янада қулайлашуви118
Ҳусусан, савдода ҳақ-ҳуқуқларнинг чекланмаганлиги, энг юқори даражадаги қулай тартиб, миллий тартибот, иқтисодиётнинг очиқлигини кафолатлаш, бозорга кириш учун олдиндан маълум шароитларни бўлишлиги, ҳалол рақобат, иқтисодий ислоҳотларни ривожлантиришга кўмаклашиш, савдога дахлдор расмиятчиликнинг паст даражаси, ЖСТнинг асосий тамойиллари ҳисобланади. Бу тамойилларнинг мазмунидан мулоҳаза қилиш мумкинки, агар Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиб кирса, мамлакатда ишбилармонлик муҳитининг янада қулайлашуви рўй беради. Бу эса ўз навбатида кичик бизнес субъектларининг ҳалқаро миқёсдаги хатти-ҳаракатларининг фаоллашувига олиб келади.
Фикримизча, ЖСТга аъзо бўлган мамлакатларда ишбилармонлик муҳитининг кенгроқ ва ўз навбатида мураккаброқ мақоми мавжуд. Тадбиркорлар қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга таянган ҳолда кичик бизнес субъектлари нима қилиш мумкин-у нима қилиш мумкин эмас тамойили асосида ўз ҳаракатларини амалга оширишлари лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам ЖСТнинг кузатувчиси ҳисобланади. Ташкилотга аъзо бўлиш, ва ундан кейинги жараёнларда турли халқаро институтлар томонидан кўрсатиладиган техник кўмак сезиларли аҳамият касб этиши шубҳасиз. Бундай кўмаклардан фойдаланиш келгусида ЖСТ доирасида мамлакат савдо сиёсатини амалга оширувчи савдо ҳуқуқшунослари, иқтисодчилари ва экспертлари каби кадрларни етиштириш ва тарбиялаш тақозосида ишбилармонлик муҳитини яхшилашга эришилади.
Шу боис, Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар ўз-ўзидан халқаро стандант талабларига жавоб бериши жуда муҳим. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори119 ҳамда 2014 йил 7 апрелдаги «Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609 сонли Фармони, юртимизда ишбилармонлик муҳитининг яхшиланишига, қолаверса, эркин рақобатнинг кучайишига олиб келди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган аниқ чора-тадбирлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кенг ривожланишига туртки берди. Ушбу Фармонга кўра, 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқлари бўйича жумладан, қурилиш материаллари саноати, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати кичик корхоналардаги ходимларнинг ўртача йиллик чекланган сони 200 нафарга оширилди. Шунингдек, 2015 йилнинг 1 январдан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари ҳам микрофирмалар сингари статистик ҳисоботларни йилда бир маротаба тақдим этишлари белгилаб берилди120.
2016 йил якунига келиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»121 яна бир Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларни янада кенг қамровли тарзда олиб бориш имкониятини яратди. Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида янги бир босқичга ўтилди.
Юқорида келтирилган меъёрий ҳужжатларни амалга тадбиқ этилишидан кўриниб турибдики, мамлакатда бозор иқтисодиёти талабларига, халқаро меъёрлар ва стандартларга мувофиқ, бюрократик ғовларни бартараф этиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, ҳисобот тизимини ва ҳисоботларни тақдим этиш тартибини тубдан такомиллаштириш ҳисобига ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни вужудга келтиришга катта эътибор берилмоқда.
Фикримизча, ҳар бир давлат ўзининг қонунчилиги билан халқаро бизнесни юритишда эркин иштирок этгандагина ишбилармонлик муҳитининг қулайлашуви сезиларли бўлади. Бунинг учун эса ҳуқуқий омил устувор даражада аҳамиятга эга бўлиши керак. Шунингдек, Европа Иттифоқи каби интеграциялашган давлатларда бир қатор масалалар бўйича умумий қонунчилик базаси мавжуд ва бу каби ҳолатлар ҳам эътиборга олиниши лозим.
Ҳуқуқий омил таъсирида кичик бизнес фаолиятини олиб бориш йўлидаги барча чегара ёки чекловлар яққол кўрсатиб берилади. Умуман олганда, ҳуқуқий омил — кичик бизнес фаолиятини юритиш йўлидаги барча қонунлар (солиқ тўлаш, кредитлаш, ер, меҳнат муносабатлари) ва йўриқномалар мажмуи бўлиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солади ҳамда тадбиркорнинг иқтисодий жараёндаги бошқа субъектлар билан муносабатини мувофиқлаштиради. Бошқача айтганда, ҳуқуқий омил туфайли тадбиркорлар бизнес юритишда «ўйин қоидалари»га амал қилишади. Қолаверса, ҳуқуқий омил иқтисодий жараёнлардаги бошқа субъектлар, яъни давлат тузилмалари ва ижтимоий институтлар билан ўзаро иқтисодий муносабатларни шакллантиришга имкон яратади. Масалан, «2012—2014 йилларда хусусий мулк мавқеини ошириш ва уни ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитларини янада яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг ўн бешдан ортиқ қонуни, жумладан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолиятлари эркинликларининг кафолатлари тўғрисида (янги таҳрирда)», «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида» ва бошқа қонунлар қабул қилинди»122.
Ҳуқуқий омил тўғрисида фикр юритилганда, «ҳуқуқий маданият» тушунчаси ҳам алоҳида изоҳ талаб қилади. Ҳуқуқий маданият миллатнинг қонунларга бўлган муносабатини, итоаткорлигини, яъни инсонларнинг онгида қонунлар талаби нақадар бажарилаётганлигини, аниқроғи, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари қабул қилинган қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга қай даражада амал қилаётганликларини тушунамиз. Барча қонунлар қабул қилинса-ю, лекин амалда улар ишламаса ёки тадбиқ қилинмаса, бундай қонунларни ё кераксиз деб тушуниш мумкин, ёки қабул қилинган қонунларнинг савияси пастлигидан уларга бўйсунмасликни тушуниш мумкин. Шунинг учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаоллигини оширувчан қонун-қоидалар қабул қилингандагина ҳуқуқий омил самарадорлиги янада ошади.
Ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда ижтимоий омил ҳам муҳим аҳамият касб этади. Аммо ижтимоий омил бошқа омилларга нисбатан ўзининг таркиби жиҳатидан анча мураккаб ҳисобланади. Чунки унинг таркиби кўпгина элементлардан таркиб топади. Агар ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда бундай омил ҳисобга олинмаса, келгусида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Қуйидагилар бу омилнинг асосий элементлари ҳисобланади:
жамият тафаккурида ривожланиш ва тараққиёт сари интилишга бўлган муносабатнинг нақадар устуворлиги;
миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар;
миллатнинг билим даражаси;
миллий муҳитнинг ўзига хос хусусиятлари;
давлатни ташкил этувчи жамият мафкураси;
ишчи кучининг профессионал тайёргарлик даражаси;
аҳолининг бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига бўлган муносабати;
ижтимоий инфратузилманинг мавжудлиги ва сифатли фаолияти;
давлатнинг бизнес фаолиятига бўлган муносабатида ижтимоий муҳофазанинг ўрни.
Шунингдек, ижтимоий-маданий муҳитга боғлиқ ҳолда, диний ва маънавий меъёрлар ҳам борки, бу кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг фаолият тарзига бевосита таъсир кўрсатиб, муайян товарлар ишлаб чиқаришга мойиллик келтириб чиқаради.
Ишбилармонлик муҳитига таъсир қилувчи ижтимоий омиллар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ишчанлик фаолиятига албатта таъсир кўрсатади. Шу тариқа тадбиркорлар қўлида ишлаётган ишчиларнинг ижтимоий муҳофазасига, уларнинг иш ҳақига бўлган муносабатига, меҳнат шароитига таъсир кўрсатади.
Ижтимоий омиллар таъсирида ишбилармонлик муҳити ўз навбатида янада чуқурлашиши табиий. Чунки тадбиркорлик фаолияти туфайли ижтимоий муносабатлар ҳам такомиллашади. Масалан, тадбиркорлар ўзи билан меҳнат қилаётган ходимларнинг иш фаолиятига боғлиқ ижтимоий масалаларни, жумладан, ишчиларни соғлиги ҳақида қайғуриш, иш ўринларини сақлаш ва янги иш ўринлари билан таъминлаш кабиларни ҳал этишда иштирок этади. Шунингдек, бизнес фаолияти учун ходимларни тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, хорижий давлатларга тажриба учун юбориш масалаларида ҳам ижтимоий омилларнинг таъсир кўлами катта.
Ишбилармонлик муҳитини яхшилашда устувор бўлган омиллардан бири иқтисодий омилдир. Бу омил ишлаб чиқариш омиллари, кредит ставкаси миқдори, солиқ ва мажбурий тўловларни ўз ичига олади. Мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини баҳолашда молия ва банк тизимининг аҳамияти катта. Шунинг учун, Ўзбекистонда банк тизимидаги ислоҳотларни жиддий давом эттириш мақсадга мувофиқдир. Чунки юртимизда молия бозори етарлича ривожланганича йўқ. Бундан ташқари иқтисодий омил бозордаги рақобатни ва нарх-наво ҳолатини ўзида акс эттиради. Нарх-наво тизими, ўз навбатида, нархларнинг даражасини ҳисобга олишни тақозо этади.
Иқтисодий омил туфайли кичик бизнес субъектлари ўз фаолиятларини самарали ташкил этишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, улар бозордаги рақобат шарт-шароитларини сифат ва миқдорий жиҳатдан таҳлил қилишга интилади. Истеъмолчилар эҳтиёжларининг нақадар қондирилганлик даражаси — рақобатнинг сифатини билдирса, рақобатнинг миқдорий жиҳати, бозорда тадбиркорларнинг улуши нақадар кенгаяётганлиги билан белгиланади. Бу эса кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг навбатдаги иқтисодий фаолиятларини самарали белгилашлари учун қулайлик туғдиради.
Иқтисодий омилнинг ишбилармонлик муҳитига таъсири анча ўзгарувчан бўлиб, ички ва ташқи иқтисодий сиёсатга жуда боғлиқ. Кўпинча, ҳукумат қарорлари бизнесни юритувчиларга, истеъмолчиларга, таъминотчиларга у ёки бу мазмунда таъсир қўрсатади. Умуман олганда, мамлакатнинг иқтисодий бошқарув тизими иқтисодий муҳитнинг муҳим омили ҳисобланади.
Масалан, 2013 йилда Европа Иттифоқи мамлакатлари иқтисодиётида сезиларли ўсиш кузатилмаган бўлса-да, прогнозларга кўра евро ҳудуд мамлакатларида 2014 йилдан бошлаб иқтисодий ўсиш рўй берди. Аммо, аҳолининг бандлигига доир муаммолар сақланиб қолди. 2012 йил охирида Греция ва Испаниянинг меҳнат бозорида ўта оғир вазият юзага келди, яъни, меҳнатга лаёқатли аҳоли таркибидаги ишсизлик 25% дан ошди. ЕИнинг олтита мамлакатида ёшлар орасидаги ишсизлик 30 фоиздан ошди123.
Бундай вазиятларда тадбиркорлар томонидан таваккалчилик кўп қўлланилади, ишбилармонлик муҳити ўзгарувчан ва нобарқарорлиги билан ўзига хос бўлади. Ишбилармонлик муҳити қулай бўлмаганда, кичик бизнес субъектлари ўз иқтисодий фаолиятларини амалга оширишда жиддий тўсиқларга дуч келадилар. Масалан, айрим хорижий мамлакатларда тадбиркорларнинг аксарияти банкротлик ҳолатига тушиб бормоқдалар. Чунки уларнинг иқтисодий фаолиятлари учун ишбилармонлик муҳити беқарордир.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам у ёки бу мамлакатда мавжуд ишбилармонлик муҳити, бошқа бир мамлакатдаги шундай муҳит билан солиштирилганда, кичик бизнес субъектларининг ривожланганлик даражаси қандай босқичда эканлигини англаш мумкин.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик миллий иқтисодиётни ривожланишига кучли таъсир этадиган тармоқ ёки сектордир. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ушбу сектор туфайли шаклланган ишбилармонлик муҳитига жуда боғлиқ. Шунинг учун ишбилармонлик муҳитини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади (1.13-расм).
1.13-расм. Ишбилармонлик муҳитининг ривожланишидаги асосий афзалликлар124
Хулоса қилиб айтганда, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг келажаги ишбилармонлик муҳитининг у ёки бу даражадаги ҳолати билан белгиланади. Юқорида таҳлил этилган ишбилармонлик муҳитига таъсир этувчи омиллар рағбатлантирувчи ёки уйғунлаштирувчи кўринишда бўлиши мумкин. Бундай вазиятлардаги шарт-шароитлар тадбиркорлар учун жозибалидир. Қулай ишбилармонлик муҳити тадбиркор-ларнинг истиқболини аввалдан яхши бўлишини англата олади. Бунинг учун эса жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ҳам барқарор бўлиши керак.
Ижтимоий-иқтисодий вазият яхши бўлгандагина, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўзларининг иқтисодий муносабатларини кенгқамровли тарзда ташкил этишларига эришадилар. Бироқ ишбилармонлик муҳитининг шаклланишида иқтисодий эркинлик, рақобат, бозорнинг устувор алоқалари билан бир қаторда, жамият таркибидаги ишбилармонларнинг кўлами ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |