I боб бўйича хулоса
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш миллий иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солишнинг таркибий қисмидир. Шу боис «кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш» деганда, у ёки бу иқтисодий жараёнларда давлатнинг билвосита кўмаклашувчи, шу билан бирга, қисман чегаравий ҳолатдаги иштирокини тушунамиз.
Бугунги кунга келиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида давлат томонидан тартибга солишнинг муҳим вазифалари қуйидагилардан иборат бўлмоқда:
давлат тузилмаларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини янада кўпроқ чеклаш;
кичик бизнес ва хусусий тадбикрорлик субъектлари томонидан содир этилган (агар у қасддан содир этилмаган ва катта бўлмаган) қонунбузарлик ҳолатларида жазо чораларини енгиллаштириш, яъни тадбиркорлар етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплаган ҳолларда жазони қўлламаслик;
бозор инфратузилмаси таркибидаги барча объектларда улар фаолиятни кучайтириш ва марказлаштирилган тақсимот тизимига қайтишга бўлган ҳар қандай ўринишларга барҳам бериш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида давлат бошқарув идоралари томонидан бериладиган кўмак, қўшимча имтиёзлар ва преференциялар беришни кенгайтириш.
Ушбу муҳим вазифалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишни янада қулай ва такомиллашган имкониятларини яратади.
Кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш орқали муайян муҳитни шаклланишига шарт-шароитлар яратилади. Бугунги кунда бу шарт-шароитларни «ишбилармонлик муҳити» деб юритилиб, ушбу муҳит тадбиркорга бозордаги вазиятларни қандай бўлишини олдинган кўра билишга кенг имконият яратади.
Муаллифлик таърифига кўра, ишбилармонлик муҳити — бу муайян иқтисодий эркинликни, тадбиркорликка хос жамоанинг мавжудлигини (ёки юзага келишини), иқтисодий муносабатларда бозорга хос устуворликнинг борлиги, тадбиркорлик капитали шаклланиши ва зарур ресурслардан фойдаланиш имконияти бўлган ижтимоий-иқтисодий вазият ёки шароитдир. Ишбилармонлик муҳити кичик бизнес субъектларини фаоллаштирадиган ва қулайлашувини таъминлайдиган муҳит бўлиб, бизнес субъектлари фаолиятига таъсир этувчи ташқи ва ички омилларни ўз ичига қамраган бўлади, мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.
Ишбилармонлик муҳити — инвестицион, институционал, рақобат ва корхонанинг ички ва ташқи саъй-ҳаракатларида устуворроқ бўлган ишчанлик муҳитидир. Ишбилармонлик муҳитини шаклланишида маъмурий ва ҳуқуқий тартибга солиш органлари, ижтимоий ва бозор инфратузилмалари, молиявий ресурслар, меҳнат ресурслари, табиат, ер ва кўчмас мулк каби компонентлар муҳим аҳамиятга эга.
Ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш учун энг аввало уни қулайлаштирувига ва ривожланишига таъсир этувчи омилларни ўрганиш ва бу каби омилларни кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни қўриш, шу билан бирга, давлат ва бозор механизмларини ўзаро мувофиқ тарзда ишлашини таъминлаш мақсадга мувофиқдир.
Ишбилармонлик муҳити муайян ҳудудда шаклланиб борар экан, энг асосий таъсир этувчи омиллар қуйидагилардир: сиёсий омил; иқтисодий омил; ижтимоий омил; ҳуқуқий омил. Бу омиллар ушбу муҳитини рағбатлан-тирувчи ёки уйғунлаштирувчи кўринишда бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ушбу муҳитдаги ўзгаришлар кичик бизнес субъектларининг фаолиятига ўзиниг у ёки бу даражадаги таъсирини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |